Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 03:42

Ўзбек мусаввираси пандемия давридаги Тошкентни суратларда акс эттирди


Ўзбекистондаги карантинга атаб чизилган расм. Рассом Анна Иванова.
Ўзбекистондаги карантинга атаб чизилган расм. Рассом Анна Иванова.

Тошкентлик 49 яшар рассом Анна Иванова Covid-19 боис карантин жорий қилинган Ўзбекистон пойтахти манзараларини туркум суратларда акс эттирди.

Карантин жорий қилинган март охиридан бери ўтган даврда мусаввира коронавирус хроникаси акс этган юзлаб суратларни чизди.

Суратларда карантин жорий қилинган Тошкент кўчаларидаги кундалик ҳаëт акс этган.

Ўзбекистондаги таниқли рассомлардан бири бўлган Анна Иванова Озодлик билан суҳбатда “Вирус даври эпопеясини” расмларда акс эттириб келгуси авлодларга етказиш ниятида” бу ишга қўл урганини айтади:

- Инсоният турли даврларни бошдан кечирган. Масалан, Тош даврида одамлар нима билан машғул бўлганини ўша давр рассоми қояларга чизиб кетган асарлар орқали биламиз. Ўрта асрларда юз берган эпидемиялар ҳақида эса ўша давр рассомлари чизган асарлар орқали ҳабар топамиз. Масалан Катта Питер Брейгель 1562 йилда чизган “Ўлимнинг ғалабаси” деган асарида ўша даврда юз берган ўлат эпидемияси даҳшати тасвирланган. Ҳозир, албатта, ҳамманинг қўлида фотога олиш ускунаси бор. Лекин рассом нигоҳи фотоаппарат илғамаган қирраларни ҳам акс эттиради. Бир тошкентлик сифатида шаҳримнинг​ бугунги ташвишли кунларини сурат қилиб чизишни вазифа деб билдим.

Анна Иванова асари
Анна Иванова асари

Рассом Анна Иванова картон қоғозга акварель¸ гуашь¸ акрил¸ рангли қалам ва мойли пастель таëқчалари билан чизади.

Унинг асарларини кўздан кечирган санъатшунос Абдумалик Турдиевнинг айтишича¸ бу расмлар суд жараëни хроникасини акс эттирадиган услубда чизилган:

- АҚШ ва яна кўплаб давлатларда суд залида фото ва видео тасвир олишга изн йўқ. Рассомларга бу жараëнни чизишга рухсат бор. Етакчи нашрлар рассомларни ëллаб суд мажлисига юборади. Рассом тезлик билан суд залида қоралама суратлар чизади. Бундай расмларни ҳабарлар лентасида кўргансиз. Анна чизган расмлар ҳам шу руҳда​. Бу эса расмлардаги драматизмни кучайтиради. Мамлакат пойтахти ҳам худди суд залидаги одамлар каби "охири қандай бўлар экан?" деган ташвиш билан яшамоқда. Кинода катастрофа деган жанр бор. Анна чизган суратлар катастрофа даври манзараларидир.

Анна Иванова чизган асар
Анна Иванова чизган асар

Аннанинг ўзи Озодлик билан суҳбатда бу жанрга қандай кириб келганини айтиб берди

- Ҳозир кўп рассомлар вирус эпохаси қизиқ ва актуалми¸ деган саволни ўзига бермоқда. Вирус давридан олдинги кўп артпроектлар эскириб ҳам қолди. Вирус давридаги кундалик ҳаëтни расмларимда акс эттиришга ўзим учун қарор қилдим. Карантиндан олдин ҳам бозорларга бориб расм чизардим. Тармоқда Евгений Русак деган рус рассоми пандемия даври манзаларини чизаëтганини кўриб қолдим. Русак пандемиянинг ҳақиқий хроникасини ўз суратларида акс эттирган. Кўча¸ поликлиника¸ метро ва касалхоналарнинг карантин пайтидаги кўринишлари Русакнинг моҳир қўллари чизган суратларда бутун даҳшати билан намоëн бўлган. Мен Русакчалик даҳшатли ва Русак каби маҳоратли чизмасамда¸ қўлдан келганча ҳаракат қиляпман. Кўпинча ийманаман. "Биз дард чекаëтган пайтда расм чизяпсан" деган таънали нигоҳлар​ билан ҳам юзма-юзман. Ўзбекистонда касаллар нисбатан оз. Ўзига хос карантин чоралари эса ҳаммага таъсир қилди. Бозор эса менинг илҳом манбаим сифатида қолди. Янги персонажлар кириб келди. Дезинфекторлар¸ скафандрли назоратчилар¸ автомат кўтарган солдатлар...

