Линклар

Шошилинч хабар
10 май 2024, Тошкент вақти: 21:09

OzodDayjest: Қашқадарёда ошхоналарга ит ва эшак гўшти тарқатган “тадбиркор” қўлга олинди


Фарзанди билан 9 йилдан бери кўчада яшаётган аёлга мутасаддилар ёрдам бермаяпти. Чақалоқ ўлимида айбланган шифокорга ҳукм ўқилди. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.

Қашқадарёда ошхоналарга ит ва эшак гўшти тарқатган шахс маҳкамага тортилди

Қашқадарё вилояти Қарши туманида яшовчи Иззатилла Соҳибов ошхоналарга ит ва эшак гўштини тарқатиб келгани аниқланди (“Даракчи”, 3 май).

Ушбу ҳолат жиноят ишлари бўйича Қарши шаҳар судининг очиқ мажлисида кўриб чиқилган. 62 ёшли И.Соҳибов одамлардан касалланган ва ўлган мол, ит ва эшак гўштини арзон-гаровга олиб, Қарши шаҳридаги ошхона ва чойхоналарда мўмай пулга сотган.

Маҳкама жараёнида И.Соҳибов истеъмолчиларнинг ҳаёти ва соғлиғига хавф туғдирувчи маҳсулот тарқатишда айбланган.

Жиноят ишлари бўйича Қарши шаҳар суди раиси Анвар Элмуродов судланувчига 8 миллион 612 минг сўм жарима тайинлаган. Судья А.Элмуродовга кўра, И.Соҳибов айбига иқрорлиги, пушаймонлиги, нафақахўрлиги боис унга шундай енгил жазо тайинланган.

Фарзанди билан 9 йилдан бери кўчада яшаётган ёлғиз онага кўмак лозим

Зангиотада туғилиб ўсган Меҳринисо Омонова 9 ёшли фарзанди билан кўчада яшашга мажбур бўлмоқда (“Оила даврасида”, 3 май).

Аёл писта, қурут каби майда-чуйдалар сотади, аммо топган даромади ўзи билан ўғлининг қорнини тўйғазишга аранг етади. Аллақачон ўқиш ёшига етган Бахтиёр Омоновни мактаблар қабул қилмаяпти, сабаби она ва боланинг муқим яшайдиган жойи йўқ. Эри эса электр токи уришидан ҳалок бўлган.

Маълум бўлишича, 10 йилча аввал Меҳринисо Омонованинг акаси уни қўрқитиб, ота-оналаридан қолган уй-жойга меросхўрликдан воз кечиш ҳақидаги ҳужжатга имзо чектириб олган.

Тўққиз йилдан бери фарзанди билан бошпанасиз, сарсон-саргардон юрган аёлга, қайта-қайта мурожаат қилганига қарамай, ҳеч бир мутасадди ташкилот, ҳеч бир раҳбар ёрдам бермаётир. Маҳалла-кўй Меҳринисо Омоновани енгилтаклик, дангасалик каби иллатлардан узоқда, деб таърифлаган.

Чақалоқ ўлимида айбланган шифокорга ҳукм ўқилди

Қашқадарё вилояти кўп тармоқли тиббиёт марказида педиатр сифатида фаолият юритган Акмал Хўжақулов лоқайдлиги ортидан гўдак ўлимига сабаб бўлди (“Ҳуқуқ”, 3 май).

А.Хўжақулов ишлаётган реанимация ва интенсив терапия бўлимига оғир аҳволдаги гўдак, туғилганига бир ой ҳам бўлмаган Муҳаммад Рашидов олиб келинган. Шифокор зудлик билан чақалоқни текшириб, жарроҳлик амалиёт ўтказиши лозим бўлган. Аммо у ичида қон ва йиринг йиғилиб, яшаш учун курашаётган гўдакка ўта лоқайд муносабатда бўлган. Шу тариқа гўдак 11 кун эътиборсиз қолиб кетган.

Кейинроқ операция қилинганида эса қорнидан бир литрга яқин йиринг чиққан. Аммо вақт йўқотилган эди. Шифохонага келтирилганига бир ой бўлганида гўдак вафот этган.

Жиноят ишлари бўйича Қарши шаҳар судида ўтган мажлисда шифокор А.Хўжақулов айбига тўлиқ иқрор бўлган. А.Хўжақулов 1 йилу 6 ой муддатга шифокорлик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқидан маҳрум этилиб, унга нисбатан 3 йил озодликни чеклаш жазоси тайинланган.

XS
SM
MD
LG