Линклар

Шошилинч хабар
25 сентябр 2021, Тошкент вақти: 05:46

Ўзбекистон ҳудудида аввал ҳеч кимга маълум бўлмаган динозавр қолдиқлари топилди


Янги аниқланган динозавр турига Dzharatitanis kingi номи берилди. Иллюстратив сурат.

Вашингтондаги Смитсон институти палеонтологи Ханс-Дитер Сьюз ва Россия Фанлар академияси аъзоси Александр Аверьянов Ўзбекистонда янги аниқланган динозавр турига Dzharatitanis kingi (қисқача D. kingi) номини бердилар.

Биринчи сўз Қизилқум чўлининг динозавр қолдиғи топилган Жарақудуқ ҳудуди номидан олинган. Иккинчи сўз эса олимларга кўмаклашган марҳум олим Кристофер Кингнинг исмидан олинган.

2016 йилда Аверьянов, Зьюс, Стивен Брюсатти, Эми Мюира ва Ен Б. Батлер Ўзбекистон ҳудудида аниқланган бошқа бир динозаврга Timurlengia, яъни Амир Темур номини берган эди.

Олимларнинг сўзларига кўра, Ўзбекистонда топилган динозавр диплодоклар каби зауропод ёки завропод бўлиб, ўт еб тирикчилик қилган. D. kingi зауроподларнинг умуртқа поғонаси ўзгача тури – rebbachisaurid намунаси бўлиб, ушбу гуруҳ вакиллари бундан олдин фақат Шимолий Африка, Европа ва Американинг айрим қисмларида топилган эди.

Диплодоклар Ерда яшаган энг улкан жонзот бўлиб, Ўзбекистонда топилган янги тур вакиллари ҳам икки қаватли автобусга иккита келади. Сьюзнинг сўзларига кўра, бундан 90-100 миллион йил олдин, яъни Бўр даврида яшаган ушбу динозаврнинг узунлиги 15-20 метрга етган бўлиши эҳтимолдан холи эмас.

Айнан шунинг учун ҳам динозавр ҳақида PLoS One илмий журналида эълон қилинган илмий мақола «Осиёдан илк rebbachisaurid зауропод динозаври» деб номланади.

Бошқа зауроподлар каби D. kingi ҳам узуқ, новча бўйинли ва узун думли бўлган ва нисбатан кичкина бошга эга бўлган.

Сьюз ва Аверьянов динозаврнинг фақат думидаги умуртқа поғонаси қолдиқларини топишга муваффақ бўлган. Шунинг учун жонивор ўлганида неча ёшда бўлгани ва қанча катта бўлганини аниқ айтиб бўлмайди.

-Биз ҳар доим янги динозаврларни топамиз, аммо бундан олдин ушбу динозаврни ўз ичига олувчи гуруҳ Марказий Осиёда яшаганини кўрсатувчи ҳеч қандай далил топилмаган эди, - деди Лондондаги Табиат тарихи музейи ходими Пол Барретт.-
Шундай экан, ушбу гуруҳ қанчалик кенг тарқалган бўлгани тўғрисида янги маълумотга эга бўлдик.

«Биз ҳануз Бўр даврида жониворлар қандай тарқалганини аниқлаш устида ишлаяпмиз, чунки ўша даврда Европа асосан катта-кичик ороллардан иборат бўлган, шарқда эса Осиё улкан ер массаси бўлган. Бу ер массаси Шимолий Америка билан туташ бўлган», - деди Сьюз.

Олимларнинг тахминларига кўра, D. kingi ўша пайтда Европани Осиё билан боғлаб турган ер бўлаги орқали Марказий Осиёга етиб борган бўлиши мумкин.

XS
SM
MD
LG