Рассом Анна Иванова карантин тугаганидан кейин бу расмларни кўргазмага қўймоқчи.

Аллақачон Берлин ва Прагадаги арткураторлар бу расмлар билан қизиқа бошлашди.

Фрида Кало билан беллашадиган рассом

Анна Иванова 1971 йили Тошкентда туғилди. 1993 йили Низомий номли ТДПУнинг бадиий графика факультетини тугатди. 1994 йилда Лондондаги Gallery at Cork street музейида асарлари намойиш қилиниб илк бора халқаро мунаққидлар эътиборига тушди. Рассомнинг 2002 йилда Нью-Йорк шаҳридаги World Fine Art галереясида намойиш қилган асарлари эса тижорий муваффақият қозонди.

Рассом 2019 йили Олмаота шаҳридаги “Ислом маданияти фестивали” доирасида - ArtLane санъат марказида “Мамлакатим ва инсонларим манзаралари” деган туркум асарларни намойиш қилди.

Иванованинг устози¸ тошкентлик рассом Янис Салпинкиди Озодлик билан суҳбатда уни “Фрида Кало¸ Сергей Паражанов¸ Мартин Рамирес, Анри Руссо каби рассомлар билан беллаша оладиган ижодкор дея таърифлади.

Коронавирус илҳоми

Ўлат , оспа, холера, испанка – ўтган асрда бу эпидемиялар дунëни даҳшатга солган бўлиши баробарида рассомларга илҳом ҳам берган.

Масалан француз рассоми Никола Пуссен ўзининг “Ашдодда ўлат” номли асарида одамлардаги қўрқув ҳиссини тасвирлайди.

Санъатшунос Абдумалик Турдиевнинг айтишича¸ экстремал шароитда бурчакка тиқилган одам изтироби рассомларни ўзига жалб қиладиган магнитдир:

- Янги ва кутилмаган ҳолатга тушган одам кечинмаси ва хаяжони рассом учун жуда қизиқ. Рассом учун эпидемия бу воқелик деган эшикни очадиган янги калитдир. Карантин бошланиши билан энг таниқли ва бозори чаққон ўзбек рассоми Бобур Исмоилов ниқоб таққан аëл расмини чизиб кўргазмага қўйди. Илхом театри артистлари бу расм асосида хореографик скетч ҳам қилишди. Эпидемиягача ҳеч ким танимаган рассом эпидемия пайтида бирдан машҳур бўлиб кетиши мумкин. Масалан Антуан Гро (1771-1835) деган француз рассомини ҳеч ким танимаган. Эпидемия темасида разм чизгани учун бир кунда машҳур бўлган эди. Рассом чизган «Наполеон Бонапарт Яффодаги ўлат теккан аскарларни зиëрат қилди” деган асар бу жанрдаги энг мукаммал тасвир сифатида қадрланади.

Рассом Евгений Русак асари
Рассом Евгений Русак асари

Абдумалик Турдиев бундан 100 йил олдин Европада миллионлаб кишилар ëстиғини қуритган испан гриппи даҳшатини фотографлар эмас¸ балки рассомлар самарали акс эттирганини айтади.

- Эгон Шиле деган рассом бўлган. 1918 йили у 28 ëшда эди. Машҳур рассом Густав Климтнинг шогирди эди. Унинг испан гриппи ҳақидаги “Оила” деган асари рангтасвир тарихи дарсларида “мусибат санъати”нинг олий намунаси сифатида ўқитилади. Расмда Эгон Шиленинг ўзи¸ Эдит исмли хотини ва бир болакай тасвирланган. Улар бу расм чизилганидан бир кун ўтиб испан гриппидан ўлишади. Орадан уч кун ўтиб Эгон Шиленинг ўзи ҳам вирус юқтириб оламдан ўтди.

Пандемия тошойнаси

Таниқли ўзбек рассоми¸ 47 яшар Бобур Исмоилов 25 март куни коронавирус мавзусидаги рангтасвир асарини Тошкентда жамоатчиликка тақдим қилган эди.

Бобур Исмоилов асари
Бобур Исмоилов асари

Ўзбек тасвирий санъатини халқаро кўргазмаларда тамсил қилиб келаëтган рассом Бобур Исмоилов Озодлик билан суҳбатда ижодкорнинг вазифаси бугунги борлиқни акс эттириш деб билишини айтади:

- Рассом асари бу ўзига хос тошойна. У бугунги кунимизни акс эттиради. Мен чизган асар қаҳрамони тиббий ниқоб тақиб олган. Аммо у ўзининг гўзаллигини ўйлаб¸ қулоғига сирға тақмоқда. Демак атрофда фалокат юз берса ҳам¸ аëл киши гўзалликка талпинади. Шуни акс эттирдим.

XS
SM
MD
LG