Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 09:37

Ироққа қарши уруш бошланди


Ироққа қарши ҳужумлар Бағдод атрофидаги Саддам Хусайнга тегишли бўлган иншоотларни нишонга олиш билан бошланди. Ироқ раҳбарига берилган 48 соатлик ултиматум муддати тугашидан 90 дақиқа ўтиб бошланган ҳаво ҳужумлари Ироқ урушининг биринчи даракчиси бўлди. Аммо, дастлабки зарбалар кўплар кутганидай, кенг миқёсли бўлмади. Американинг узоқ масофага учувчи қанотли ракеталари ва F-117 қирувчи учқичлари учун асосий нишон, Ироқ раҳбарияти яширингани таҳмин этилаётган объектлар бўлди. Биринчи ракета Бағдод жануб-шарқига келиб тушиши билан, шаҳар бўйлаб сиреналар овози эшитила бошлади. Ироқнинг ҳаво ҳужумига қарши мудофаа тизимлари ҳаракатга келтирилади. Ҳарбий амалиётларнинг дастлабки босқичида Ироққа қарши 40та "Томагавк" русумидаги ракета учирилди.

Сал ўтиб, АҚШ Президенти Жорж Буш Оқ уйдан туриб телевидение орқали уруш бошланганини расман эълон қилар экан, Америка ҳамда унинг иттифоқчилари Ироқни қуролсизлантириш, ироқликларни ва бутун жаҳон аҳлини оммавий-қирғин қуроллари солаётган хавфдан халос этишга қаратилган ҳарбий ҳаракатларнинг бошланғич нуқтасида турганликларини қайд этди.

"Менинг буйруғимга асосан коалиция кучлари ҳарбий жиҳатдан муҳим бўлган объектларни нишонга олишни бошладилар. Бундан мақсад Саддам Хусайн солаётган хавфни бартараф этишдан иборат. Бу ҳужумлар кенг миқёсли ҳарбий амалиётларнинг бошланиши".

Буш америкаликларга қарата қилган мурожаатида: "Уруш қанчалик узоққа чўзилмасин бу сафар ярим йўлдан ортга қатиш бўлмайди, оҳирги натижа фақат ғалаба бўлиши керак",- деб таъкидлади.

"Можаро бошланди. Унинг узоққа чўзилишига йўл қўймаслик учун оқилона ёндашув лозим. Сизларни ишонтириб айтаманки, бу сафарги ҳаракатларимизда ярим йўлда қолиш бўлмайди. Биз учун ғалабадан бошқа натижа мақбул эмас", - деб қайд этди Жорж Буш ўз мурожаатида.

"Вашингтон пост" газетасининг ёзишича, АҚШ президенти Буш Марказий разведка бошқармаси хисоботига асосланиб Ироқ жанубидаги бинолар нишонга олиниши ҳақда буйруқ берган. Газетанинг ёзишича, разведка маълумотларида Саддам Хусайн бошчилигидаги Ироқ раҳбарияти йиғилган жой аниқ кўрсатилган ва у айнан шаҳар жанубида бўлган. Ҳозирча, нишон қанчалик тўғри олингани ноаниқ. Аммо, АҚШнинг дастлабки ҳаво ҳужумларидан сўнг Саддам Хусайн тевидение экранларида пайдо бўлди. Пайшанба куни эрталаб Ироқ раҳбари ўзининг ҳарбий мундирида Ироқ телевидениеси орқали халқига мурожаат ўқир экан, бу урушда унинг давлати ғалаба қозонишини таъкидлади.

"Бугун 2003 йилнинг 20 марти. Кичик Буш инсониятга қарши кўпдан бери режалаб келган ва ақлга мутлақо сиғмайдиган жиноятни амалга оширди". Саддам ўз мурожаатида, шунингдек, Америка ҳужумига Ироқ ҳарбий кучлари муносиб тарзда жавоб қайтаришини ва бу уруш Ироқ халқи учун муқаддас уруш бўлишини алоҳида қайд этиб ўтди. Бироқ, айрим кузатувчилар Ироқ раҳбарининг бу мурожаати жонли эфирда бўлганига шубҳа билдиришмоқда. Ҳатто, телевидение экранларида пайдо бўлган шахс Саддамнинг қиёфадоши бўлгани ҳақда ҳам таҳминлар бор. Хусайннинг телевидение орқали чиқиши АҚШ ҳаво зарбалари натижасида унинг яралангани ёки ўлгани ҳақдаги ҳар хил миш-мишларнинг олдини олиш мақсадида уюштирилгани айтилмоқда. Айрим маълумотларга кўра, ҳаво ҳужумлари оқибатида 1 киши ҳалок бўлган, 10 киши яраланган. Бундай маълумотлар Ироқда фаолият олиб бораётган Халқаро қизил хоч ташкилоти тарафидан олинди.

Айни пайтда Кувайтдан келаётган маълумотларга кўра, Ироқ Америка ҳаракатларига Кувайтга қарши ракета ҳужумлари билан жавоб қайтарган. Кувайт пойтахтидан 100 километр шимолга иккита кичик ракета келиб тушган, аммо талофатлар йўқлиги билдирилмоқда.

Пентагон расмийларини эса Ироқнинг АҚШ ҳаракатларига жавобан оммавий қирғин қуролларини ишга солиши эхтимоли ҳавотирлантирмоқда. Америкалик ҳарбий таҳлилчи Томас Доннелли фикрича, Саддам Хусайн кимёвий ҳамда биологик қуролларни Бағдод атрофларига яширган бўлиши мумкин. АҚШ ҳарбийлари тарафидан қўлга киритилган маълумотларда 300га яқин ана шундай объект борлиги тилга олинади. БМТ хисоб-китобларига кўра, Саддам Хусайн ихтиёрида камида 200 тонна "Ви-Экс" асабни фалаж қилувчи газ бўлиши мумкин. Албатта, америка аскарлари кимёвий ҳуруждан ҳимоя воситаларига эга, бироқ бундан оддий аҳоли азият чекиши мумкинлиги халқаро ташкилотларни ташвишлантирмоқда. Кузатувчилар Ироқнинг Исроилга ҳам зарба бериши мумкинлигини ҳам истисно қилишмаяпти.
XS
SM
MD
LG