Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 02:28

Муҳаммад Солиҳнинг китоби қайтариб берилмади


“Эрк” партияси аъзоси Ойгул Маматова ва Ўзбекистон инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мустақил ташкилоти раиси Абдуҳошим Ғафуровдан бундан бир қанча вақт муқаддам мусодара қилинган ҳужжатлар, китоблар ва буюмлар 4 декабрь куни қисман қайтариб берилди.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 14 октябрь куни О.Маматова ва А.Ғафуров кетаётган автомобиль милиция ходимлари томонидан тўхтатилиб, машина ичидаги барча буюм, ҳужжатлар ва китоблар мусодара қилинган эди. Шу куни О.Маматова яшаётган хонадон ҳам тинтув қилиниб, компьютер, пул ва бошқа нарсалар олиб қўйилганди.

О.Маматованинг айтишича, мусодара қилинган буюмлар ичида Муҳаммад Солиҳнинг китоблари, партия қурултойига оид ҳужжатлар бўлган.

Ушбу буюмларни қайтариш учун эркчилар ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотлари анча ҳаракат қилган эди. Жумладан, пикетлар уюштирилган, халқаро ташкилотларга мурожаат қилинганди.

4 декабрда Тошкент шаҳар Собир Раҳимов тумани ички ишлар бўлими ходимлари О.Маматовани мазкур буюмларни олиб кетиш учун бўлимга таклиф этди.

Бўлим терговчиси Равшан Қурбонов мусодара қилинган компьютер, шахсий буюмларни қайтариб бериш ҳақида акт қилди. Бироқ, О.Маматованинг айтишича, партия аъзоларидан 160 нафарининг, жумладан, ўзининг мусодара қилинган буюмлар орасида бўлган партия билети қайтарилмади. Терговчи олинган нарсаларнинг бори шу, деб туриб олди.

Шунингдек, мусодара қилинган 400 АҚШ доллари ва 792 минг сўм пул ҳам бошқа куни қайтариладиган бўлди.

“Озодлик” мухбири ҳам О.Маматова ва терговчи билан бирга ИИБ архиви хонасига (мусодара қилинган буюмлар шу ерда сақланаётган экан) кирганида қоғоз тахламлари орасида Муҳаммад Солиҳнинг “Йўлнома” китоби борлигига эътибор қаратди. Терговчи, ҳеч қандай изоҳсиз, бу китоблар қайтарилмаслигини билдирди.

О.Маматованинг айтишича, ички ишлар ходимлари бу китоблардан бошқа барча буюмларни қайтаришга ваъда берган.
XS
SM
MD
LG