Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 18:34

ТУРКМАНИСТОН - ИНСОН ҲУҚУҚЛАРИ МАМЛАКАТИ. БИР КИШИНИНГ.


Туркманистон республикаси ижтимоий-сиёсий ҳаётига оид лавҳаларимизда бу мамлакатда инсон ҳуқуқлари давлат органлари томонидан мунтазам равишда поймол этилаётганлиги тўғрисидаги кўплаб маълумотлар билан таништирганмиз.

Сапармурод Туркманбоши бошқараётган мамлакатда эндиликда мухолифатчи сифатида танилганларгина эмас, балки уларнинг қариндош-уруғларига ҳам ҳуқуқ-тартибот органлари босим ўтказаяптики, бу ҳақдаги маълумотларни куни кеча Туркман-Хельсинки жамғармаси эълон қилди.

Туркман-Хельсинки жамғармаси ҳисоботида, жумладан, шундай дейилади:

"Диктатор Ниёзовга бўйсунишни истамаётган фуқароларни ватанга қайтариш мақсадида уларнинг қариндош-уруғларини мамлакат бўйлаб хавфсизлик хизматлари гаровга олмоқда. Режимга ёқмаган одамларни яқинлари, ҳатто фарзандлари кўз ўнггида қийноққа солиш ҳолатлари бир неча бор қайд этилган. Ҳуқуқ-тартибот органларида қўлга олинганларга руҳий азоб берилади, ушланганлар ўзларига қарши кўрсатма беришга мажбурланади. Ўзларининг конституциявий ҳуқуқларини ҳимоя қилишга уринган кишиларни ишдан ҳайдайдилар, турар-жойлари ноқонунийлиги тўғрисида сохта ҳужжатлар ясаб, уйларини тортиб оладилар. Ўз ҳуқуқларини ҳорижий давлатлар дипломатик идоралари ёрдамида ҳимоя қилишга уринганларни режим шафқатсиз таъқиб қилади, кўпчилик кўз ўнгида сазойи қилиб, Ашхабоддан қувғин қилишгача бормоқда."

Озодлик мухбири ҳисобот муаллифи, Туркман-Хельсинки жамғармаси директори Тожигул Бегмедова билан боғланди.

Жамғарма эълон қилган ҳужжатни шарҳлар экан, Бегмедова хоним, ҳисоботда келтирилган маълумотлар Туркманистондаги режимга қарши чиққанларнинг барчасига тегишлидир, деди.

Бегмедова хонимга кўра, "Террорга қарши кураш, деган баҳона билан Туркманистон полицияси бегуноҳ фуқароларни таъқиб қилмоқда".

Маълум бўлишича, бундан бир ой аввал, 7 январ куни Миллий Хавфсизлик вазирлиги Ашхабод ва мамлакатнинг бошқа ҳудудларида Туркманистон Президентига суиқасд уюштирганликда айбланиб қамалган Дурдиев, Иқлимов, Жумаев, Раҳимов ва бошқаларнинг қариндош-уруғлари уйларида тинтув ўтказган. Тинтув ўтказилган уйлар рўйхатида 50дан зиёд хонадон адреси кўрсатилган. Тинтув ўтказган хавфсизлик хизмати ходимлари қурол излаётганларини айтганлар. Тинтув ўтказишга ҳақли эканликларини билдирувчи ҳужжат кўрсатмаганлар.

Бу маълумотларни Туркман-Хельсинки жамғармаси директори Тожигул Бегмедова Озодлик радиоси мухбирига берган суҳбатида тасдиқлади.

Туркманистон Президенти яқинда мамлакатдан чиқиш визаси бекор қилингани тўғрисида баёнот берган эди. Турли манбалардан олинаётган маълумотларга қараганда, бу баёнотда қилинган иддао аслида асоссиздир. Боз устига, фуқароларнинг мамлакат ичида, бир шаҳардан иккинчи шаҳарга бориши ҳам қаттиқ назорат қилинади. Бегмедова хоним, яқиндагина ўз отасининг Тошҳовуздан Ашхабодга боролмагани тўғрисида ҳикоя қилиб берди.

- Отам 17 январ куни соғлиғи ёмонлашгани туфайли Ашхабодга, Ниёзов номидаги кардиология марказига бормоқчи бўлган экан. Аэропортда рўйхатдан ўтиб, самолетга ўтирар чоғида уни аэропорт бошлиғи тўхтатибди. Қўлидаги махсус рўйхатда отамнинг ҳам фамилияси борлигини кўрсатибди, - деб ҳикоя қилади Бегмедова хоним. Шундан сўнг оқсоқолни милиция бўлимига олиб борадилар. Охир-оқибат, у даволаниш учун Ашхабодга бора олмайди.

Маълумотларга қараганда, мамлакатнинг Эрон, Ўзбекистон ва Қозоғистон билан чегараларидаги чегара ва божхона постларида, порт ва аэропортларда мамлакатдан чиқиб кетиши таъқиқланган 5 минг кишининг рўйхати бор.

Туркманистондаги инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазиятга баҳо берар экан, Москвада яшаётган туркман инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Жумамурад Қиясов:

- Туркманистонда инсон ҳуқуқлари тўғрисида гап бўлиши мумкин эмас, бу мамлакатда биргина Ниёзовнинг ҳуқуқи ҳимоя қилинади, деди.
XS
SM
MD
LG