Линклар

Шошилинч хабар
21 октябр 2020, Тошкент вақти: 12:52

Қирғизистонда бир гуруҳ норозилар “15 минг ишчи ўрни яратиладиган” лойиҳани бекор қилишга эришди


Отбошиликлар жорий йил бошидан норозилик митингларини ўтказа бошлаган эди.

Қирғизистон ҳукумати 17 февраль куни маҳаллий аҳолининг норозилик митингидан сўнг Отбоши туманида логистика маркази барпо этиш бўйича Хитой билан имзоланган шартномани бекор қилди.

Хитойлик инвестор қиймати 280 миллион долларлик бу лойиҳани амалга оширса 15 мингта иш ўрни яратилиши айтилган.

Бироқ отбошиликлар логистика маркази қуриладиган бўлса, хитойликлар оқими кўпайишидан ташвишланиб, жорий йил бошидан буён норозилик митингларини ўтказа бошлаган эди.

“Норин” эркин иқтисодий ҳудуди раҳбари Артур Байтерековнинг билдиришича, логистика марказини “Отбоши Қирғиз-Хитой эркин савдо ҳудуди” ширкати 200 гектар майдонда барпо этиши лозим эди. Шартномага асосан бу ер Хитой ширкатига 49 йилга ижарага берилиши белгиланган.

“Шартнома бекор қилингани ортидан инвестор сарфлаган 43 миллион сўм (тақрибан 614 минг доллар)дан ортиқ маблағни қайтариш тўғрисида ҳукуматга хат тайёрлаяпмиз”, - деди Артур Байтереков.

Бош вазир Муҳаммедқалий Абилғазиев парламентнинг 5 февраль кунги мажлисида “Отбоши тумани аҳолиси мазкур логистика мажмуасининг очилишини хоҳлаётганини, фақат 20-30 кишигина бунга қарши чиқаётгани”ни айтган эди. Унинг таъкидлашича, инвестор бу лойиҳа учун 280 миллион доллар сарфлаши ва 15 мингта иш ўрни яратиши режалаштирилган.

Бироқ отбошиликлар логистика маркази қуриладиган бўлса, хитойликлар оқими кўпайишидан ташвишланиб жорий йил бошидан норозилик митингларини ўтказа бошлаган эди.

Расмийларнинг билдиришича, Хитой билан шартноманинг бекор қилинишига 17 февраль куни ўтказилган сўнгги митингда бир неча минг одам иштирок этгани туртки бўлди. Маълумотларга қараганда, митингда 2 мингдан ортиқ одам иштирок этган. Йиғилганлар ҳукуматдан марказ қурилиши бўйича қарорни бекор қилишни талаб қилган.

Қурилишга қарши бўлаётганлар, логистика маркази учун ижарага берилган ерлар яйлов эканини айтиб, кейинчалик бу жойлар Хитойга бутунлай ўтиб кетади деган ҳавотирларни билдирган.

Ҳукумат 2000- йиллар бошидан бери Отбошида савдо терминали қурилишини режалаштириб, инвестор излаб келади.

Иқтисодий сиёсат бўйича эксперт Бозорбой Мамбетов Хитой билан шартноманинг бекор қилиниши ҳукуматнинг иродасизлигини намойиш қилди, деб ҳисоблайди.

“Норозилар “кон бойликларимизни хитойлар босиб олади”, деган ҳавотирларни билдиришиаяпти. Албатта, ҳукумат зарур чора-тадбирларни ишлаб чиқиб, норозиларни тартибга чақириб қўйса бўлар эди. Бироқ бунга ҳукуматнинг иродаси етмаяпти”, - деди эксперт.

Шарҳларни кўринг (5)

Бу форум ёпилган
XS
SM
MD
LG