Линклар

Шошилинч хабар
09 декабр 2023, Тошкент вақти: 00:40

Конституция ҳуқуқларимиз кафолатими?


8 декабрь куни Ўзбекистонда мамлакат Конституциясининг 11 йиллиги кенг нишонланди. Маҳаллий ОАВда бу санага бағишлаб кўплаб материалар эълон қилинди.

“Озодлик” мухбири Конституция куни муносабати билан маҳаллий кузатувчиларнинг фикрларини ўрганди.

“Мазлум” инсон ҳуқуқлари ташкилотининг ижрочи директори Аъзам Турғунов фуқароларнинг билим олиш ҳуқуқи қандай таъминланаётганига эътибор қаратди. Унинг фикрича, ҳаттоки пойтахт Тошкентда билим олиш жараёни тўлақонли кечмаётир. Унинг айтишича, вилоятларни гапирмаса ҳам бўлади. Чунки бу ерларда ўқувчилар камида бир неча ой пахта даласида бўлади. Ишлаш ҳуқуқи ҳақида ҳам шундай фикрларни айтиш мумкин. Раис хўжалик миқёсида подшоҳ, унинг айтгани айтган, дегани деган. Фермерга ўзи хоҳлагандек фаолият юритишга йўл берилмайди. Эркин ҳаракатланиш ҳуқуқи ҳам таъминланмаётир. Мана мен ўзбекман, Қозоғистонда бемалол юраман. Тожикистон, Туркманистон каби ўзгалар юртини ҳам бемалол кезаман. Лекин Ўзбекистонга кириб келгандан сўнг хавотирим ошади. Чунки мени ҳар қадамда тўхтатиб, тазйиқ ўтказишади, дейди А.Турғунов.

Иқтисодчилар клуби раҳбари Ғуломқодир Турсунов асосий эътиборни фуқароларнинг Конституцияда белгиланган ҳуқуқларидан бири – меҳнат қилиш ҳуқуқининг таъминланиши билан боғлиқ жиҳатларга қаратди. Унинг таъкидлашича, ҳозир Ўзбекистонда айни шу ҳуқуқ қўпол равишда бузилмоқда. 25 миллион аҳолидан 13,5 миллиони ишга яроқли бўлса-да, уларнинг 7 миллиондан ортиғи чет элда мардикор бўлиб юрса, буни қандай тушуниш керак, дейди Турсунов, - Папуа-Янги Гвинея деган давлат бор. Биз маош тўлаш жиҳатдан улардан ҳам беш-олти марта орқада қолиб кетганмиз. Ёнимиздаги Туркманистондан шу жиҳатдан анча қолоқмиз. Мамлакатимиз бой бўла туриб шундай қашшоқликда яшаяпмиз.

А.Ғуломовнинг фикрича, мамлакатнинг мавжуд иқтисодий-табиий имкониятларидан келиб чиқиладиган бўлса, аҳолининг хорижга иш ахтариб кетишига асло ҳожат йўқ. Ваҳоланки, амалдаги ҳукумат ўзбекларни мардикор қилиб, дунёга тарқатиб юборди, дея хулоса қилди суҳбатдошимиз.

Мустақил кузатувчи Баҳодир Чиғатойнинг таъкидлашича, бугунги кунда мамлакат аҳолисининг ўзи ҳам конституциявий ҳуқуқларини талаб қила олиш қурбига эга эмас. Бу ҳол айнан ҳукуматнинг ихтиёрига кўра юз бермоқда.

“Бу ҳукуматга сиёсий фикрлайдиган, давлат ва жамият, инсон ҳуқуқлари ёки сўз эркинлиги нима экани тўғрисида фикрлайдиган авлод керак эмас, - деди у. – ОАВда, қоғозда бу ҳақдаги фикрлар айтиладию, лекин амалда эътибор қаратилмайди”.

Суҳбатдошларимизнинг аксарияти Конституцияда белгиланган ҳуқуқлар амалда таъминланмаётгани, бу ҳол фуқароларнинг тинка-мадорини қуритгани ҳақида хулоса чиқарди.
XS
SM
MD
LG