Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 14:56

БОРИС ШИХМУРОДОВ ҲИБСГА ОЛИНДИ.


25 декабрь куни кечга яқин Озод Европа-Озодлик радиоси Туркман хизматига Туркманистондаги бир манбадан Борис Шихмурадов ҳибсга олинди, деган хабар етиб келди.

26 декабрь куни бу хабарни жаҳондаги бошқа бир қатор ахборот агентликлари тасдиқладилар. Озодлик радиоси янгиликлар хизматининг хабар беришича, Шихмуродовнинг ҳибсга олингани ҳақда президент Ниёзовнинг ўзи 26 декабрь куни эълон қилган.

ИТАР-ТАСС ахборот агентлиги бу воқеага доир ўз хабарини Туркманистон президенти маҳкамасидан олинган маълумотга асосланиб тарқатган.

Демак, шу йилнинг 25 ноябрида Туркманистон президенти Сапармурод Ниёзовга қарши Ашхободда амалга оширилган суиқасднинг асосий уюштирувчиси деб ҳисобланаётган шахс қўлга олинди.

Шу ўринда Туркманистоннинг энг янги тарихидан яхши хабардор бўлмаган баъзи тингловчиларимизга Борис Шихмурадовни яқинроқ таништириб ўтсак.

Туркманистон президенти Ниёзовнинг ҳаётига суиқасд уюштирганликда гумон қилиниб, қўлга олинган Борис Шихмуродов 1949 йили Ашхободда туғилган. Отаси НКВД зобити бўлган. Москва давлат Университетини, Дипломатия академиясини битирган. СССР ташқи ишлар вазирлиги системасида хизмат қилган.
1992 йилдан то 2001 йилгача Туркманистон ҳукуматида турли лавозимларда ишлаган. Туркманистон ташқи ишлар вазири, Вазирлар маҳкамаси раиси муовини лавозимларигача кўтарилган. 2001 йилнинг ноябрь ойида Туркманистоннинг Хитойдаги элчиси лавозимидан четлатилган ва шундан сўнг тез орада мамлакат прокуратураси унга нисбатан қидирув эълон қилган.

Расмий Ашхобод Борис Шихмуродовни Россия ҳудудида яшириниб олган, деб ҳисоблар эди. Туркманистон бош прокурорининг Борис Шихмурадовни ушлаб топшириш тўғрисида Россия бош прокурорига йўллаган сўровномасида у "25 миллион доллар ақчани ўзлаштирган, СУ 17 русумли бешта ҳарбий самолетни сотиб юборган" дейилган.

Шундай қилиб, расмий Ашхобод бир йилдан буён Борис Шихмуродовни Россия яшириб келмоқда, деб келган бўлса, 25 ноябрь куни содир этилган суиқасддан сўнг Шихмуродовнинг ҳомийси Ўзбекистондир, деб эълон қилди. Туркманистон бош прокурори яқинда маҳаллий телевидение орқали қилган чиқишида бу гапни очиқдан очиқ айтди.

Туркманистон бош прокурори Гурбанбиби Атажанованинг бу нутқи матни тўлалигича расмий Ашхободнинг интернетдаги Туркманистон ру саҳифасида босилди. Унда жумладан мана бу гапни ўқиш мумкин: "Шихмуродов томонидан ёлланган 46 нафар қуролли жиноятчи президент кортежига қарата кучли ўт очди... Шихмуродовнинг ўзи қочиб яширинишга улгурди. Афсуски, бу ишда унга Ўзбекистоннинг мамлакатимиздаги элчихонаси, айнан элчининг ўзи ёрдам берди".

Ўзбекистон билан Туркманистон ўртасида юзага келган дипломатик можаронинг боиси шу.

Хўш, Туркман мухолифати етакчиси Борис Шихмуродовни нима кутмоқда. Туркманистон телевидениеси орқали сурати кўрсатилиб, томошабинлардан уни тутишга кўмаклашиш сўралар экан, экрандан чиқаётган мана бу ҳақоратлар оқимидан жазонинг қандай бўлишини тахмин қилиш мумкин: "Борис Шихмуродов ватан хоини, валади зино, қўрқоқ, виждонсиз, ўз манфаати йўлида ҳеч нарсадан қайтмайдиган каззоб, ҳаромзодадир.
Азиз томошабинлар, кимда ким суратини кўриб турганингиз Борис Шихмуродовни кўрса ёки унинг қаердалигини билса, ҳуқуқ-тартибот органларига хабар бериб қўйинг, дейди Туркманистон телевидениеси диктори.

Ахборот агентликлари Борис Шихмуродовни маъмурлар ҳибсга олди, деб маълумот тарқатаётган айни пайтда, айрим кузатувчилар, хусусан, Туркманистондаги жараёнларни синчиклаб кузатиб келаётган россиялик журналист Аркадий Дубнов,-
"Мухолифатга алоқаси бўлмасада ҳибсга олиниб, Туркманбошининг қўлида гаровда ушлаб турилган кўпсонли қариндош-уруғлари ва дўстларининг қисматини бироз енгиллатиш учун Борис Шихмуродов туркман маъмурларига ўзи таслим бўлиб борган, деган жиддий тахминлар бор", - дейди.
XS
SM
MD
LG