Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 17:19

Қирғизистон Хитойдан олган улкан қарзларини қандай қайтаради?


Хитой президенти Си Цзиньпин ва Қирғизистоннинг собиқ президенти Сооронбай Жээнбеков Бишкекдаги ШҲТ саммитида - 13 июнь, 2019
Хитой президенти Си Цзиньпин ва Қирғизистоннинг собиқ президенти Сооронбай Жээнбеков Бишкекдаги ШҲТ саммитида - 13 июнь, 2019

Иқтисодий қийинчиликни бошдан кечираётган Қирғизистон улкан давлат қарзи юкини ҳис қила бошлади. Мамлакат расмийлари йилдан-йилга ошиб бораётган кредитларни тўлаш учун кескин чора кўриш ҳақида бош қотирмоқда.

Хабарларга кўра, Қирғизистоннинг ташқи қарзи 5 миллиард долларни ташкил этади ва унинг 40 фоиздан ортиғи (1,8 миллиард доллар) сўнгги ўн йил ичида Хитойнинг «Бир камар, бир йўл» (Belt and Road Initiative) лойиҳаси доирасида Хитой экспорт-импорт банкидан олинган.

2020 йилда Қирғизистон ялпи ички маҳсулоти 8,6 фоизга қисқарди. Натижада мамлакат ўз қарзини қайтара олмаслиги ёки ҳатто фоиз тўловларини бера олмай қолиши мумкинлиги ҳақида хавотирлар пайдо бўлди.

Қирғизистоннинг янги президенти Садир Жапаров 13 февраль куни «Қабар» агентлигига берган интервьюсида «агар биз [қарзнинг] бир қисмини ўз вақтида тўламасак, кўплаб мулкларимиздан жуда бўламиз», деб айтди.

«Бунақа шартларга асосланган битимларни [собиқ президент Алмазбек] Атамбаев имзолаган. Аммо Худо хоҳласа, барча қарзлардан ўз вақтида халос бўламиз. [Бу борада] режалар мавжуд», - дея қўшимча қилди Жапаров.

Аммо бу режалар нимадан иборатлиги номаълум бўлиб қолмоқда.

Жапаров интервью давомида Хитойни тилга олмаган бўлса-да, мамлакатда Бишкек Пекин олдидаги қарзлардан қандай қутулиши масаласи кенг муҳокама қилинмоқда.

Бошқа кўплаб давлатлар, жумладан, Қозоғистон, Тожикистон ва Покистон Хитойдан йириқ миқдорда қарз олган бўлиб, COVID-19 пандемияси ортидан юзага келган иқтисодий инқироз сабабли Қирғизистон каби мушкул аҳволга тушиб қолди.

Пекин бугунга қадар Қирғизистон каби молиявий жиҳатдан қийин аҳволга тушиб қолган мамлакатлар учун баъзи кредит тўловларини кечиктиришга тайёр эканини изҳор қилиб келади. Аммо Хитой расмийлари қарздан бутунлай кечиш истагини билдиргани йўқ.

Сўнгги ойларда расмий Бишкек Жетим-Тоо (Етим тоғ) темир конини ишга туришиш масаласини кўриб чиқмоқда. Айрим ҳукумат танқидчиларига кўра, мамлакат расмийлари Пекинга қарзларни тўлаш учун даромадли конни ишлатиш ҳуқуқини Хитойга сотиши ёки бутунлай хитойликлар тасарруфига ўтказиб бериши мумкин.

Президентликка номзод сифатида Жапаровнинг ўзи ҳам Хитойга давлат қарзини тўлаш учун Жетим-Тоодан фойдаланиш ғоясини илгари сурган эди. Аммо Қирғизистон Миллий банки конга эгалик ҳуқуқи ҳукумат қўлида қолишини айтиб келади.

Айрим расмийлар мамлакатнинг энергетика соҳаси бошқарувини қисман қарз берган мамлакатларга ўтказиб бериш масаласини ўртага ташладилар. Хусусан, мамлакат қарзларидан қутулиш учун шундай чора кўриш ғоясини 22 февраль куни парламент депутати Ақил Жапаров (президент билан алоқаси йўқ- таҳр.) кўтарди.

22 февраль куни Жапаров Хитой президенти Си Цзиньпин билан биринчи марта телефон орқали суҳбатлашди. Суҳбат Бишкек ва Пекин ўртасидаги муносабатлар танг бўлиб қолаётган бир пайтга тўғри келди. Миллатчи қарашларга эга Жапаров ўтган йилнинг 4 октябрида бўлиб ўтган парламент сайловлари ортидан бошланган оммавий тартибсизликлар фонида қамоқдан бўшатилиб, ҳокимият тепасига келган эди.

Тартибсизликлар ортидан Қирғизистондаги хитойлик тадбиркорлар ва фуқаролар ҳужумга учради, натижада расмий Пекин Қирғизистоннинг Хитойдаги элчиси Қанайим Бақтигуловани чақиртириб, ўз фуқароларининг хавфсизлигидан хавотир изҳор қилди.

Пандемияга қадар Қирғизистон ўз қарзларини тўлаб бораётган эди, аммо COVID-19 туфайли юзага келган молиявий муаммолар мамлакат иқтисодиётини издан чиқарди.

Баъзи мутахассисларнинг айтишларича, Хитой минтақадаги ва глобал миқёсдаги обрўсига путур етказишни истамайди ва шунинг учун Қирғизистондаги активларни ўз назорати остига олишга ошиқмаслиги мумкин.

XS
SM
MD
LG