Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 11:30

Президент виртуал дунёда ҳам Президент


Яқинда Интернет тармоғида Россия Президенти Владимир Путиннинг болалар учун мўлжалланган веб-сайти пайдо бўлди. "Узнай Президента", яъни "Президент билан таниш" номли сахифада Россия давлатчилиги, демократия мохияти, Президентнинг бурчи ва вазифалари ҳақидаги мураккаб масалалар ёш болалар тушунадиган тарзда, мультфилмлар ёки интерактив ўйинлар кўринишида акс эттирилган.

Ўтган хафта сайт очилиши маросимида қатнашган Путин бу сахифа мақсади Президент шахсини улуғлаш эмаслигини алоҳида таъкидлади.

"Сайт мақсади мамлакатимизнинг ёш фуқароларига Россия давлат тизимини тушунтириш ва келажакда турли соҳаларда улар тўғри йўлни танлашларига ёрдам беришдан иборат. Бу ерда мақсад - Президент шахсини тарғиб қилиш эмас", - деди Путин.

Сайт таниқли россиялик болалар ёзувчиси Григорий Остер дизайни асосида тузилган бўлиб, ундаги маълумотлар тўрт қисмга бўлинган. Сайтга ташриф буюрган болалар "Президент", "Давлат", "Демократия сабоқлари" ва "Кремл" сўзлари ёзилган тугмачаларни босиб, тушунмаган саволларга осонликча жавоб олишлари мумкин.

Масалан, "Президент" тугмасини босишингиз билан, у ерда қатор саволлар пайдо бўлади. Уларни ўқиймиз.

"Эрталабдан кечгача Президентга тасаннолар айтиш, унинг фикрларини ҳар доим тўғри деб, қабул қилиш шартми?", - жавоб, "Йўқ шарт эмас".

"Президентга ким ойлик тўлайди?" – жавоб "Ота-онангиз".

"Президент муҳимми ёки Она?" жавоб "Албатта Она".

Бир сўз билан айтганда ёш болаларга "Президент билан таниш" сайтидан нафақат Россия раҳбари, унинг таржимаи холи ҳақида маълумот етказилади, балки Президент ҳеч кимдан устун эмас, деган фикр уқдирилади.

Дизайн жиҳатидан ҳам, мазмун жиҳатидан ҳам сайт экспертлар олқишига сазовор бўлди. Россиядаги етакчи ахборот интернет нашри ҳисобланган "Lenta.Ru" бош мухаррири Антон Носик "Озодлик" мухбири билан суҳбатда АҚШ ва яна бир неча мамлакат ҳукуматларига қарашли сайтларда ҳам давлат раҳбарлари ҳақида болалар учун мўлжалланган сахифалар борлигини айтади.

"Оқ Уй сайтида ҳам болалар учун сахифа бор. Исроилда ҳам мамлакат Президенти ҳақида сайт бор. Бутун дунёда бу тажриба қўлланилади. Чунки Президент, давлат арбоби, унинг фаолияти махфий ҳизмат эмаски, у ҳақдаги маълумотлар сир тутилса", - дейди Носик.

Франция Президентининг ҳам болалар учун мўлжалланган веб саҳифаси бор. Болалар ушбу саҳифа орқали Президентнинг Париждаги идорасига - Елисей саройига виртуал сайёҳат қилишлари ва бу сарой Президент учун омонат жой эканини тушунишлари мумкин.

Хўш, сайловларда қатнашмайдиган болалар учун махсус сайтлар очишдан Президентларга нима фойда? АҚШдаги Пенсилвания Университетининг жамоатчилик билан алоқа масалалари бўйича мутахассиси Жозеф Туро бу саволга шундай жавоб беради:

"Сиёсатчилар ҳам маркетинг мутахассислари сингари болаларни нишонга олади. Чунки, улар келажак сайловчиларидир. Шундай экан, болалар учун мўлжалланган ҳар қандай сиёсий веб-сахифада келажак учун пойдевор яратиш иддаоси бор", - дейди америкалик мутахассис.

Аммо, россиялик Антон Носик президент ҳақидаги вэб-саҳифани кучли тарғибот воситаси сифатида кўрмайди.

"Агар дарсликларда кичкина Володя Путин ҳақида ҳикоя қилина бошласа, агар бу маълумотлар мактабларда мажбурий программага айланса ёки дафтарларда президент портретлари босилса, бу ёмон. Чунки, бунжай тарғибот шахсга сиғинишни англатади. Аммо, Президент ҳақидаги маълумотлар веб-сахифага жамланса, менимча бунинг ёмон жиҳати йўқ. Чунки, қизиқса, бола уни ўқийди, қизиқмаса ўқимайди".

Аммо, таълим соҳасидаги баъзи мутахассислар интернет китоб ўрнини эгалламаслиги кераклигини айтишмоқда. Чунки, Интернет маълумот олишнинг асосий манбаи эмас, қўшимча воситадир.
XS
SM
MD
LG