Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 09:01

Чингиз Айтматов ва ўзбек китобхони


Кўпчилик кузатувчилар бугунги ўзбек ёшларининг Чингиз Айтматов ижодига эътибори анча пасайганини таъкидламоқда.

Таниқли ёзувчи Чингиз Айтматовнинг 75 йиллик юбилейи дунё миқёсида кенг нишонланди. Хусусан, Ўзбекистон жаҳон тиллари университетида ҳам “Чингиз Айтматов – жаҳон адабиёти тараққиётида” деб номланган тадбир бўлиб ўтди.

Алишер Навоий номидаги тил ва адабиёт институти катта илмий ходими Паризод Мирзааҳмедовнинг айтишича, тадбирда кўплаб ижодкорлар, шунингдек, Ч.Айтматов ижоди мухлислари қатнашган. Ч.Айтматовнинг шахсан ўзи тадбир иштирокчиларига йўллаган номани Қирғизистоннинг Ўзбекистондаги элчиси ўқиб эшиттирган. Ёзувчи номада ўзининг юбилейи ҳали Қирғизистонда нишонланмай, бироз орқага сурилиб турган бир вақтда, ўзбек мухлисларининг бу қадар эътиборидан мамнун бўлганини билдирган.

Ўзбек адибларидан бири Шукрулло “Озодлик” мухбири билан суҳбатда таниқли қирғиз ёзувчисининг кўплаб асарлари ўзбек тилига ўгирилганини эътироф этар экан, бугунги ўзбек ёшлари унинг ижодига жиддий эътибор қаратиши лозимлигини таъкидлади. У, шунингдек, Ўзбекистонда собиқ Иттифоқ даври адабиётига нохолис муносабатда бўлинаётганини билдирди.

“Шолохов, Твардовский, Бондарев каби ёзувчиларнинг асарлари кутубхоналар фондидан чиқарилаётганини эшитдим”, деди Шукрулло.

Адабиётшунос Наим Каримов улғайиб келаётган ёш авлод Чингиз Айтматов ва 20-асрнинг иккинчи ярмида ижод қилган етук адиблар меросидан етарлича бохабар эмаслигини маълум қилди.

Аксарият ўзбек адиблари ҳозир МДҲ доирасида ижодий алоқалар анча сустлашиб қолганини эътироф этмоқда. Ушбу ҳудудда дунёга келаётган янги асарлар, ижодий янгиликлардан мунтазам хабардор бўлиб туриш бугунги ўзбек адабий муҳити вакиллари учун анча мушкул кечаётир. Хусусан, ўзбек адибларининг янги асарларини ўқувчига етказиш қийин бўлиб турган бир пайтда Ч.Айтматов ижодини китобхонларимизга етказиш масаласи қанчалик оғирлигини тасаввур қилиш мумкин, демоқда улар.
XS
SM
MD
LG