Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 18:04

ҚИРҒИЗИСТОН БОШ ВАЗИРИ "МОЯ СТОЛИЦА" ГАЗЕТАСИНИ ИККИ МАРТА СУДГА БЕРДИ. ҲИСОБ: 2:0


Ҳукумат раиси газета билан ёки газета ҳукмат раиси билан судлашса, ким ютади?

Ҳуқуқий, демократик давлатларда суд ҳукми ўқиб эшиттирилмагунча, бу саволга ҳеч ким аниқ жавоб бера олмайди.

Марказий Осиё мамлакатларида эса, бу саволнинг жавоби аниқ: ҳукм ҳукуматнинг фойдасига чиқади.

Ҳар ҳолда, Қирғизистон Бош вазирининг "Моя столица" газетасига қарши даъво аризасини кўриб чиққан суд, ишни ҳукумат раиси фойдасига ҳал қилди. Бу йилнинг ўзида Бош вазир "Моя столица"ни икки марта судга берди ва икки марта ютиб чиқди.

Озодлик радиоси Бишкекдаги мухбирининг хабар қилишича, 3 июн куни Бишкек шаҳар Ленин туман суди Қирғизистон республикаси Бош вазири Николай Танаевнинг "Моя столица" газетаси ва пенсионер Михаил Корсунскийга қарши даъво аризасини кўриб чиқди ва ўз ҳукмини эълон қилди. Суд ҳукмига биноан, ҳукумат раисига газета 500 минг сўм (1 доллар = 42 сўм), пенсионер Корсунский эса 5 минг сўм тўлашлари керак.

"Моя столица" газетасининг шу йил, 2 апрел куни чиққан сонида Михаил Корсунскийнинг "Қоқшалнинг давоси суддир" деган сарлавҳали мақоласи босилган, унда мамлакат Ижтимоий жамғармасидаги вазият таҳлил қилинган эди. Материалда келтирилган баъзи маълумотларни ўзининг қадр- қиммати учун ҳақорат, деб қабул қилган Бош вазир газетани судга берган, газетадан 15 миллион сўм, мақола муаллифидан 2,5 миллион сўм ундириб беришни талаб қилган эди.

Бишкек шаҳар Ленин тумани суди куни кеча чиқарган ҳукм айни шу суднинг Бош вазир Николай Танаев фойдасига чиқарган биринчи ҳукми эмас. Беш ярим ой муқаддам, 16 январ куни ҳам худди шу суд "Моя столица" газетасидан ҳукумат раиси фойдасига 500 минг сўм ундириб бериш тўғрисида ҳукм чиқарган эди. Бош вазирнинг "Моя столица"ни иккинчи бор судга беришига бир пенсионернинг мақоласи сабаб бўлган бўлса, қарийб 6 ой муқаддам биринчи бор судга беришига газета босган бошқа мақола сабаб бўлган эди.

Ўша материалда рухсат берилмаган митингларни тарқатиб юбориш учун милиция ваколатлари доирасини кенгайтириш тўғрисидаги ҳукумат қарори танқид қилинган, бу қарор Бош вазир ташаббуси маҳсулидир, деб тахмин қилинган эди.

Бош вазир Николай Танаев "Моя столица"дан биринчи 500 мингини ютиб олганидан бир неча кун ўтгач, 22 январ куни газетанинг банк ҳисоблари ҳамда мулки ҳибсга олинган эди. Шундан сўнг Моя столица яна бир мустақил нашр - "Адвокат" газетаси билан тузилган шартнома асосида чиқа бошлади. 22 май куни эса, газетанинг 15 минг нусхали тиражи ҳибсга олинди. 26 май куни суд ижрочилари Моя столицанинг мулкини мусодара қилиш учун келадилар. Улар газета ишлаб турган бинода борки нарсанинг ҳаммасини мусодара қилишга уринадилар. Бош муҳаррир Александр Ким бунга эътироз билдириб, суд ижрочиларини "Адвокат" газетаси таҳририяти биноси ҳудудига киритмайди.

Хуллас, ўша куни газета ихтиёридаги мулкнинг қайсиниси "Моя столица"нинг ўзиникию қайсиниси грант берувчиларга тегишли эканлиги аниқ бўлмагани учун, бошланган можаро мантиқий якунига етмай қолган эди.

Куни кеча ниҳоясига етган суд иши Бош вазир фойдасига ҳал бўлгач, суд ижрочилари газета мулкини мусодара қилиш амалиётини мантиқий якунига тез кунда етказиб қўйсалар керак.

Рус тилида чиқувчи "Моя столица – новости" газетаси 2001 йилнинг охирида таъсис этилган мустақил нашрдир. Газета муаассислари - журналистларнинг аксарияти 1999 йилгача "Вечерний Бишкек" газетасида ишлагандилар. Ўша йили "Вечерний Бишкек" давлат қўлига ўтиб кетгач, унда ишлаганларнинг кўпчилиги Бош муҳаррир Александр Ким билан биргаликда бошқа газета - "Моя столица"ни таъсис қилдилар. Қисқа муддат ичида бу нашр республика газетхонлари оғзига тушди. Чунки унинг саҳифаларида юқори лавозимли давлат амалдорларининг коррупция ботқоғига ботиб бораётганликларини фош қилувчи мақолалар бирин-кетин эълон қилина бошланди.
Ва юқори лавозимли давлат амалдорлари газетани бирин-кетин судга бера бошладилар.

Газета таҳририятидан олинган маълумотларга кўра, чиқа бошлаганидан буён ўтган бир ярим йил ичида "Моя столица"ни 37 марта судга бердилар. Аризачилар таҳририятдан ҳаммаси бўлиб 98 миллион қирғиз сўми (2 млн 273 минг доллар) ундириб беришни суддан талаб қилганлар. чиқарган эди.

"Моя столица" газетаси судлар воситасида бўғиб қўйилаётган ягона газета эмас. "Республика", "Асаба" каби газеталарни ҳам давлатнинг юқори лавозимли амалдорлари бир неча бор судга берганликлари, натижада бу нашрлар хонавайрон бўлганликлари тўғрисида қатор маълумотларни келтириш мумкин. "Асаба" газетаси эса, хонавайрон қилингач, ёпилиб кетди ва унинг ўрнига асабачилар "Ағим" деган ном билан янги газета чиқара бошладилар.
XS
SM
MD
LG