Линклар

Шошилинч хабар
16 октябр 2024, Тошкент вақти: 13:21

Журналистнинг жазо муддати 6 йилга қисқарди


Жорий йилнинг 20 ноябрида хоразмлик журналист Шоҳназар Ёрматов 11 йиллик қамоқ жазосига ҳукм этилган эди. 26 декабрда Хоразм вилояти жиноят ишлари судида мазкур иш апелляция тартибида кўриб чиқилди.

Судда айбланувчининг ўзи иштирок этмади. Унинг адвокати Муҳаммад Хўжаниёзовнинг сўзларига қараганда, айни пайтда қамоқда жазо муддатини ўтаётган Ш.Ёрматов апелляция судида қатнашишни хоҳламаган.

Маълумотларга кўра, аввалги судда Ш.Ёрматов хавфли жиноятчи сифатида 11 йилга озодликдан маҳрум этилган. Суд уни Тошкентда шартли жазо муддатини ўтаётганига қарамай, тегишли ҳужжатларни расмийлаштирмасдан Хоразмга келиб, товламачилик ва гиёҳванд моддалар савдоси билан шуғулланишда айбдор, деб топган эди. Ш.Ёрматов мазкур судда ўзининг оғзаки рухсат олиб Хоразмга келгани хато эканини тан олган ва бошқа айбларни рад этганди.

Апелляция судида айбланувчининг адвокати М.Хўжаниёзов ўз ҳимояси остидаги шахсга нисбатан туҳмат қилинаётгани, айблов далиллари қалбакилигини таъкидлаб, Ш.Ёрматовнинг оқланишини талаб қилди.

Қайта суд жараёнида судья Оллоберганов Жиноят кодексининг 273-моддаси бешинчи банди (гиёҳванд моддаларни сотиш мақсадида сақлаш) бўйича Ш.Ёрматовга қўйилган айбловни бекор қилди. Лекин у Ш.Ёрматовни ЖКнинг 276-моддаси 2-банди (гиёҳванд моддаларни ўзи истеъмол қилиш мақсадида сақлаш) бўйича айбдор, деб топди. Мазкур ўзгаришларни ҳисобга олиб апелляция суди журналистнинг жазо муддатини олти йилга қисқартириш тўғрисида ҳукм чиқарди.
XS
SM
MD
LG