Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 11:48

Демократлар Жорж Бушга рақиб танламоқдалар


"Бизни Ироқдан олиб чиқинг. Болаларимизни у ердан олиб чиқишга ёрдам беринг", - дея илтижо қилади Ню-Ҳемпширлик сайловчи демократлардан президентликка номзод бўлишга даъвогарлик қилаётган Весли Кларкдан. АҚШ армиясининг истеъфодаги генерали бўлган Кларк бошқа яна саккиз номзод орасида ноябрда бўладиган президентлик сайловларида республикачи Бушнинг рақиби бўлиш учун демократлар таянчини қозонишга ҳаракат қилмоқда. Аммо, кузатувчилар, собиқ генералнинг демократлардан президентликка ягона номзод бўла олишига шубҳа билдирмоқдалар. АҚШда чиқадиган "Бостон глоуб" газетаси Ню-Хемпшир демократлари орасида сўров ўтказганида, респондентларнинг 5 фоизи Кларкни қўллаб-қувватлашларини айтган.

Весли Кларк қатори Массачусетс штати губернатори Жон Керри, Вермонт собиқ губернатори Ҳовард Дин ва яна миссурилик конгрессмен Дик Герхард, Шимолий каролиналик Сенатор Жон Эдвардслар ҳам бўлажак президентлик сайловларида демократлардан ягона номзод бўлишликка ҳаракат қилмоқдалар.

19 январ куни Айова штатида, 27 январда эса Ню-Хемпширда демократлардан президентликка номзодларни сайлаш бўйича партия қурилтойлари бўлиб ўтади.

Вашингтондаги Кэйто институти таҳлилчиси Патрик Башамнинг айтишича, айни тадбирлар, хусусан 3 феврал куни бўладиган ҳал қилувчи қурилтой Бушга рақиб бўлиш учун беллашадиган номзодларни аниқлайди. "Таҳминимча, жанубий Каролинада бўладиган ҳал қилувчи қурултойда икки номзод беллашади. Албатта, улардан бириси Ховард Дин бўлади. Иккинчи номзод Герхард бўладими ё Кларк, буниси ҳозирча савол остида", - дейди Патрик Башам.

Сўровларга кўра, демократларнинг дастлабки қурилтойида ғолиб чиқишга Ховард Динда кўпроқ имкон бор. Айниқса демократлар вакили бўлган Диннининг Ироқ урушига қарши эътирозли чиқишлари унинг тарафдорлари сонини оширди. Яқинда Хавард Дин Ню Хемпширда қилган маърузасида Саддам Ҳусайннинг қўлга олингани Американи хавфсизроқ қилмагани, Усама бин Ладин, Шимолий Корея тарафидан келаётган таҳдид ҳамон бартараф этилмагани ҳақида гапирди.

"Агар биз мамлакатда янгича энергетика сиёсати олиб бориб, Саудияга нефт долларлари жўнатишни тўхтатсак, ўйлайманки кучли мудофаа тизимига эга бўламиз. Шахсан мен, Саддам Ҳусайн қўлга олинганидан сўнг хавфсизроқ бўлдик, деган фикрдан йироқман. Чунки, биз Ал-Қаида ва Шимолий Корея, яъни ёш болаларни бизга нафрат кўзи билан қаршага ўқитаётганларга эътибор бермадик".

Бир сўз билан айтганда Ховард Дин ўзининг Ироқ урушига эътирозли чиқишлари билан жамоатчилик эътиборини қозонишга уринмоқда. Аслида, дейишади кузатувчилар, Ховард Дин миллий хавфсизлик ва ташқи сиёсат юргизиш борасида тажрибага эга эмас. Бу борада Вьетнам уруши ветерани бўлган Керри ва 1999 йилда НАТОнинг Сербияга қарши урушига раҳбарлик қилган Кларклар Бушга муносиб рақиб сифатида кўрилмоқда.
XS
SM
MD
LG