Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 07:13

"Ўзбекистонда судлар мустақил… Фақат халқдан"


22 январь куни инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларидан бир гуруҳи Тошкент шаҳар ҳокимлиги биносини пикет қилди. Улар ҳуқуқ-тартибот органлари ва давлат идоралари томонидан йўл қўйилаётган ноқонуний ҳаракатларга чек қўйилишини талаб қилди.

Пикетчиларнинг таъкидлашича, Ўзбекистон суд-прокуратура тизимида инсон ҳуқуқларининг қўпол бузилиши ҳамон давом этмоқда. Судлар прокуратура билан тил бириктириб, ўзларига маъқул ҳукмлар чиқармоқда.

Инсон ҳуқуқлари фаоли Константин Степановнинг сўзларига қараганда, арз-шикоятлар билан Президент девони ва Вазирлар Маҳкамаси олдига яқинлашиб бўлмайди. Бош прокуратура ҳеч кимнинг дардига қулоқ тутмайди, судлар мустақил эмас. Судланувчилар ҳатто сўнгги сўздан ҳам маҳрум этилмоқда. Суд терговда қўйилган айблар асосида ҳукм чиқаради.

К.Степанов: "бугунги кунда Ўзбекистонда судлар ҳам, прокуратура, Адлия вазирлиги, Вазирлар Маҳкамаси, Президент девони ҳам мустақил, мустақил бўлгандаям халқдан мустақил",- деди.

Пикетда маиший масалаларда судлар чиқарган ҳукмлардан норози бўлганлар ҳам иштирок этди. Фан доктори, профессор Исмоил Аҳмедов ўзининг ишдан ноқонуний бўшатилгани учун ҳақиқат талаб қилиб норозилик чиқишида қатнашаётган экан. Унинг айтишича, Акмал Икромов туман суди уни ишга қайта тиклаган. Бироқ юқоридан кимларнингдир аралашуви туфайли шаҳар суди бу ҳукмни бекор қилган. Олти ой илгари Олий судга ёзилган аризаси эса ҳали ҳам кўриб чиқилмаган.

Пикетга Собир Отамирзаев исмли ёш йигит ҳам чиққан эди. Унинг айтишича, Тошкентдаги АҚШ элчихонаси олдида оиласининг хусусий қаҳвахонаси бўлган. Элчихона хавфсизлиги нуқтаи назаридан қаҳвахона бузиб ташланган, лекин бунинг учун унга ҳеч ким товон пули тўламаган. Қилган арзлари эса натижасиз қолган.

Фуқаро кийимидаги милиция ходимлари пикетни кузатиб турди. Бироқ ҳеч кимга тазйиқ ўтказилмади. Ҳокимлик маъмурлари томонидан эса пикетчиларга муносабат билдирилмади.
XS
SM
MD
LG