Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 17:55

Журналист Дувановни ким қамади?


Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро лига (ИҲХЛ) ҳуқуқ ҳимояси билан шуғулланувчи жаҳондаги энг нуфузли ва бой тажрибага эга бўлган ташкилотлардан биридир. 1941 йили таъсис этилган мазкур ташкилот дунёнинг турли мамлакатларида, жумладан Марказий Осиё мамлакатларида инсон ҳуқуқларига риоя қилиниши билан боғлиқ вазиятни ўрганиб келмоқда.
Халқаро лиганинг "Мустақилликка эришган давлатлар" дастури координатори Питер Залмаев куни кеча Озод Европа - Озодлик радиосида бўлди.
Жаноб Залмаев Марказий Осиё мамлакатларида инсон ҳуқуқлари аҳволига доир саволларимизга жавоб берди.
Эътиборингизга ўша суҳбатнинг биринчи қисмини ҳавола қиламиз.

Питер Залмаев билан ўтказган суҳбатимизни, инсон ҳуқуқлари ҳимояси билан шуғулланувчи қатор халқаро ташкилотлар диққат марказида турган муаммо - қозоғистонлик мустақил журналист ва инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Сергей Дувановнинг 28 октябрь куни ҳибсга олинишига, у вакили бўлган ташкилотнинг муносабатини сўрашдан бошладик. (14 яшар қизнинг номусига тажовуз қилди, деган гумон билан Сергей Дувановнинг қўлга олинганлигидан хабарингиз бўлса керак)
Саволимизга жаноб Залмаев мана бу жавобни берди: "Гапни мен Сергей Дувановнинг ташкилотимиз - Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро лига (ИҲХЛ) билан анчадан буён ҳамкорлик қилиб келаётганлигини таъкидлашдан бошламоқчиман.


Сергей нафақат Қозоғистондаги, балки минтақадаги энг холис ва энг ҳалол журналистлардан биридир. Мен Сергей билан боғлиқ воқеанинг ғирт уйдирма эканлигини, унга биз мутлақо ишонмаслигимизни таъкидламоқчиман. Сергейни яқиндан биламан, унинг бундай ишга қўл урмаслигига ишончим комил.
Дувановнинг ҳибсга олинишини Қозоғистонда кейинги пайтларда кечаётган журналистларни ва хусусан, Сергейнинг ўзини таъқиб қилиш кампаниясидаги бир амалиёт, деб баҳолаган бўлардим", - дейди Питер Залмаев ва фикрига далил сифатида Сергей Дувановнинг номаълум кимсалар томонидан яқинда калтакланиб кетилганини, бу воқеа эса унинг Қозоғистон олий раҳбариятидаги коррупция тўғрисидаги мақоласи эълон қилинганидан сўнг юз берганини эслайди.

Ҳибсга олинган куни Сергей Дуванов АҚШга учиб бориши, у ерда бир қатор тадбирларда қатнашиши режалаштирилган эди. Питер Залмаев, юз берган воқеани Дувановнинг Америка сафарини қолдириш учун расмийлар ўйлаб топган найрангдир, дейди.

Бас, шундай экан, яъни журналист Дувановга қўйилаётган айбларга Cиз вакили бўлган ташкилот мутлақо ишонмас экан, унга ёрдам бериш учун қандайдир чоралар кўраяпсизларми, ҳаракат қилаяпсизларми, деган саволимизга жаноб Залмаев: "Дувановнинг ҳибсга олинишидан норозилигимиз билдирилган хатларни халқаро ташкилотлар, таниқли арбоблар, жумладан, президент Назарбоевга йўлладик", - деб жавоб берди.
Фикрини давом этар экан, у Дуванов иши билан жуда кўп ташкилотлар шуғулланаётганлигини, АҚШ давлат департаментининг махсус вакили Ричард Баучер мазкур масала бўйича чиқиш қилганини таъкидлаб ўтди. Қозоғистондаги ҳамкорларимиз Дуванов ишини ўрганиб чиқишди ва уларнинг хулосасидан кўриниб турибдики, Сергей иғво қурбони бўлиб қолаяпти шу кунда, дейди Питер Залмаев.

Жаноб Залмаев билан биз 30 октябрь куни суҳбатлашган эдик. 31 октябрь куни эрталаб Прага вақти билан соат 9 да эса қўлимизга ғалати бир хужжат келиб тушди.
Қозоғистон президенти матбуот хизматидан чиқарилган икки варақдан иборат мазкур хужжат "Матбуот анжуманининг тезислари", деб аталади. У факс орқали керакли адресатларга юборилган. Биласизки, факсдан чиққан жўнатмада хужжат юборилган вақт автоматик равишда соату минутигача аниқ ёзилиб қолади. Биз тилга олган хужжатда унинг 2002 йил, 28 октябри эрталаб соат 6 дан 48 минут ўтганда чиққани кўрсатилган.
Эътибор беринг. Эрталаб соат 6 дан 48 минут ўтганда.
Энди мана бу нарсага эътибор беринг. Сергей Дувановнинг уйига полициячилар 28 октябрь куни эрталаб 7 дан 40 минут ўтганда кириб келишган ва уни уйқудан уйғотишган. Соат саккизда ҳибсга олишган. Бу ҳолатни эсдан чиқармай туринг.
Энди Қозоғистон президенти матбуот хизматидан чиқарилган ҳужжат мазмунига тўхталамиз. "Матбуот анжумани учун тезислар", деб аталади ҳужжат. У 6 банд ва бир изоҳдан иборат. Адресати аниқ кўрсатилмаган бўлсада, унинг Дувановни қўлга олган маъмурлар учун ёзилгани шундоқ кўриниб турибди. Демак, Дувановни ҳибсга олганларидан сўнг ўтказадиган матбуот анжуманида полиция расмийлари журналистлар олдидаги чиқишини мана бундай бошлашлари тавсия қилинган:
"Номусга тажовуз қилиш тез-тез бўлиб турадиган ва маълум маънода оддий жиноятдир. Бироқ, жаноб Дуванов таниқли одам, мухолифат арбоби ҳисобланади. Шунинг учун ҳам матбуот вакиллари маълумотни ишончли манбалардан олишлари учун зудлик билан матбуот анжумани ўтказишга қарор қилдик",- дейилади ҳужжатнинг биринчи бандида.

Қозоғистон президенти матбуот хизматидан чиққан ажабтовур ҳужжатдан парчалар келтиришни шу ерда тўхтатамиз ва уни ўқиш давомида пайдо бўлган саволларимизни ўртага ташламоқчимиз.

Хўш, агар Сергей Дуванов чиндан ҳам матбуот хизматининг таъбири билан айтганда "тез-тез бўлиб турадиган, маълум маънода оддий жиноят" содир этган бўлса, президент матбуот хизмати унинг бу жинояти тўғрисида қаердан шу қадар тезликда билақолди? Ахир айбловга кўра, Дуванов жиноятни гўёки 27 октябрь куни кечқурун Алмати яқинидаги дала ҳовлисида содир этган, президент матбуот хизмати эса Алматидан минг чақирим шимолдаги янги пойтаҳт Астанадаку?!
Ёки гўёки Дуванов хафа қилган қиз шу қадар қудратлимики, хафа бўлиши биланоқ мамлакат раҳбарининг идорасига қўнғироқ қила олса?
Хуллас саволлар кўп, саволлар қатор қатор...
XS
SM
MD
LG