Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 18:19

Қамоқдаги блогер Отабек Сатторийга янги айблар қўйилди. У 1 ойдан буён яқинларига кўрсатилмаяпти


Отабек Сатторий Telegram ва YouTube порталидаги “Халқ фикри” видеоблогидаги танқидий чиқишлари билан танилган
Отабек Сатторий Telegram ва YouTube порталидаги “Халқ фикри” видеоблогидаги танқидий чиқишлари билан танилган

Шу йилнинг 30 январь куни товламачиликда гумон қилиниб ҳибсга олинган сурхондарёлик блогер Отабек Сатторийга нисбатан Жиноят кодексининг 39-моддаси 3-қисми “а,г” бандлари (Туҳмат) ҳамда 140-моддаси 3-қисми “а” банди (Ҳақорат қилиш) билан янги айблов эълон қилинган.

ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти 1 март куни тарқатган хабарда айтилишича, янги айблар 24 февраль куни қўйилган ва шу куни Сатторий устидан дастлабки тергов жараёни якунланган.

Яқинлари Отабек Сатторийнинг 1 ойдан буён ўзларига кўрсатилмаётганини айтишмоқда. Опаси Фарангиз Алимованинг 1 март куни Озодликка айтишича, у укасига нисбатан илгари сурилган янги айбловдан бехабар.

"Шанба куни адвокат билан гаплашдик. У ҳам янги айблов ҳақида индамади. Айблов хулосасини ҳали бермабди. Прокурор қўл қўймаган экан. Ҳар-хил одамлар бизга келиб, Отабекка қарши кўрсатма бер дейишаётганини айтиб беришди", - деди Фарангиз Алимова.

Унинг сўзларига кўра, Отабек Сатторий 15 кун давомида Термиздаги тергов ҳибсхонасида сақланган, кейин қамоқхонага ўтказилган.

"Ҳеч нарса билмаймиз. Дадам учрашув сўраб, телефон қилса, терговда кўриш мумкинмас, деб айтишди", - деди Озодликка Фарангиз Алимова.

Отабек Сатторий Telegram ва YouTube порталидаги “Халқ фикри” видеоблогидаги танқидий чиқишлари билан танилган.

У 30 январь куни соат 17 ларда Термиздаги уйидан фуқаро кийимидаги ходимлар томонидан олиб кетилганди. Шу куни кечқурун соат 10 да, яқинларининг айтишича, Отабек Сатторийнинг хонадонида тинтув ўтказилган. Сатторийга қарашли иккита компьютер процессори, курткаси, 5 та флэшка ҳамда ўғлининг ўйин ўйнайдиган планшети олиб кетилган. Ички ишлар вазирлиги Сатторийнинг товламачиликда гумон қилинаётганини айтган ва у блогерлик фаолияти учун таъқиб қилинаётгани ҳақидаги фаразларни рад этган.

1 февраль куни Сурхондарё ИИБда ўтган ёпиқ маҳкама Отабек Сатторийга нисбатан қамоқ эҳтиёт чорасини белгилаган. Яқинларига кўра, 3 февраль куни вилоят суди биносида ўтган иккинчи ёпиқ маҳкамада адвокатнинг эҳтиёт чорасини ўзгартириш ҳақидаги талаби рад этилган.

"Тўлдирилган" айблов

Терговнинг иддао қилишича, ҳозирда қамоқда сақланаётган 41 яшар Отабек Сатторий 2020 йилнинг июнь ойидан 2021 йилнинг январь ойига қадар бўлган вақт оралиғида “фуқароларнинг сир сақланиши лозим бўлган маълумотларини ошкор қилиш билан қўрқитиб ўзгадан мулкини, мулкий ҳуқуқини топширишини, мулкий манфаатлар беришини, мулкий йўсиндаги ҳаракатлар содир этишини талаб қилиб” келгани аниқланган.

“Олиб борилган тергов ҳаракатлари натижасига кўра, Сурхондарё вилояти ИИБ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан 2021 йилнинг 24 февраль куни Сатторий Отабек Абдуманонзодага Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 165-моддаси 2-қисми “а”,“б” бандлари ва 3-қисми “а” банди (Товламачилик), 139-моддаси 3-қисми “а,г” бандлари (Туҳмат) ҳамда 140-моддаси 3-қисми “а” банди (Ҳақорат қилиш) билан аввалги айблов тўлдирилиб, шу куни дастлабки тергов тамомланган”,-дейилади расмий билдирувда.

