Линклар

Шошилинч хабар
09 декабр 2024, Тошкент вақти: 06:41

Лола Каримова жамоатчиликка кўриниш берди


21 ноябр куни “Сен ёлғиз эмассан” республика болалар жамғармаси васийлик кенгаши раисаси, Ўзбекистон Президентининг кенжа қизи Лола Каримова ташкилот фаолиятининг бир йиллиги якунларига бағишлаб матбуот анжумани ўтказди. Кузатувчилар бу Л.Каримованинг жамоатчилик билан илк мулоқоти эканини айтмоқда.

“Сен ёлғиз эмассан» жамғармасининг асосий вазифаси қаровсиз қолган болалар ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилишдан иборат.

Л.Каримованинг айтишича, ўтган бир йил давомида жамғарма Соғлиқни сақлаш ва Халқ таълими вазирликлари билан ҳамкорликда Тошкент шаҳридаги меҳрибонлик уйлари тарбияланувчиларини тўлиқ тиббий кўрикдан ўтказган. Бунинг натижасида уларнинг 83 фоизида экдокрин тизими, 60 фоизга яқинида психоневрологик ва невропатологик, тенг ярмида соматик, кўз, бош мия асаб тизими патологияси касалликлари мавжудлиги аниқланган. Бундан ташқари, икки бола сил касалликлари диспансерига ётқизилган.

Л.Каримованинг сўзларига қараганда, жамғарма томонидан ўтказилган текширувлар меҳрибонлик уйларида кўплаб қонунбузарликлар, хизмат вазифасини суиистеъмол қилиш ҳолатлари мавжудлигини кўрсатган. Хусусан, санитария-гигиена талабларига амал қилинмагани оқибатида бир қанча бола оғир касалликларга чалинган. Рационда белгиланган овқатлар тўлиқ берилмагани сабабли болаларнинг жисмоний ривожланишида камчиликлар вужудга келган.

Шунингдек, болалар тиббий кўрикдан ўтказилаётганда уларнинг баданларида жароҳат излари борлиги маълум бўлган. Тарбияланувчиларнинг ўзлари жамғарма ходимларига меҳрибонлик уйлари хизматчиларининг зўравонликларидан ҳимоя қилишни сўраб мурожаат қилган.

Матбуот анжуманида таъкидланишича, меҳрибонлик уйларини озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминловчи “Меҳр савдо” бирлашмаси кўп йиллар давомида қаллоблик билан шуғулланиб келган. Лола Каримованинг айтишича, бирлашма меҳрибонлик уйларига сифатсиз, истеъмол муддати ўтиб кетган маҳсулотларни етказиб берган.

Анжуманда қайд этилишича, бугунги кунда Тошкентдаги олтита меҳрибонлик уйида 800 дан ортиқ бола тарбиялади. Дайди болалар сони эса, расмий маълумотларга кўра, 2000 дан ортиқ.

Л.Каримованинг таъкидлашича, қаровсиз қолган бу болалар инсон ички аъзоларини хорижга сотиш билан шуғулланувчилар қурбонига айланиши эҳтимоли мавжуд.

Мутасаддиларнинг айтишича, жамғарма ҳузурида янги ташкил этилаётган Реабилитация маркази ана шу қаровсиз болаларни қабул қилиш муассасалари ва меҳрибонлик уйлари ўртасида ўзига хос кўприк вазифасини бажариши лозим.

Кузатувчиларнинг таъкидлашича, матбуот анжуманида Лола Каримова етим болалар муаммолари ҳақида анча-мунча танқидий фикрлар айтган. Бироқ бу муаммоларнинг келиб чиқиш сабаблари, илдизлари ҳақида ҳеч қандай мулоҳаза билдирилмаган.

“Озод овоз” ташкилоти раиси Бобомурод Абдуллаевнинг айтишича, Л.Каримова бу илдиз қаердалигини жуда яхши билади. У ўз отаси юритаётган сиёсат натижасида келиб чиқаётган бундай муаммолар сабаби ҳақида гапириши қийин.

Сиёсатшунос Малик Абдураззоқ Президент қизининг жамоатчилик ва журналистлар билан очиқ мулоқот ўтказганини, унинг қандай мақсадда ва мавзуда эканлигидан қатъи назар, ижобий баҳолади.

Айрим кузатувчиларнинг билдиришича, Лола Каримованинг хайрли ишларга бош қўшаётгани аслида реклама бўлиб, келажакда ундан сиёсий мақсадларда ҳам фойдаланилиши мумкин.
XS
SM
MD
LG