Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 15:34

Адвокатлар муаммо ижобий ҳал этилишидан умидвор


“Озодлик” радиоси илгари хабар берганидек, Тошкент шаҳар адвокатлар уюшмасининг 29 ноябрда бўлиб ўтган йиғилишида 3-13 декабрь кунлари иш ташлаш ўтказишга қарор қилинган эди.

Ушбу йиғилишда адвокатлар ўз даромадларининг 70 фоизини давлатга солиқ сифатида тўлаётганларидан норозилик билдирган эди ва Президент номига мурожаатнома ҳам қабул қилганди.

Хабарларга қараганда, 2 декабрь куни мазкур масала юзасидан Ўзбекистон адвокатлар уюшмасининг раёсат йиғилиши ўтказилган. Раёсат раиси Баҳром Саломовнинг айтишича, 29 ноябрь куни бўлиб ўтган умумий мажлиснинг қарори қонуний кучга эмас, деб топилган. Бу қарор кучга кириши учун Тошкент шаҳрида рўйхатга олинган барча адвокатларнинг 30 фоизи иш ташлашни маъқуллаб овоз бериши лозим экан.

Б.Саломовнинг билдиришича, норозилик акциясини ўтказиш вақтинча тўхтатиб турилганига яна бир сабаб адвокатларнинг солиқ ва бошқа тўловлари масаласи Олий Мажлис кун тартибига киритилгани тўғрисида юқори ташкилотлар томонидан ваъда берилганидир. Расмийлар муаммонинг ижобий ҳал этилишига ишонтирган.

Адвокатларнинг кўпчилиги “Озодлик” мухбири билан суҳбатда улар иш ташлашни вақтинча тўхтатганини тасдиқлади. Шунга қарамай, айрим хабарларга қараганда, баъзи адвокатларнинг иш ташлагани кузатилган. Уларнинг ёки раёсат қароридан хабари йўқ, ёки ўз норозилигини якка тартибда изҳор қилмоқчи, дейди манбалар.

Ушбу воқеалар ривожидан бохабар кузатувчиларнинг айтишича, муаммонинг Олий Мажлис кун тартибига киритилганини адвокатларнинг ютуғи сифатида баҳолаш мумкин. Лекин парламентда унинг ижобий ҳал этилиши жуда қийин. Чунки адвокатларнинг даромадларидан катта миқдорда солиқ ва бошқа тўловлар олиш тўғрисидаги ҳукумат қарорига Президент Ислом Каримов имзо чеккан.

Адвокатлар эса Олий Мажлис уларнинг муаммосини ҳал этмаса, иш ташлашни бошлаши ҳақида гапирмоқда.
XS
SM
MD
LG