Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 23:26

Ўзбекистон фуқаролари ҳалокатга учраганидан ҳукумат бехабар


Хабарларга кўра, 18 декабрь куни тунда ўзбекистонлик тадбиркорлар тушган автобус Олмаота-Тошкент автомагистралида ҳалокатга учраган. Лекин Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги шу кунгача бу ҳақда маълумотга эга эмас экан.

Қозоғистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Олмаота вилояти бўлими матбуот котиби Каиржон Тўражоновнинг сўзларига қараганда, тадбиркорларни Олмаотадан Тошкентга олиб кетаётган “Сетра” русумли автобус автомагистралнинг 545-километрида ағдарилиб кетган. Ҳайдовчи К.Олтинбеков бошқарувни эплай олмай қолган. Дастлабки тахминларга кўра, ҳайдовчи рулда ухлаб қолган ёки йўлнинг музлагани унга панд берган.

К.Тўражоновнинг билдиришича, биринчи автобус ағдарилгандан сўнг унга иккинчи автобус келиб урилган. Бу автобусда ҳам ўзбекистонлик тадбиркорлар бўлган. Бу икки автобус эса йўл четидаги яна бир автобус билан тўқнашган.

“Ҳалокат жойида Жўраев, Назаров, Қосимова ва шахси аниқланмаган яна бир киши, жами ўзбекистонлик тўрт киши ҳалок бўлган. Тўққиз киши эса турли даражадаги жароҳатлар билан Жамбул вилоятининг Тараз шаҳри шифохонасига ётқизилган”, деди матбуот котиби.

Унинг айтишича, Қозоғистон ФВВ ходимлари зудлик билан воқеа жойига етиб келган ва бу ҳақда ўзбекистонлик ҳамкасбларини огоҳлантирган.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Илҳом Зокиров мазкур воқеа юзасидан ҳеч қандай маълумотга эга эмаслиги, шу боис бу ҳақда бир нарса дейишга ожизлигини маълум қилди.

Кузатувчиларнинг таъкидлашича, ҳалокат содир бўлганидан буён шунча кун ўтса ҳам Ўзбекистон ҳукумати ва тегишли ташкилотларнинг ўз фуқаролари тақдирига бепарво экани кишини ажаблантиради.
“Озодлик” мухбири Тараз шаҳри шифохонасида ётган Ўзбекистон фуқароларининг тақдири ҳақида ҳам расмий идоралардан маълумот ола олмади.
XS
SM
MD
LG