Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 10:30

Адвокатлар иш ташламоқчи


Тошкент адвокатлар уюшмасининг 29 ноябрь куни бўлиб ўтган йиғилиши қатнашчилари Президент Ислом Каримов номига мурожаатнома ҳамда 3 декабрдан 13 декабргача иш ташлаш ҳақида қарор қабул қилди.

Улар Вазирлар Маҳкамасининг 2002 йил 30 декабрдаги 455-қароридан норозилик сифатида шундай йўл тутишга келишиб олди.

Маълумотларга қараганда, ушбу қарор асосида адвокатларнинг даромадларидан ижтимоий суғурта тўловлари учун ушлаб қолинадиган 7 фоизлик бадал миқдори 35 фоизга кўтарилган. Адвокатларнинг айтишича, бунинг натижасида улар умумий даромадининг 70 фоизини давлат ҳисобига ўтказишга мажбур бўлмоқда.

Ўзбекистон адвокатлар уюшмаси раёсати раиси Баҳром Саломовнинг билдиришича, бу қарорни бекор қилиш ҳақида деярли бир йил давомида барча тегишли идораларга мурожаат қилинган. Лекин ҳар сафар рад жавоби олинган.

Адвокатларнинг таъкидлашича, улар инсон ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилади. Лекин бугун уларнинг ўзи ҳимояга муҳтож.

Йиғилишда сўзга чиққан адвокатларнинг фикрича, Президентга йўлланган мурожаатнома ҳам унгача етиб бормай, Президент девонида қолиб кетади. Чунки адвокатларнинг ҳуқуқларини топташдан манфаатдор амалдорлар бунга йўл қўймайди.

Йиғилиш қатнашчилари иш ташлашни Олий Мажлиснинг бўлажак сессиясига қадар ўтказишни мақсадга мувофиқ топди. Адвокат Гулбаҳор Шарипова акцияда мамлакатдаги барча адвокатларнинг қатнашиши лозимлигини таъкидлади.

Гарчи Ўзбекистон адвокатлар уюшмаси раёсатининг раиси
Баҳром Саломов Президентга қабул қилинган мурожаатнома натижасини кутишни таклиф этган бўлса-да, унинг таклифи инобатга олинмади.

Иш ташлаш тўғрисидаги таклиф овозга қўйилиб, кўпчилик томонидан қабул қилинди.
XS
SM
MD
LG