Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 04:35

Майнага қирғин келди


Маълумотларга қараганда, Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 26 июндаги 374Ф фармойишига кўра Ўзбекистонда 1 миллионга яқин майна (қуш) отилиши лозим. Хоразмда шу кунгача қарийб 7 минг дона майна ўлдирилган.

Мутасадди ташкилотлар маълумотларида, Хоразмда 56 минг дона майна отилиши мўлжаллагани айтилмоқда. Вилоят табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси ходими Раимбой Тоировнинг айтишича, майна Ўзбекистонда ўтган асрнинг 70-йилларида пайдо бўлган. Ўшанда олимлар Афғонистон майнаси деб аталадиган бу қушнинг 270 донасини Тошкент вилоятига олиб келиб, табиат қўйнига қўйиб юборган. Бу қушларнинг қорамоллар яғринидаги қуртларни тозалаши олимларни шундай йўл тутишга ундаган.

Майна тез кўпайиши ҳисобига бугунги кунда нафақат Ўзбекистон, балки бутун Марказий Осиёга тарқалиб улгурди.

Кузатувларга кўра, майна табиатга ва қишлоқ хўжалиги соҳасига катта зарар етказмоқда. Уларнинг дастидан узум ва мева-чевалар ҳосили тобора камайиб бормоқда.

Вазирлар Маҳкамаси майнанинг халқ хўжалигига зарарини камайтириш мақсадида уларни отиш тадбирини ўтказиш бўйича фармойиш қабул қилган. Унинг ижроси Ички ишлар вазирлиги томонидан таъминланиши кўрсатиб ўтилган. Бу ишга овчилар жамиятлари ҳам жалб этилган.

Вилоят овчилар жамияти раиси Эркин Машариповнинг айтишича, Хоразмга майна отиш учун 25 минг дона ўқ келтирилган. Овчилар қушни отгандан сўнг гилзани ва қуш оёғини тегишли идорага топширади. Овчиларнинг ўзлари ҳам майнани отишдан манфаатдор. Чунки унинг гўшти жуда ширин бўлади. Шовот тумани овчилари майна отиш бўйича вилоятда пешқадамлик қилаётибди. Энг илғор овчилар эса рағбатлантирилмоқда. Масалан, мингта майна отган овчига дам олиш учун бепул йўлланма берилиши белгиланган.
XS
SM
MD
LG