Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 17:52

"АСР ВАБОСИ"ГА ҚАРШИ КУРАШДА ҚУРУҚ ГАПЛАРДАН АМАЛГА ЎТИШ ВАҚТИ КЕЛДИ


"Орттирилган иммун тақчиллиги синдроми" ёки ОИТС деярли барча тиллардан жой олиб улгурди. Инглиз тилида AIDS, рус тилида эса СПИД деб номланувчи мазкур касаллик сўнгги пайтларда ўзбек тилида ҳам тез-тез қайд этиладиган бўлиб қолди. Чунки Совет Иттифоқи парчаланиши билан ОИТС касаллиги пост-совет ҳудудларига ҳам етиб келди. Куни кеча Барселонада иш бошлаган БМТнинг Орттирилган иммун таҳчиллиги синдроми муаммоларига бағишланган халқаро анжуманида ҳам Собиқ Совет давлатларидаги мазкур ҳатарли касаллик билан боғлиқ таҳликали вазият муҳокама этилмоқда. Энди ОИТС билан боғлиқ айрим фактларни келтириб ўтсак. БМТ маълумотларига кўра, 1981 йилдан, яъни иммун тақчиллиги синдроми касаллиги илк бор пайдо бўлган кундан бошлаб, ундан дунёда 25 миллон киши нобуд бўлган. Ҳозирда ОИТС касалига чалинган 40 миллион киши қайд этилган. ОИТСга чалинган ҳар тўрт кишининг уч нафари Африка минтақасига тўғри келади. Шунга қарамай, ҳозирги кунда мазкур касаллик Шарқий Европа ва Марказий Осиё бўйлаб тез суръатларда тарқалишда давом этмоқда. Россияда ўтган йили ОИТСга чалинганлар сони 173 мингга етган. Бу эса, 1998 йилдагига қараганда икки баробар кўп демакдир. Бироқ, БМТнинг ОИТС муаммолари билан шуғулланувчи ташкилоти тарқатган маълумотларга кўра, Россия бўйича келтирилган мазкур рақам ундан-да кўп бўлиши мумкин. Энг ачинарли вазият Украинада кузатилган. 50 миллион аҳолисига эга бу давлатда ўтган йили ҳар юз кишининг бирида имун тақчиллиги вируси борлиги аниқланди. Озарбайжон, Эстония, Грузия, Қозоғистон, Қирғизистон, Латвия, Тожикистон ва Ўзбекистонда эса хавфли касалликдан ҳимояланиш чоралари кўрилмаётгани боис, ОИТСга оид кўрсаткичлар юксалишда давом этмоқда. Барселона анжуманида бевосита иштирок этаётган БМТнинг ОИТС масалалари бўйича идораси бош маслаҳатчиси Хеннинг Микелсенга (Henning Mikkelsen) кўра, агар вазият шундай ривожланиб борса, тез орада Марказий Европа иммун тақчиллиги касаллиги тарқалиши жиҳатидан хавфли минтақага айланиб қолиши ҳеч гап эмас.

"Ҳозирча биз бу ерда ОИТС вируси тез суръатларда тарқалмоқда, дея оламиз. Сўнгги пайтларда нафақат Россия ва Украинада, балки умуман собиқ Совет Иттифоқи давлатларида дахшатли манзарани кузатиш мумкин. Пост-совет макони сўнгги ўн йил ичида ОИТС вируси тарқалиши учун энг хавфли худудгаайланишга улгурди", - дея гапиради БМТ вакили.

Гарчи иммун тақчиллиги вируси собиқ совет ҳудудларига Африкадан кўра бироз кеч кириб келган бўлсада, ҳозирда касаллик тарқалиши маркази айнан шу минтақага тўғри келмоқда. Микелсен бунинг сабабларини пост-коммунист давлатлардаги ўтиш даври мураккабликлари билан изоҳлайди.

"Ўйлашимча, ўтиш даври оқибатлари ёшларда ўз аксини топмоқда. Улар жамиятда ўзларини ҳимоясиз ҳис этишмоқда. Пост-совет ҳудудларида мураккаб вазиятга тушиб қолган кўплаб ёшлар гиёҳвандларга айланмоқда. Улар жинсий алоқаларга киришар эканлар, хавфсизлик чораларини ўйламяптилар, - деб қайд этади Микелсен. Гарчи, бу давлатларда ОИТС касаллиги асосан "игнага ўтирган" гиёҳвандлар орасида тарқалган бўлса-да, Микелсенга кўра, сўнгги пайтларда унинг жинсий йўллар орқали тарқалиши кўпроқ кузатилмоқда. Айрим ҳолларда эса касаллик ҳақида етарли маълумотга эга бўлмаслик, ундан ҳимояланиш воситаларини билмаслик туфайли, кўплар унга тасодифан дучор бўлмоқда. Бундай холатлар асосан Марказий Осиё давлатларига хосдир. Барселона анжумани арафасида чиқарилган БМТ ҳисоботида айтилишича, Тожикистонда 15-19 яшар қизлар орасида ўтказилган сўровлар уларнинг 90 фоизи ОИТСга қарши превентив чоралар ҳақида билимга эга эмас эканликларини намойиш этган. Шу пайтгача ОИТСни даволашнинг самарали усули ишлаб чиқилмаган бўлса-да, БМТнинг ОИТС муаммолари бўйича бошқармаси, (UNAIDS) ушбу касалликка чалинганларни даволаш учун йилига миллонлаб долларларни сарфлайди. Яқинда кашф этилган дорилар эса анча қимматга тушиши мумкин ва учинчи дунё давлатларнинг уларни харид қилишга қурби етмайди. Шу боисдан БМТнинг ОИТС муаммолари билан шуғулланувчи идораси касалликка чалинганларни даволашдан кўра, унинг вақтида олдини олиш арзонроқ бўлишини айтмоқда. Бунинг учун эса UNAIDS дунё бўлаб ОИТС вирусини бартараф этиш борасида янги стратегияни ишлаб чиқди. Режа доирасида, ташкилот аҳоли орасида тарғибот ишларини кучайтириш, игнага ўтирган гиёҳвандлар орасида бир марта ишлатиладиган шприцлар ва презервативларни тарқатишни режалаштирмоқда. ОИТСга қарши янги стратегияни амалга ошириши учун ривожланган давлатлар йилига 10 миллиард доллар ажратиб боришлари керак бўлади. Барселона анжуманида чиқиш қилган Халқаро ОИТС жамияти президенти Стефано Велла (Stefano Vella) аср вабосига қарши кураш борасида давомли тортишувлар туфайли фурсат бой берилганини, ҳозир эса сўздан амалга ўтиш вақти келганини таъкидлаб ўтди.

"Мазкур анжумандан кўзланган мақсад ОИТСнинг олдини олиш билан боғлиқ тортишувларга чек қўйиш. Биз бу борада ойларни, балки йилларни бой бериб, кўплаб одамлар ҳаётини сақлаб қола олмадик. Ўйлайманки, қуруқ гаплардан амалга ўтиш вақти-соати келди", - дея қайд этади Стефано Велла.
XS
SM
MD
LG