Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 16:06

"ҚОТИЛ МЕРГАН" ИЗИДАН


Ҳалигача кимлиги номаълум бўлиб қолаётган "қотил мерган" тарафидан содир этилаётган жиноятлар Америкада қандай қилиб ҳукумат ўқ отар қуроллар устидан назорат ўрнатиши кераклиги борасида тортишувларни кучайтириб юборди. Сешанба куни қотил мерган ўқидан яна бир америкалик ҳалок бўлди. АҚШнинг Мэрилэнд штатида ўқ отар қурол билан яраланган автобус ҳайдовчиси касалхонада жон берди. Шундай қилиб, қотил мерган ўқидан 10 киши ҳалок бўлди, уч киши яраланди.

Маълумки, АҚШ конституциясига мувофиқ Америка фуқаролари ўзлари билан ўқ отар қуролларни эркин олиб юра оладилар. Аммо ҳар қандай эркин ҳаракат катта масъулиятни талаб этади. Сўнгги ҳафталар мобайнида Вашингтон атрофларида содир этилган қотилликлар қуролларни эркин олиб юрувчилар устидан кучли назорат ўрнатишни яна бир бор тақозо этди. АҚШ Федерал қидирув бошқармаси маълумотларига кўра, мамлакатда 2000 йил давомида қайд этилган 15517 қотилликнинг 66 фоизи ўқ отар қуроллар билан содир этилган.

Мутахассилар фикрича, бундай назоратнинг ўрнатилиши Конституцияда белгилаб қўйилган фуқароларнинг қурол олиб юришлари билан боғлиқ эркинликларига хилоф эмас. Бундай назорат АҚШда мамлакат бўйлаб аҳоли қўлига тушиб қолган барча ўқ отар қуроллар, ов милтиқлари ва тўппончалар, ҳамда уларнинг эгалари бармоқ изларини ва патрон маркаларини қайд қилиб боришни назарда тутади. Ана шундай маълумотлар базасини тузиш орқалигина, ўқ отар қуроллар билан содир этилган жиноятлар олди олинган, Вашингтонда снайпер ўқидан ҳалок бўлганлар ҳаёти сақлаб қолинган бўлар эди, дейишмоқда маҳаллий мутахассислар.

Ўқ отар қуролларни назорат остига олиш дастурига мувофиқ, заводда ишлаб чиқарилган ҳар бир қурол, эгасига сотилишидан олдин, отиб кўрилади, унинг кўрсаткичлари эътиборга олиниб, марказий маълумотлар базасида қайд этиб борилади.

Аммо кўплаб бошқа кузатувчилар, шу жумладан АҚШ президенти Жорж Буш маъмурияти ҳам бундай тизимнинг амалга ошишига иккиланиш билан қарамоқда. Бушнинг матбуот вакили Ари Флеишер ўз чиқишларининг бирида қуроллар устидан назорат ўрнатиш масаласи, ҳозирча Федерал ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари тарафидан ўрганиб чиқилаётганини айтди.
"Президентимиз мазкур масала ўрганиб чиқилишини ҳоҳламоқда. Спиртли ичимликлар, тамаки ва ўқ отар қуроллар бўйича федерал идорада бу хусусда махсус йиғилиш ўтказилди. Кеча эса улар Оқ уй ходимлари билан учрашиб, қуроллар назорати бўйича ишлаб чиқиладиган янги қоиданинг айрим техник жиҳатларини, бу қоидалар қайси ҳолларда қўл келиши ёки келмаслигини ҳар томонлама муҳокама этдилар.

Бироқ кўплаб мутахассислар, ўқ отар қурол ва бармоқ излари марказий маълумотлар базасини тузиш анча қимматга тушишини ва бу жараён узоққа чўзилишини айтишмоқда. Қолаверса, хуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ҳали қотил мерган кимлигини аниқлаганлари йўқ. Вашингтондаги мустақил тадқиқотлар маркази ҳисобланмиш Като институтида конституциявий ва ҳуқуқий масалалар бўйича мутахассис Роберт Леви мазкур тизимнинг бошқа чигалликлари ҳақида гапиради. Левининг "Озодлик" мухбирига айтишича, ўқ отар қуроллар ҳақида барча маълумотларни тўплаш анча мушкул. Чунки аҳоли қўлига тушиб қолган ўқ отар қуролларнинг сон-саноғи йўқ. "Одатда овчилар қуролни магазиндан ҳарид қилишади. Жиноятчилар эса уларни иккинчи қўллар орқали сотиб олишни ёки бўлмаса қўлбола қуроллардан фойдаланишни афзал кўрадилар. Охир-оқибатда қонуний тарзда сотиб олинган ов милтиқлари рўйхатга олинадию жиноий мақсадларда сотиб олинганлари назардан четда қолади", - дейди Роберт Леви.

Жорж Вашингтон университети профессори Вальтер Роу эса бошқача фикрни айтади. Роуга кўра, ўқ отар қурол йиллар давомида эскиради. Шу боисдан унинг ўқи қолдирган издан жиноятчини аниқлаш бироз мушкул бўлади.

Роунинг "Озодлик" мухбирига айтишича, америкаликлар олди-қочди детектив фильмларни кўравериб уларнинг реал ҳаётга бўлган муносабати ўзгарган. Шу боисдан бўлса керак, Вашингтонда қотил мерган тарафидан содир этилгfн жиноятлар боис айрим детектив фильмлар экранлардан олинди. Улар орасида ҳали экран юзини кўриб улгурмаган Коллин Фэррелнинг "Снайпер" фильми ҳам бор.

Аммо АҚШнинг Спиртли ичимликлар, тамаки маҳсулотлари ва ўқ отар қуроллар бўйича бошқармаси вакиллари қуролларни рўйхатга олишнинг янги тизими иш беришига ишонадилар. Мазкур идора матбуот вакили Жим Крандалнинг "Озодлик" мухбирига айтишича, қуроллар ҳақидаги маълумотлар тергов пайтида қўл келиши мумкин.

"Биз олдин ана шундай маълумотлар боис муваффақиятга эришгандик. Агар бутун мамлакатдаги қуроллар маълумотлар базаси тузилса, ишимиз янада осонлашади ва янада самарали бўларди", - дейди Крандал.
XS
SM
MD
LG