Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 17:07

Демократлар Бушга рақиб танламоқдалар


Душанба куни АҚШнинг Айова штатида Демократик партия намояндалари президентликка номзодлар танлашни бошладилар. Сўровларга кўра, Жон Керри, Ховард Дин, Ричард Гепхардт ва Жон Эдвардсларда бўлажак президентлик сайловларида демократлардан республикачи Бушнинг рақиби бўлишга кўпроқ имконият бор. Америкада номзодларни танлаш жараёнини матбуот орқали кузатаётган ҳамкасбим Ҳурмат Бобожон ҳозир студияда.

Абдулла Искандар: Ҳурмат дастлаб, АҚШда президентлик сайлови олдидан номзодларни аниқлаш тартибини тушунтириб берсангиз...

Ҳурмат Бобожон: Душанба куни АҚШда сайловолди тадбирлари расман бошланди десак бўлади. Яъни, демократлар шу йил 2 ноябрда ўтказиладиган Президентлик сайловларида Жорж Бушга муқобил номзодни танлашга киришдилар. Бу жараён, Америка сайлов тизими бўйича бир неча ой давом этиши мумкин. Айова штатида 19 январда бошланган партия фаолларининг ёпиқ қурултойларида унинг қатнашчилари, яъни делегатлар у ёки бу номзод юзасидан ўз қарашларини билдирадилар. Биргина Айова штатида икки мингга яқин ана шундай қурилтой бўлиб ўтади. Уларда номзодликка даъвогарлардан қайси бири кўп таянч қозонса, ана шу даъвогар Айова штати бўйича ютиб чиққан ҳисобланади. Бир сўз билан айтганда бу тадбирларни чемпионат олдидан саралаш мусобақаларига қиёслаш мумкин.

АИ: Айова штатидаги тадбирларда ютиб чиқиш у ёки бу даъвогар учун нимани англатади?

ҲБ:Қурултойларда у ёки бу даъвогарнинг ютиб чиқиши унинг тасдиқланганини англатмайди. Масалан, АҚШнинг олдинги президентлари катта Жорж Буш ҳам, Билл Клинтон ҳам бошланғич қурултойларини бой беришган. Аммо, бошқа танлов натижалари бўйича, номзодликка тасдиқланиб, ҳатто сайловларни ҳам ютиб чиқишган эди.

27 январ куни Демократларнинг яна бир таянчи бўлган Ню Хэмпшир штатида ҳам қурилтойлар бўлиб ўтади. Мана шу йиғинлар, яъни Айова ва Ню Хмпширдаги қурултойлар натижалари жамланганидан сўнг, демократларнинг умуммиллий қурултойи бўлиб ўтади. Июн ойига белгиланган демократларнинг ана шу йиғинида бўлажак сайловларда Бушнинг рақиби ким бўлиши расман эълон қилинади.

АИ: Ҳурмат, ҳозирга қадар демократлар рўйхатидаги қайси бир даъвогарларнинг номзод бўлишга имконияти кўпроқ?

ҲБ:Айова штати бўйича қарайдиган бўлсак, шу пайтгача Ховард Дин ва Ричард Гепхарднинг номзодликни қозониш имконлари кўпроқ экани айтилаётган эди. Аммо, "Ню Йорк Таймс" газетасининг ёзишича, сўнгги сўровлар Айова қурултойларида Жон Керри ютиб чиқиши эхтимоли катта эканини кўрсатган.

Аммо, Ню Хэмпширда ўтказилган сўровларга кўра, у ерда демократларнинг кўпчилиги ҳали ҳам Ховард Динни қўллаб- қувватлаётганликларини айтиш мумкин. Айниқса Диннининг Ироқ урушига қарши эътирозли чиқишлари унинг тарафдорлари сонини оширган. Яқинда Ховард Дин Ню Хемпширда қилган маърузасида Саддам Ҳусайннинг қўлга олингани Американи хавфсизроқ қилмагани, Усама бин Ладин, Шимолий Корея тарафидан келаётган таҳдид ҳамон бартараф этилмагани ҳақида гапирган эди.
Аммо, аслида, дейишади кузатувчилар, Ховард Дин миллий хавфсизлик ва ташқи сиёсат юргизиш борасида етарли тажрибага эга эмас. Бу борада Вьетнам уруши ветерани бўлган Жон Керри Бушга муносиб рақиб сифатида кўрилмоқда.


Демократларнинг номзодларни аниқлаш бўйича ўтказган қурултойи натижалари ҳақида кейинги эшиттиришларимизда мунтазам бериб борамиз.
XS
SM
MD
LG