Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 12:28

Инсон ҳуқуқлари бузилиши кўпаймоқда


9 декабрь куни “Freedom house” ташкилотининг Тошкентдаги ваколатхонасида Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро куни муносабати билан матбуот анжумани ўтказилди. Тадбир “Эзгулик” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти томонидан ташкил этилди.

Эслатиб ўтамиз, “Эзгулик” Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи нодавлат ташкилотлари орасида расман рўйхатдан ўтган икки муассасанинг биридир.

Мазкур ташкилот раисаси Васила Иноятованинг 10 декабрь - Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро куни муносабати билан ташкил этилган анжуманда билдиришича, Ўзбекистондаги бугунги оғир иқтисодий шароит, инсон ҳуқуқларининг бузилаётгани юзасидан ташкилот расмий идораларга кўп бор мурожаат қилган. Лекин бу сўровларга умуман жавоб олинмаган.

Ташкилотнинг вилоятлардан келган вакиллари жойларда инсон ҳуқуқлари масаласи тобора ёмонлашиб бораётганини таъкидлади.

Хусусан, “Эзгулик”нинг Фарғона вилояти бўлими раиси Исмоил Дадажонов маҳаллий ҳокимият томонидан инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларидан бир нечаси таъқиб ва тазйиқларга дучор қилинаётганини билдирди. Унинг айтишича, ҳукумат ҳуқуқ ҳимоячилари кўтариб чиқаёган масалаларга эътибор қаратиш ўрнига уларнинг фаолиятини турли йўллар билан чеклашга интилмоқда.

“Эзгулик”нинг Наманган вилояти бўлими раиси Аҳмад Абдуллаевнинг таъкидлашича, расмийлар нафақат маҳаллий ҳуқуқ ҳимоячиларига, балки хорижий ташкилотлар аъзолари фаолиятига ҳам тўсқинлик қилмоқда. Масалан, “Freedom house” вакиллари Поп туманида инсон ҳуқуқлари масаласида тренинг ўтказмоқчи бўлганда маҳаллий ҳокимлик уларни ҳақоратлаб, ҳайдаб солган.

Самарқандлик Ҳамидулла Норбековнинг маълум қилишича, ҳозир вилоятда инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларига нисбатан ҳақиқий ов бошлаган. Бунга ҳокимнинг ўзи "фатво" берган.

Анжуман ташкилотчиларининг маълумотларига қараганда, пахта терими мавсумида ҳар йили ўнлаб болалар турли сабабларга кўра ҳалок бўлмоқда.

Хоразмлик инсон ҳуқуқи ҳимоячиси Қаландар Самандаровнинг айтишича, расмий ҳисобот бўйича Хоразм вилоятининг 93 фоизи газлаштирилган. Лекин аслида ҳозир аҳолининг 60 фоизи ўтину тезак ёқиб овқат тайёрламоқда.

У, шунингдек, Ўзбекистон-Туркманистон чегарасида инсон ҳуқуқлари бузилиши кўп юз бераётганини маълум қилди.
XS
SM
MD
LG