Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 10:02

АҚШ Ироқ ҳокимиятини маҳаллий вакиллар билан бўлишишга ҳозирланмоқда


АҚШ нинг Ироқдаги муваққат маъмурияти илк раҳбари Жей Гарнер, тез орада Бағдодда “чеҳраси ироқлик” бўлган ҳукумат тузилажаги ҳақида ваъда берганидан бери ҳам қарийб уч ой вақт ўтди. Аммо Жей Гарнер ўрнини Пол Бремер эгаллаганидан сўнг, бу ваъда ҳам, мамлакатни бошқаришни ироқликларнинг ўзига топшириш мажбурияти ҳам унутилаëзди. Бу эса, нафақат Ироқ сиëсий гуруҳлари, балки оддий халқ ғурурини оғритмай қолмади ва айрим кузатувчилар мамлакатда америкаликларга қарши кучайиб бораëтган турли ҳужумлар сабабини ҳам, Вашингтоннинг амалда Ироқни бошқаришни ироқликларга беришни истамаëтгани билан боғламоқдалар.

Америкаликлар Ироқни бошқаришни ироқликларнинг ўзларига топширишни истамаяптилар! Ҳозирги кунларда Ироқ ичкариси ва хорижда кенг тарқалган умумий тасаввур ана шундай. АҚШ расмийларининг Ироқ сиëсий ва диний партиялари вакилларидан иборат муваққат ҳукумат ташкил этиб, мамлакатни бошқаришни ана шу маъмуриятга топширишни пайсалга солаëтгани, бундай тасаввурни туғдириб-озиқлантираëтган бош сабабдир.

Кейинги ҳафталар ичи Ироқда АҚШ ва Британия аскарларига қарши ҳужумлар кўпайиб бормоқда. Вазият кескинлашиб бораëтган бир пайтда Ироқдаги Америка маъмурияти раҳбари Пол Бремер яна муваққат ҳукумат, аниқроғи, бошқарув кенгаши ҳақида гапириб қолди.

Бремер: “Биз июл ўрталарига қадар Ироқ муваққат маъмурияти тузиш ҳаракатларини оғишмай давом эттираяпмиз. Мен ва хизматчиларим мазкур бошқарув кенгашига мамлакатдаги барча қатлам вакиллари киришини таъминлаш мақсадида яқинда бутун Ироқ бўйлаб сафар қилдик.”

Бремерга кўра, тез кунлар ичида қасамëдга келтириладиган бу кенгашга 30 га яқин Ироқ сиëсий партиялари вакиллари киритиладилар. Кенгашнинг бошқарув, деб аталаëтганига қараб кузатувчилар, унга айрим чекланган ваколатлар ҳам берилишини қайд этмоқдалар.

Ҳозирча бу кенгашга айнан қандай ваколатлар берилиши ҳақида аниқ маълумот йўқ. Аммо Ғарб матбуотидаги чиқишларда, бу ваколатларнинг маориф ва адлия соҳаси билан чекланишига ишора қилинмоқда.

Кейинги баëнотларидан бирида Бремер, агар ўзи бошчилик қилаëтган Ироқдаги Америка маъмурияти ва тузилажак Ироқ бошқарув кенгаши ўртасида бирор тортишув юзага чиқадиган бўлса,ҳал қилувчи сўз ўз маъмуриятига тегишли бўлажагини билдирди.

Шунга кўра шарҳловчилар, чеҳраси ироқлик бўлган бу кенгаш тўлақонли ҳукуматдан кўра, маслаҳат овозига эга рамзий тузилма бўлиши, Ироқни бошқариш эса узоқ йиллар америкаликлар қўлида қолишини таъкидламоқдалар.

Хўш, Ироқни Саддамдан озод қилиб, уни ким ва қандай бошқариш масаласини ҳал этишни ироқликларнинг ўзларига қолдириш ваъдаси билан уруш бошлаган америкаликларнинг ҳали-ҳамон хавфсизлик баҳонасида бу жараëнни ортга сураëтгани мамлакат сиëсий партиялари томонидан қандай баҳоланмоқда?

Тузилажак бошқарув кенгашига кирган сиëсий гуруҳлардан бири Ироқ миллий келишув ҳаракати вакили Али Абдул Амир, аввалига муваққат ҳукумат, энди эса бошқарув кенгаши деб аталаëтган Ироқ маҳаллий идорасини тузиш кечикиб кетгани ва бундан аҳоли тоқати-тоқ бўлаëтганини айтади.

Амир: “Ҳозирда бутун Ироқ халқи бу қадамнинг қўйилишини кутмоқда ва унинг жуда кечикканини гапирмоқда. Ироқликлар мамлакат ҳаëтини бошқарадиган маҳаллий ҳукумат тузилишини истайдилар. Бу жараëннинг кечикаëтгани эса, кундалик ҳаëтнинг барча соҳаларига салбий таъсир кўрсатмоқда.”

Узоқ йиллар Эронда фаолият олиб борган Ироқ исломий инқилоби олий кенгаши деб номланган шиа гуруҳи ҳам, тез кунларда қасамëдга келтириладиган бошқарув кенгашига таклиф этилганлардан. 20 мингга яқин қуролли кучга эга бўлган мазкур гуруҳ ҳарбий ва сиëсий етакчиларидан бири, полковник Аҳмад Али ал-Кафаге, ҳозирги шароит америкаликлар билан муроса қилиб, вақтинча ўйинни улар қоидалари бўйича ўйнашни тақозо қилишини, аммо фурсат ўтиб вазият ўзгаришини таъкидлайди.

Ал-Кафаге: “Ҳозирда америкаликлар, буни истаймизми йўқ, Ироқ тупроғида. Чор тарафдаги минглаб Америка ҳарбийлари кундалик ҳаëтимизнинг таркибий қисми ва олмоқнинг бермоғи дегандек,ҳозирча улар билан келишиб ишлашга мажбурмиз. Аммо эрта бир кун Ироқ ўз армияси ва янги бошқарув тизимларига эга бўлгач, америкаликлардан Ироқни тарк этишни сўраймиз. Кетишмаса, Саддамга қарши қандай курашган бўлсак, уларга қарши ҳам айни курашни бошлаймиз.”

Бремер тилга олган Ироқ бошқарув кенгашидан ўрин олиши билдирилган бу икки гуруҳ вакиллари, америкаликлар билан ҳамкорлик қилишдан ўзга чора йўқ, десалар, мамлакатдаги айрим партиялар Вашингтон кўрсатмаси билан тузиладиган ҳар қандай ҳукумат ëки кенгашни бойкот қилажакларини билдирмоқдалар.

Бундайлар орасида Ироқ коммунистлари ва айрим шиа диний гуруҳлари бор.
XS
SM
MD
LG