Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 16:25

ХОТИН-ҚИЗЛАР ТУРМАСИ


Қирғизистон Республикасининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили - Омбудсмени Турсунбой Бакир ўғли 15 январдан 19 январгача Чуй вилоятида жойлашган қамоқхоналар ва тергов изоляторларида бўлиб, аҳвол билан танишди. Омбудсменнинг турмаларда ўтказган учрашувларига Озод Европа/Озодлик радиоси мухбири ҳам қатнашди.

Қирғизистон Республикаси Ҳақиқатчиси Турсунбой Бакир ўғлининг ("Ҳақиқатчи" сўзи метафора эмас, бу Қирғизистон Омбудсменининг расмий номи) айтишича, қамоқдагиларга берилаётган озиқ-овқатнинг сифати ёмон, камераларнинг санитария аҳволи ночор, икки кишига мўлжалланган камераларда 16-17 кишидан одам бор.

Маҳбус қизлардан бири оғриган тишини даволаш учун уйидан дори келтириб беришларини кутаётганини айтади.

Қамоқхонанинг тиббиёт қисмида дорилар бор, бироқ, ҳар доим ҳам бераверишмайди. Тиш докторига борсак, гоҳ у дори йўқ, гоҳ бу дори йўқ, деб вақтида даволашмайди. Ҳар қандай касалга битта дори - аспирин бераверишади, - дейди у.

Қирғизистон Ҳақиқатчиси 4 кун давомида асосан хотин-қизлар ва вояга етмаганлар сақланувчи қамоқхоналарни бориб кўрди.

Ҳақиқатчига ҳамроҳлик қилган Озодлик мухбири турмаларда ўтирган ўнлаб аёл билан суҳбатлашди. Бу суҳбатларга асосланиб, жамият танасидаги барча оғриқларни аниқласа бўлгудек.

Вояга етмай туриб жиноят йўлига кирган мана бу қизча ўз тақдири учун пиёниста отасини айблайди.

- Мен бу ердан чиқсам ҳам уйимизга бормайман. Отамнинг юзига қарагим келмайди. Шундай бўлиб қолишимга отам айбдор. Ундан қўрқиб онам билан уйдан қочардик, ҳар доим. Онамга раҳмат, онамдан розиман, - дейди ҳали балоғат ёшига етмаган аристон қиз Нозгул.

Мана бу аёл эса, эрининг қотили. Эрини пичоқлаб ўлдирган. Ёмон кўрганидан эмас, яхши кўрганидан. Рашк қилганидан ўлдириб қўйган.

- Яхши кўрардим, ундан кетгим келмасди. Меники бўлмасанг, бошқаникиям бўлмайсан, деб пичоқ билан тилаверибман уни ётқизиб олиб... Нима қилаётганимни ўша пайтда тушунганим ҳам йўқ, - деб зор-зор йиғлайди маҳбус аёл.

Қирғизистон Ҳақиқатчиси бориб кўрган аёллар ва болалар колонияларида шу ерда, зонада дунёга келган болалар яшовчи махсус бўлимлар ҳам бор. Бу гўдакларнинг бор-йўқ айби уларни туққан оналарнинг аристон эканлигидир. Бу болалар қамоқхона муҳитида шуурларига аристонча кўникмаларни сингдириб ўсаяптилар.

Улар билан ўтказган учрашувидан қолган таассуроти тўғрисида айтар экан, Турсунбой Бакир:

"совға сифатида қоғоз-қалам, ширинликлар олиб бордим, қўлимдан олишмади, стол устида қолдиринг, кейин оливоламиз, дейишди", - дейди ҳайрон бўлиб. Ҳақиқатчи бундай муомаланинг сири нимадалигини кейин тушунганини айтади.

Қирғизистон Республикаси Ҳақиқатчиси (Омбудсмени) Турсунбай Бакир ўғли аёллар ва вояга етмаганлар колонияларидаги аҳвол билан 4 кун давомида танишгач, жамият турмадагиларнинг шароитини яхшилаш устида бош қотириши лозим, деган фикрга келганини билдирди. У ижроия ҳокимиятдан озодликка чиқувчиларни жамиятга қайтариш бўйича давлат дастури қабул қилишни сўраяжагини, мамлакат парламентига эса, турмалардаги аҳвол юзасидан ҳисобот юбораяжагини маълум қилди.
XS
SM
MD
LG