Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 15:34

Автобуслар тунда юрмайди


Хабарларга кўра, 24 январдан 25 январга ўтар кечаси Самарқанд-Тошкент йўналиши бўйича қатновчи автобусга ҳужум уюштирилгач, Вазирлар Маҳкамаси ва Ички ишлар вазирлиги кўрсатмаси билан автобусларнинг тунда юриши маън қилинган.

Мазкур маълумотни текшириш учун “Озодлик” мухбири “Тошкент” вокзали маъмурларига сим қоқди. Навбатчи диспетчернинг айтишича, ҳақиқатан ҳам айни пайтда автобуслар аввалгидан бир-икки соат вақтли жўнамоқда. Бу ҳақда оғзаки кўрсатма берилган.

Тошкент-Шаҳрисабз йўналишида қатновчи автобус ҳайдовчисининг таъкидлашича, агар илгари йўлда 7-8 соат вақт сарфланган бўлса, энди манзилга етгунча икки баробар кўп вақт кетмоқда. Чунки йўл-патруль хизмати постларида автобуслар соат 20 дан эрталабки 6 гача ушлаб туриляпти.

Ҳайдовчининг билдиришича, йўловчилар бундай мажбурий тўхташлардан қийналмоқда. Бировнинг эмизикли боласи бор, бошқаси касалманд, ҳаво эса совуқ. Ўриндиқда ўтириб тонг оттириш қанчалик азоблиги кўпчиликка маълум.

“Хавфсизликни таъминлаш мақсадида шундай йўл тутишяпти. Балки бу яхшидир. Лекин минглаб йўловчиларни дуч келган постда тўхтатиб, тонг ўтгунча ушлаб туриш муаммонинг ечими эмас. Бундан кўра йўлдаги патруль хизмати фаолиятини яхшироқ йўлга қўйиш маъқулроқ бўларди”, деди ҳайдовчи.

Ҳайдовчиларнинг таъкидлашича, йўллардаги бу сарсонгарчиликка 24 январдан 25 январга ўтар кечаси Самарқанд-Тошкент йўналишида қатнаётган автобусга Чиноз тумани ҳудудида қуролли ҳужум уюштирилгани сабаб бўлмоқда.

“Озодлик” радиоси ушбу ҳодиса ҳақида ўз вақтида хабар берган эди. Лекин воқеа Ўзбекистон оммавий ахборот воситаларида ёритилмади. Бу эса турли миш-мишларни келтириб чиқармоқда. Ҳатто босқинчилик қурбонлари сони 7-8 киши экани ҳақида шов-шувлар пайдо бўлган.

Маълумотларга қараганда, автобусга уюштирилган ҳужум оқибатида Иштихон туманида яшовчи, етти фарзанднинг отаси Мусурмон Отақулов ҳалок бўлган. Автобус ҳайдовчиси Норқобил Мусурмонов эса оғир яраланган. Унинг ҳаёти ҳозир хавф остида эмас. Автобусга ҳужум қилган уч босқинчи йўловчилардан 200 минг сўм атрофида пул йиғиб олган ва ғойиб бўлган. Айни пайтда улар қидирилмоқда.
XS
SM
MD
LG