Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 04:23

Пахта териш мактаб ўқувчисининг бурчи


Уч қизалоқ – Гўзал, Роҳила ва Анажон Боғот туманидаги 12-мактабнинг 5-синфида ўқийди. Ҳали мурғак бу гўдаклар хоразмлик кўплаб тенгдошлари қатори пахта теримига жалб қилинган.

- Пахта теришга мажбурмиз, - дейди улар. – Термасак, ўқитувчиларимиз уришади. Эрталаб дарсга бориб, сўнг пахтага чиқамиз.

Хабарларга қараганда, Хоразмда мактаб ўқувчиларининг пахтага жалб қилинганига бир ой бўлди. Бу йил пахтанинг асосий қисми қўл кучи билан терилаётганини инобатга олсак, «оқ олтин» хирмонини бунёд этишда бу мурғак инсонларнинг ҳам каттагина ҳиссаси борлиги ойдинлашади.

Боғотдаги 11-мактабнинг бешинчи синф ўқувчилари «Туркистон» ширкат хўжалиги далаларида пахта термоқда. Ўқувчиларнинг айтишича, улар эрталаб 8 дан кеч соат 17 гача, яъни кунига тўққиз соат йиғим-теримда қатнашади. Улар теримдан кўра ўқишни хоҳлашларини, лекин пахтага бормаса, ўқитувчилари уришишини, айрим ҳолларда эса калтаклашини айтади.

Сўнгги пайтларда Хоразмда ҳаво анча совиб, баъзан ёмғир ёғди. Болаларнинг айтишича, улар ёмғирли кунларда ҳам далада пахта терган экан.

Гўдакларнинг ёғин-сочинли кунларда ҳам далада экани Гурлан туманидаги 27-мактаб директори Сададдин Тажиддиновни заррача ташвишлантирмайди, шекилли. Бўлмаса у: «Пахта теримида фаол иштирок этиш ҳар бир ўқувчининг бурчидир», дермиди? Пахта йиғим-терими - давлат сиёсати, ундан четда туришга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ, дея ишонч билан гапиради директор.

Кузатувчиларнинг айтишича, бугунги кунда теримга, асосан, 5-11-синф ўқувчилари жалб қилинган. Бошланғич синф ўқувчилари ўқишни давом эттирмоқда.

Аммо «Озодлик» мухбири Боғот туманига қилган хизмат сафари чоғида «Туркистон» ширкат хўжалиги ҳудудида жойлашган 11-мактабнинг 4-синф ўқувчилари ўқитувчисининг шахсий томорқасида беда ўраётганига гувоҳ бўлди...
XS
SM
MD
LG