Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 15:01

Тожикистон ташқи савдо айланмасида Ўзбекистоннинг улуши 25 фоиз


29 декабр куни Тожикистон Бош вазири Оқил Оқилов амалий ташриф билан Тошкентга келди. Шу куни Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Содиқ Сафоев тожикистонлик ҳамкасби Талбак Назаров иштирокида ушбу ташриф натижалари бўйича матбуот анжумани ўтказди.

Маълумотларга кўра, Тожикисон делегацияси юк ташиш, газ ва ёнилғи-мойлаш материалларини етказиб беришда ҳисоб-китобларни ўзаро келишиб олиш, шунингдек, 2004 йилда сув-энергетика ресурсларидан фойдаланишдаги ҳамкорликни ривожлантириш ва бошқа масалаларни муҳокама этиш учун Тошкентга ташриф буюрган.

С.Сафоев икки мамлакат делегациялари ўртасидаги музокаралар самарали кечганини таъкидлади. Унинг айтишича, томонлар газ етказиб бериш, сув-энергетика ҳамкорлиги масаласида бир неча ҳужжат имзолаган. Улар Марказий Осиё ҳамкорлиги ташкилоти доирасида фаолиятларни кучайтириш хусусида келишиб олган.

Тожикистон ташқи сиёсат маҳкамаси раҳбари Т.Назаров эса музокараларда кўрилган деярли барча масалалар бўйича келишувга эришилганини қайд этди. Т.Назаровнинг айтишича, ҳозирги вақтда Тожикистон ташқи савдо айланмасининг 25 фоизи Ўзбекистон ҳиссасига тўғри келади.

Т.Назаров икки мамлакат ўртасидаги чегарани делимитация ва демаркация қилиш ижобий силжиётгани, яна 180 километрлик чегарада шундай ишлар бажарилиши лозимлигини таъкидлади.

Айни пайтда Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида виза тизими мавжуд. Т.Назаров бу масалада С.Сафоев билан яккама-якка гаплашгани, бироқ унинг ечими икки давлат раҳбарларига боғлиқлигини маълум қилди.

Бугунги кунда Тожикистонда бир миллиондан ортиқ истиқомат қилади. Айрим маълумотларга кўра, Тожикистонда ўзбекларни ҳокимият органларидан чиқиб чиқариш жараёни бормоқда. Бироқ Т.Назаров бу даъволарни инкор қилди. Унинг таъкидлашича, Тожикистонда истиқомат қилаётган барча миллатларнинг ижтимоий ва иқтисодий аҳволи бир хил. Хусусан, ўзбеклар ўз она тилларида ўқиш имкониятига эга, деди у.
XS
SM
MD
LG