Линклар

Шошилинч хабар
29 апрел 2024, Тошкент вақти: 04:51

Ҳуқуқ фаоллари Россияда патент ва регистрацияни вақтинча бекор қилиш талаби билан чиқди (ВИДЕО)


Муҳожирлар патент тўловлари ва регистрацияни бекор қилиб туришни сўрамоқда
Муҳожирлар патент тўловлари ва регистрацияни бекор қилиб туришни сўрамоқда

Россиялик инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ва меҳнат муҳожирлари ҳимоячилари ишга рухсатнома учун ойлик тўловларни ҳамда миграция қайдини коронавирусга қарши тадбирлар якунига қадар бекор қилиб туриш талаби билан чиқди.

Агар шундай қилинмаса, Change.org сайтида бошланган овоз йиғиш ташаббусчилари фикрича, ишсиз қолган Россиядаги аксар мигрантлар нолегал ҳолатга ўтиб кетиши мумкин.

Россияда қолаётган меҳнат мигрантлари талабларини овоза қилган бир гуруҳ ҳуқуқ фаоллари ишга рухсат берувчи патентларнинг ойлик тўловлари ва миграция қайдига туриш тартибини коронавирусга қарши фавқулодда ҳолат якунига қадар бекор қилиб туришни сўраб чиқди.

Бунинг учун Change.org Интернет платформасида улар томонидан Россия ҳукуматига аталган махсус петиция остида имзо йиғиш бошланди.

“Ҳозирда Россия иқтисодиёти, айниқса йирик шаҳарлар иқтисоди мигрантларга суяниб қолган. Мигрантлар қурилишда 80%, озиқ-овқат ишлаб чиқариш ва маиший хизмат соҳасида 60%, курьерлик хизматида 90 % ва коммунал хўжалик соҳасида ишчиларнинг 70% ини ташкил этиб келади. Ўзини-ўзи изоляция қилиш режими туфайли муҳожирларнинг аксар қисми маош ва ишларини йўқотди.

Улар патент ва квартира ижараси ҳақини тўлаш ёки бир ойга озиқ-овқат ғамлаш танлови олдида турибди. Улар патент ҳақини тўласа - биз Россияда ижтимоий алоқалари узилган ва чегаралар ёпилгани туфайли юртига қайта ололмаётган оч-наҳор ғазабланган одамлар армиясига эга бўламиз”, дейилади петиция остида келтирилган тушунтириш хатида.

Ҳуқуқ фаоллари давлат идораларининг карантин режимига чиқиши меҳнат мигрантларини миграция қайдига туриш имконидан ҳам маҳрум этаётганига эътибор қаратди.

“2,5 миллиондан зиёд қонун асосида ишлаб келаётган ва Россия иқтисодини ушлаб турган мигрантлар нолегал ҳолатга ўтиб кетиши мумкин. Бу ҳолат эса Россиядаги юз минглаб майда ва ўрта бизнес субъектларини хонавайрон қилиши, натижада - россияликларга зарурий бўлган хизмат ва товарлардан маҳрум этиши мумкин,” деб ёзади петиция ташаббусчилари.

Россиялик мигрантлар ҳимоячилари Россия ҳукуматига:

1. Ишга рухсат берувчи патент тўловлари;

2. Миграция қайдига туриш ва уни узайтириш мажбурияти;

3. Россия Федерациясида қолаётган хориж гражданлари миграцион мақомини ҳар қандай йўллар билан текширишни ВАҚТИНЧА ТЎХТАТИБ ТУРИШ талаби билан чиқди:​

Озодлик эпидемия туфайли чегаралари ёпилган Россияда қолаётган ўзбекистонлик муҳожирлар моддий аҳволи ёмонлашиб бораётгани, уларнинг ишсиз қолган катта қисми патент ва регистрация тўловларини амалга оширишга маблағи қолмагани тўғрисида хабар бериб келмоқда.

Юзага келган вазиятда Интернет тармоқларида "#нетденегнапатент" (патентга пул йўқ) ҳештеги остида флешмоб бошланиб кетди.

Патент ва регистрацияни вақтинчалик тўхтатиб туриш аризаси ташаббусини бошлаб берган мигрантлар бепул юристи Валентина Чупик Озодлик билан суҳбатда Россия ҳукумати бу талабларни бажармаса мамлакатда миграция ва криминоген вазият мураккаблашади, деган фикрни билдирди:

- Патент ва миграция қайди бекор қилинмаса, одамларда легаллашишга пули қолмайди, улар ҳуқуқий мақомини ўзгартиришга мажбур бўлади ва Россияда нолегал ҳолатдагилар армияси вужудга келади! Кейин уларни легаллаштиришнинг имкони бўлмай қолади, кейин уларни ҳужжатларни яна қайта тиклашга мажбурлаш қийин бўлади. 3-4 миллион одам қонунлар асосида яшамасликка ўтади. Бу ҳол эса ҳуқуқ мухофазаси идоралари, жумладан полицияда коррупцияни авжига чиқаради. Маҳаллий бюджетлар эса катта миқдорда тушумлардан мосуво қолади.

Ҳуқуқ фаоли бугунга келиб Португалия ва Чехияда, Қозоғистон ва Ўзбекистонда қолаётган хориж гражданлари миграция қайдига туриш мажбуриятидан вақтинча озод этилгани ва уларнинг меҳнат ҳуқуқлари маҳаллий гражданларникига тенглаштирилганини эслатиб ўтди.

Валентина Чупик меҳнат муҳожирлари учун ўта муҳим бўлган бу петицияни икки кунда атиги 600 га яқин одам имзо чекканидан таассуф ҳам билдирди.

Шу йилнинг 25 мартида Россия президенти 28 мартдан 5 апрелгача бўлган муддатни “ишламайдиган кунлар” деб эълон қилди. Бу чиқиш ортидан кўплаб минтақаларда мажбурий “ўзини-ўзи изоляция қилиш” режими киритилган эди.

1 апрель куни Россия президенти Владимир Путин коронавирусга қарши курашга қаратилган тадбирлар доирасида “ишланмайдиган кунлар”ни 30 апрелгача узайтирди.

Изоляция режими жорий қилинганига қарамасдан, Владимир Путин ҳукумати Россияда қолиб кетган меҳнат мигрантлари тўловларига оид бирор ўзгартиш киритгани йўқ.

XS
SM
MD
LG