Линклар

Шошилинч хабар
02 декабр 2024, Тошкент вақти: 22:39

Вашингтон расмийларига кўра Ироқ халқаро террорчилар маконига айланмоқда


Ўтган пайшанба куни Бағдоддаги Иордания элчихонаси олдида кучли бомба ўрнатилган машина портлатилганига қадар расмий Вашингтон Ироқдаги хавфсизликка таҳдид солаëтган асосий манба Саддам ва унинг тарафдорлари эканидан баҳс этиб келди.

Аммо камида 17 киши ҳаëтига зомин бўлган мазкур ҳужумдан сўнг Буш маъмурияти бу борадаги фикрини ўзгартирди ва эндиликда Ироқдаги коалиция кучларига хавф солаëтган хорижий террорчилар ҳақида гапира бошлади.

Чунончи¸ Америка халқига қилган сўнгги радиомурожаатида президент Буш ҳам Ироқдаги ҳамма бало учун ана шу террорчиларни ëзғирди.

Буш: Ҳар кун биз Ироқни бехатарроқ қилиш устида ишламоқдамиз. Коалиция кучлари Ироқдаги тартиб ва барқарорликни бузишга уринаëтган баасчилар ва хорижий террорчиларга қарши ҳаракатларни давом эттирмоқдалар. Бу шавқатсиз қотилларнинг қаердалиги ҳақида махсус маълумот олиб келаëтган ироқликлар сони кундан-кунга ошмоқда. Бу эса уларни қўлга олиш учун рейдлар ўтказиш¸ ҳамда уларга тегишли қурол омборларини йўқ қилишимизга имкон бермоқда.”

Ироқдаги хавфсизлик вазияти учун хорижий террорчиларни айблар экан президент Буш¸ уларнинг айнан ким ва қайси гуруҳга мансубликлари ҳақида лом-мим демади.

Аммо бошқа Вашингтон расмийлари бу террорчиларнинг ал-Қайда билан алоқаси бўлган турли Исломий гуруҳларга мансубликларидан гапирмоқдалар.

Бундай гуруҳлар орасида эса¸ асосан Ироқ курдлари¸ қолаверса афғон ва араблардан ташкил топган Ансар ул-Ислом ҳаракати номи тез-тез тилга олинмоқда. Ироқ шимолидаги ғорларни ўз базасига айлантирган мазкур гуруҳ¸ узоқ йиллар давомида минтақадаги Курдистон ишчилар иттифоқига қарши қуролли кураш олиб борди. Бироқ шу йил март ойида АҚШ ҳарбийлари ва курд иттифоқининг биргаликда уюштирган ҳужумларидан сўнг¸ Ансар ул-Ислом жангарилари Ироқ ҳудудларини тарк этишга мажбур бўлган эдилар.

Ироқдаги АҚШ фуқаролик маъмурияти раҳбари Пол Бремернинг айтишича¸ ҳозирда бу жангарилар яна турли йўллар билан Ироққа қайта бошлаганлар ва мамлакатдаги Америка кучлари¸ қолаверса улар билан ҳамкорлик қилаëтганларга қарши кенг кўламли ҳужумлар амалга оширишни режалаштирмоқдалар.

“Ню Йорк Таймс” газетасининг ëзишича¸ Америка разведка идоралари Ансар ул-Исломнинг тез орада Ироқда кенг кўламли террор ҳаракатлари уюштириш режасида экани ҳақида ишончли маълумотлар борлигидан бонг урмоқдалар.

Гарчи Ансар ул-Ислом АҚШ разведка ва хавфсизлик хизматлари кўз-қулоқ бўлиб турган асосий жангари гуруҳи бўлса-да¸ Бремер Ироқдаги вазиятни янада беқарорлаштириши мумкин бошқа омиллар¸ чунончи собиқ баасчиларни ҳам тилга олишни унутмади.

Бремер : “Ҳарбий операцияларимиз¸ ўтказилган терговлар¸ қолаверса разведка маълумотларимизга кўра¸ бу мамлакатда Ансар ул-Исломдан бошқа ҳам террорчилар бор. Айни пайтда¸ коалиция кучларига қарши ҳужумларни янги Ироқни кўра олмаëтган бошқа гуруҳлар¸ чунончи Саддам Фидоийинларидан айримлари¸ ëхуд собиқ махфий хизмат ходимлари¸ ë собиқ баасчилар уюштирган бўлишлари ҳам мумкин.”

Президент Рейган даврида Давлат департаментининг аксил-террор гуруҳига бош бўлган Пол Бремер¸ ҳозирча асосан худкуш бомбачиларнинг намойишкорана ҳужумларини уюштириш билан машҳур Ансар ул-Ислам билан¸ Ироқ ичкарисидаги Саддам тарафдорлари ўртасида бевосита ҳамкорлик ўрнатилган-ўрнатилмагани хусусида ҳеч нарса демади. Аммо Ироқ урушидан аввал Оқ уй бундай алоқадорлик борлигини кўрсатишга астойдил уринган ва Саддам режими билан ал-Қайда террор тармоғи ўртасида бевосита алоқа бор деган даъво¸ урушни оқлаш учун келтирилган асосий иддаолардан бири бўлган эди.

Урушдан аввал расмий Вашингтон бу даъвосини исботлай олмади. Аммо бўрини йўқласанг қулоғи кўринади¸ деган эски нақлдаги каби¸ кузатувчиларга кўра¸ аввал бўлмаган бу ҳамкорлик Америка ишғолидаги бугунги Ироқда воқеликка кўчиши мумкин.
XS
SM
MD
LG