Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 11:25

Маҳбусларнинг яқинлари хавотирда


Норасмий маълумотларга қараганда, Қорақалпоғистон Республикасида жойлашган «Жаслиқ» қамоқхонасида маҳбуслар очлик эълон қилган. Уларнинг яқинлари берган маълумотларга қараганда, бу норозилик акцияси куч билан бостирилган.

Бу ҳақдаги хабарлардан хавотирга тушган маҳбусларнинг яқинлари
масалани ойдинлаштириш мақсадида Ўзбекистон ИИВнинг Жазони ижро этиш бош бошқармасига мурожаат қилмоқда.

23 октябрь куни маҳбусларнинг яқинларидан саккиз аёл Тошкент шаҳар Икмал Икромов тумани ички ишлар бўлимида ҳозир бўлди. Аёлларнинг айтишича, уларнинг қамоқдагилар билан гаплашиши учун Жазони ижро этиш бош бошқармаси раҳбариятининг кўрсатмасига кўра туман ИИБдан туриб телефон алоқаси ўрнатилиши белгиланган. Бироқ аёллар соат 13 қадар кутса ҳам ваъда қилинган алоқадан дарак бўлмади.

«Озодлик» мухбири билан суҳбатлашган муслима аёл «Жаслиқ»да маҳбуслар очлик эълон қилганини яқинда ўша қамоқхонага бориб келган маҳалладошларидан биридан эшитганини айтди. Унинг айтишича, маҳбуслар ўзларининг жиноятчи экани исботланиши, шунингдек, яқинларига тазйиқ ўтказилмаслиги талаби билан Жазони ижро этиш бош бошқармаси бошлиғи Қодиров номига бир неча бор ариза ёзган. Талаблар инобатга олинмагач, улар очлик эълон қилган.

Муслима аёлларнинг сўзларига қараганда, норозилик акциясида маҳбусларнинг деярли барчаси иштирок этган. Бироқ бу чиқиш куч билан бостирилган. Улар орасидан 20 нафар маҳбус танлаб олиниб, бошқа қамоқхоналарга олиб кетилган.

Ўз яқинларидан хавотирланган муслима аёллар қамоқхона билан билан алоқа ўрнатишни сўраб, Жазони ижро этиш бош бошқармасига бир неча марта мурожаат қилган. Бироқ «Жаслиқ» билан алоқа йўқлиги баҳона қилиниб, бу мурожаатлар эътиборга олинмаган.

Муслима аёлларнинг таъкидлашича, бошқарма вакиллари у ерда санитария ва тозалаш ишлари билан боғлиқ бир ойлик карантин эълон қилингани боис, қамоқхона билан алоқа ўрнатиш имкони йўқлигини айтган.

«Озодлик» мухбири ушбу воқеа юзасидан аниқ маълумотлар олиш ниятида бошқарманинг назорат штаби бошлиғи Михаил Гуревичга мурожаат қилди.

М.Гуревич бу хабарлар афсонадан бошқа нарса эмаслигини таъкидлади. Штаб бошлиғининг айтишича, бошқарма бошлиғи Қодировнинг «Жаслиқ»қа хизмат сафари уюштиргани у ерга маҳбусларнинг аллақандай исёни ёки норозилигини бостириш учун борганини билдирмайди.
XS
SM
MD
LG