Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 05:56

АҚЛДАН ОЗА БОШЛАГАН ДУНЁ...<br>(Қотил мерган қурбонлари сони 11га етди)


Виржиния штатидаги Фоллс Черч шаҳрида куни кеча яна бир қотиллик содир этилди. Мерган узган ўқдан бир аёл нобуд бўлди.
Шундай қилиб, АҚШ полицияси икки ҳафтадан буён ушлашга ҳаракат қилаётган снайпернинг ўқидан қурбон бўлганларнинг сони 11 нафарга етди.
Янги қотиллик кечқурун соат 9 яримларда йирик савдо маркази ёнидаги автомобиль сақлаш жойида юз берди. Қотил аввалги қурбонларини ўлдириш учун биттадангина ўқ ишлатган эди. Бу сафар ҳам у иккита ўқ ишлатмади.
Жиноят юз берган жойни бир зумда полиция босди. Қотил савдо маркази ёнидан ўтган оқ "Шевроле Астро" микроавтобусида бўлган, деган гумон пайдо бўлиши биланоқ, барча куч ўша автони излашга ташланди.
Снайпер икки ҳафта муқаддам қотилликларини бошлаганида уни ушлашга ёрдам берган шахсга мукофот берилиши эълон қилинган эди. Америкаликлар кўнгилли равишда мукофот фондига пул қўша бошладилар ва шу кунга келиб мукофот пули миқдори ярим миллион доллардан ортиб кетди.
Қотил мерганни тутиш учун полиция қўлидан келадиган ва ҳатто, айтиш мумкинки, келмайдиган барча чора- тадбирларни кўрмоқда. Бироқ, ҳаммаси бесамар, барча ҳаракат бекор бўлмоқда.
Душанба куни АҚШ президенти ҳам қўлга тушмас қотил тўғрисида гапирди.
"Бегуноҳ одамларни ҳаётдан маҳрум қилаётган совуққон қотил тўғрисида ўйлашнинг ўзиёқ жирканчлидир. Қурбон бўлганлар яқинларининг қайғуси менинг ҳам қайғумдир. Қотил мерганнинг потенциал ўқидан ҳимоя қилиш учун болаларини мактабларнинг эшиклари тагида кутиб олаётган оналар - мен билган Америка эмас. Шунинг учун ҳам биз федерал ҳукуматнинг барча имкониятларини қотилни ушлашга сафарбар қилдик", - деди душанба куни президент Буш.
Полиция мазкур сурункали жиноят бўйича ҳали бирон кишини ҳам қўлга олган эмас. Ҳар ҳолда тинглаётганингиз лавҳа тайёрланаётган пайтгача бўлган вазият шундоқ эди.
Қотил мерганнинг қурбонлари тасодифий одамлар. Газета ўқиб ўтирган қария, кўчадан ўтиб кетаётган ўқитувчи аёл, мижоз кутиб турган такси ҳайдовчиси, микроавтобус ичини тозалаётган қиз...
Шундай қилиб, лавҳани бошлаётиб айтганимиздай, қурбонлар сони 11га етди.
Охир-оқибат қотил қўлга тушар ҳам. Балки у сўнгги ўқларидан биридан ўзи учун фойдаланар. Ахир, тугайдику, бир кун эмас, бир кун бу машъум қотилликлар. Бугун, албатта, қотилни ушлаш муҳим. Бироқ, бундан ҳам муҳимроғи тўқу фаровон яшаётган, бўлар бўлмасга кулаверадиган америкаликлар орасида бундай қотиллар қайдан пайдо бўлмоқда, деган саволга жавоб топишдир.
Қотил снайпернинг жиноятлари Американинг энг янги тарихи учун янгилик эмас. Умуман, ғарб мамлакатлари учун бундай беҳос, бесабаб жиноятлар янгилик бўлмай қолди. Фикрни исботлаш учун мисоллар келтириб ўтириш шартмикан?! Балки, энг сўнгги воқеа - шу йилнинг ёзида Германияда содир этилган қотиллик ёдингиздадир. Ўшанда бир ўсмир мактабга қурол билан кириб йигирмага яқин ўқитувчию ўқувчини отиб ташлаганди.
Ўшанда ҳам жамоатчилик, инсон руҳи билимдонлари бундай жиноятларга сабаб бўлиши мумкин бўлган омилларни бир - бир санагандилар. Шу кунда ҳам мутахассислар яна баҳс-мунозараларга берилмоқдалар.
Зўравонликка у ёки бу шахсни руҳан тайёр қилиб қўяётган омиллардан бири сифатида яна кинофильмлар тилга олинмоқда. Инсон қадри пашша қадрига тенг қилиб қўйилаётган, қону йиринг дарё бўлиб оқадиган фильмлар психикаси меъёр даражасида бўлмаган кишиларни ақлдан оздираяпти, дегувчи мутахассислар кўп.

Жон йўқ эмасга ўхшайди бундай дегувчиларнинг гапларида. Қонхўрлик саҳналари кўп фильмларни суратга олувчиларнинг ўзлари ҳам сезишмоқда жамиятдаги бугунги кайфиятни. Бу АҚШдаги етакчи киностудиялардан бири - ХХ аср Фокснинг 16 октябрь куни қабул қилган қароридан ҳам кўриниб турибди. Киностудия "Телефон будкаси" фильмининг шу кунларда ўтказилиши мўлжалланган премьерасини номаълум муддатга кечиктирди. Фильм гўё бутун Американи таҳликага солган шу кундаги воқеалар ҳақидадир. Унинг бош қаҳрамонини снайпер таъқиб қилади.

Кузатувчилар психикаси меъёрда бўлмаганларни бесабаб жиноятларга туртаётган омиллардан бири - ўқ отувчи қуролларни сотиб олиш имконияти кенглигидир, деб билмоқдалар. Афтидан, бу фикрни Вашингтон штати раҳбарияти ҳам қувватлаган кўринади. Чоршанба куни штат губернатори имзолаган фармойишга кўра, штат ҳудудида ҳар қандай ўқ отувчи қурол сотиш вақтинчалик тўхтатиб қўйилди.
Хуллас, Вашингтон атрофида бегуноҳ одамларни нишонга олаётган қотил мерган ким эканлиги ҳозирча ноаниқ.
Бироқ, ҳозирча, бир нарса - дунё секин- аста ақлдан озаётгани аниқдир.
XS
SM
MD
LG