Термиз шаҳар судининг 1 февраль куни чиқарган ажримида блогер Шеробод туманидаги деҳқон бозори раҳбарини бозордаги камчиликлар тасвирга туширилган видеони тарқатиб юбориш билан таҳдид қилиб, янги телефон таъма қилгани ҳақида сўз боради.

Аммо яқинлари блогер , ўтган йил декабрида бозордаги салбий ҳолатларни ўрганиш чоғида ҳужумга учраганини айтишмоқда. Уларнинг сўзларига кўра, ҳужум вақтида Отабек Сатторийнинг телефони синдирилган.

ИИВ Тергов департаменти блогерга нисбатан очилган жиноят иши юзасидан расмий хабарда келтирган айблов эпизодини депутат Расул Кушербоев ҳам савол остига олган.

"Отабек бир неча ой олдин жамоатчилик назорати учун Шеробод туманидаги бозорда нарх-наволарни телефонига тушираётганида бозорнинг бир нечта зўравон ходимлари келиб, уриб уст-бошини йиртиб, телефонини синдириб ташлашган.

Кейин у ИИБга ариза бериб, ўша заҳоти бозордаги «зўравонлик» бўйича туман ҳокимига учрашган. Туман ҳокими Отабекка бу воқеаларни интернетга чиқармасликни илтимос қилиб, унга синдирилган телефон ўрнига товон тариқасида янги телефон олиб беришларини ва шу йўл билан етказилган зарар қопланишини ваъда берган экан", деб ёзган Кушербоев 5 февраль куни ўзининг Телеграм каналида.

Отабек Сатторийнинг опаси Фарангиз Алимованинг 1 март куни Озодликка айтишича, унинг онаси ҳамда келини, Сатторийнинг аёли Наргиза Жабборова Шерободдаги ҳодиса юзасидан терговга чақирилган. "Терговчи улардан Шеробод бозорида нима бўлган, ҳақиқатан телефонини синдиришганми, деб сўрабди. Яхши муомала қилибди", - деди Озодликка Фарангиз Алимова.

Яқинлари Отабек Сатторийга қўйилган айбларни бевосита унинг блогерлик фаолияти билан боғлашади.

"У коррупцияга ва коррупционерларга қарши чиқишлар қилди, халқнинг ижтимоий муаммоларини кўтариб чиқди, уларни ижтимоий ҳимоя қилишга бел боғлаганди. Унинг барча чиқишлари президентнинг коррупцияга қарши курашга доир қарори доирасида эди. Лекин афсуски, охири мана шундай вой бўлиб ўтирибди”, - деб айтган қамоқдаги блогернинг отаси Абдуманнон Сатторий 9 февраль куни Озодлик билан суҳбатда.

Айни пайтда яқинларининг айтишича, Отабек Сатторийнинг адвокати Шавкат Шокиров уларга номаълум сабабларга кўра, "ишни судгача олиб боролмаслиги"ни айтган. Яқинлари янги адвокат ёллашга ҳаракат қилишаётганини айтишди. Озодлик адвокат Шокировга ҳозирча боғлана олмади.

Халқаро чақириқлар

Парижда жойлашган "Чегара билмас мухбирлар" ташкилоти блогерга қарши жиноят иши Сурхондарёдаги коррупция ҳолатларини яшириш мақсадида уйдирилган айбловлардан иборат"лигини айтган.

11 февраль куни эълон қилинган баёнотда ташкилот Ўзбекистон расмийларини " блогерни зудлик билан озод қилиб, унга қарши барча маҳкамаларни тўхтатишга" чақирган.

Нью-Йоркда жойлашган Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси - CPJ Ўзбекистон ҳукуматини ҳибсга олинган блогер Отабек Сатторийни озод қилишга чақирди. Ташкилотнинг ишонишича, блогер коррупцияга қарши курашгани ортидан сохталаштирилган жиноят иши асосида қамоққа олинган.

Ҳьюман Райтч Уотч инсон ҳуқуқлари ташкилоти 15 февраль кунги баёнотида Сатторийга қарши "шубҳали жиноият иши Ўзбекистондаги сўз эркинлигига зарба" эканини айтган. Ташкилот Сатторийни тергов ҳибсхонасидан озод қилишга чақирган.

XS
SM
MD
LG