Линклар

Шошилинч хабар
08 ноябр 2024, Тошкент вақти: 16:04

Ҳайдовчилар иш ташлади


Тўлқин Хабарларга қараганда, “Марғилон такси саройи” очиқ акциядорлик жамиятининг қирққа яқин ҳайдовчиси 21 январдан буён иш ташлаш ўтказмоқда.

Норозилик акцияси иштирокчиси Муҳаммаджон Холмуродовнинг айтишича, бундан 15 кун муқаддам акциядорлик жамиятига Маъруфжон Турғунов директор этиб сайланган. Янги раҳбар ҳайдовчиларнинг иш режасини ўзгартириб, бензин, ёқилғи-мойлаш материалларига кетган харажатлардан ташқари жамият ҳисобига кунига 5,5 минг сўм топширишни белгилаган. Бундан норози бўлган ҳайдовчилар иш ташлаган. Чунки янги раҳбарнинг талабларини бажариш улар учун имконсиздир.

Акция иштирокчиси Жамолиддин Акбаров Марғилон такси саройи ташкил этилган 1990 йилда у самарали фаолият кўрсатганини айтади. Унинг сўзларига қараганда, сарой акциядорлик жамиятига айлантирилгандан сўнг талон-тарож оқибатида инқирозга юз тута бошлаган. Акциялар қандай сотилгани яширилган. Машиналар эса сотиб юборилмоқда. Янги машиналар олиб келиш ваъдаси бажарилмай қолмоқда. Ҳозир саройда 32 дона маршрут такси қолган. Уларнинг ҳам 25-28 тасидан фойдаланилмоқда. Бу машиналар харажатлари ҳам ҳайдовчиларнинг зиммасида.

Ҳайдовчилар дивидендларни ҳам вақтида олмасликлари, эҳтиёт қисмлар, ёнилғи-мойлаш материалларини ўз ҳисобидан харид қилишини, дард устига чипқон, дегандек янги раҳбар ижара ҳақини ҳам оширганини билдирди. Улар муаммолар хусусида мутасадди раҳбарларга ҳам мурожаат қилган. Бироқ, М.Холмуродовнинг айтишича, ўзларини қониқтирадиган жавоб олмаган.

Фарғонадаги “Ўтюраклар” клуби раҳбари Мўътабар Тожибоеванинг таъкидлашича, ҳайдовчилар иш ташлаш уюштиришга қарор қилгандан сўнг уларнинг вакиллари Марғилон шаҳри ҳокими, Олий Мажлис депутати Аъзамхон Акрамов қабулида бўлган. Бироқ ҳоким ҳайдовчиларнинг талабларига ҳеч қандай муносабат билдирмаган.

Маълумотларга кўра, марғилонлик ҳайдовчиларнинг иш ташлаш акцияси давом этмоқда. (24 январ)
XS
SM
MD
LG