Линклар

Шошилинч хабар
07 декабр 2021, Тошкент вақти: 20:52

Қирғизистонда 13 ёшли қизни зўрлаган шахс оқланиши ортидан норозилик акцияси бўлиб ўтди (ВИДЕО)


Норозилик намойиши қирчиллама совуқда бўлиб ўтди.

Қирғизистонда аёлларга нисбатан жинсий зўравонлик жазосиз қолаётгани аҳоли ғазабига сабаб бўлмоқда. Мамлакатда яқинда 13 ёшли қизчани қайта-қайта зўрлашда айбланган шахслар оқланди.

12 декабрь куни пойтахт Бишкекда БМТ аёлларга нисбатан зўравонликка қарши ўтказадиган анъанавий 16 кунлик акция доирасида юриш бўлиб ўтди.

Акция ўтказилишидан бир кун олдин қирғиз суди Иссиқкўл вилоятида мактаб ўқувчисини зўрлашда гумон қилинган уч кишидан иккитасини оқлаган эди.

Суд эшитиши жараёни давомида бир неча бор ухлаб қолган судья айбланувчиларнинг бирини бор-йўғи 7 ярим йилга озодликдан маҳрум қилди.

Қирғизистонда суд 13 ёшли қизни зўрлаганликда айбланган икки кишини оқлади
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:04:40 0:00

Зўрлаганларнинг биридан ҳомиладор бўлиб қолган мактаб ўқувчиси аборт қилишга мажбур бўлди. Айни дамда у психологик травма марказида қолмоқда.

Қизнинг оила аъзолари сўзларига кўра, уч эркак уни олти ой давомида зўрлаган. Улар қизни видеога ёзиб олишган ва видеони синфдошларига кўрсатишларини айтиб, уни қўрқитишган.

Қизнинг отаси Озодлик ва Америка овози радиоларининг қўшма лойиҳаси бўлган «Настояшчее время» телеканали билан суҳбатда:

«Мен ҳеч қачон қизимнинг ҳаёти шундай кечади, унинг келажаги шунчаки оёқ ости қилинади, деб ўйламаган эдим», - деди.

«Адолат йўқ экан, мен қонунларга ишонмайман. Қизим ўлишни хоҳлаётганини айтмоқда», - деди ота.

Қирғизистонда аёлларга нисбатан зўравонлик кенг тарқалган. Kloop мустақил янгиликлар сайти мамлакатда аёлларнинг тўртдан бир қисми оиладаги зўравонликдан азият чекаётгани айтилган тадқиқотни манба ўлароқ келтирди. Бошқа бир тадқиқотга кўра, Қирғизистонда аёлларнинг 83 фоизи оилада камида бир марта психологик, жисмоний ёки жинсий зўравонликни бошдан кечирган.

Бошқа сўровнома шуни кўрсатдики, Қирғизистонда уч аёлдан биттаси эр хотинини калтаклаши учун эрнинг асосли сабаблар бор, деб ҳисоблайди. Улар рухсатисиз уйдан чиқиб кетиш, овқатни куйдириб юбориш, жинсий алоқадан бош тортиш ёки уй ишларини қилмаслик бундай сабабларга мисол бўла олишига ишонадилар.

Сўнгги йилларда Қирғизистон оиладаги зўравонлик олдини олиш учун қоғозда айрим чораларни кўрди. Хусусан, мамлакатда оилавий зўравонлик тўғрисида қатъийроқ қонун қабул қилинди. Аммо Human Rights Watch ташкилоти мамлакатда оиладаги зўравонлик жиноят эмас, ноўрин хатти-ҳаракат ўлароқ кўрилишини ва кўп ҳолатларда зўравонликка қўл урганлар енгил жазоланиши ёки умуман жазоланмаслигини айтиб келади.

Америка адвокатлар ассоциацияси 10 декабрь куни эълон қилган ҳисоботда Қирғизистон қонунчилик тизими аёлларни ҳимоя қила олмаётгани, аксинча, улар одил судловга эришишларига тўсқинлик қилаётгани айтилади.

«Қирғизистондаги гендер зўравонлигидан омон қолган аёллар адолат ўрнатилишига эришиш йўлида тўсиқларга дуч келмоқдалар ва кўп ҳолатларда адолатдан бутунлай маҳрум этилмоқдалар», - дейилади ҳисоботда.

XS
SM
MD
LG