Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 09:54

ҚИРҒИЗИСТОН ҲАҚИҚАТЧИСИНИНГ ИСЛОҲОТЛАР РЕЖАСИ


"Ҳақиқатчи" сўзи ташбеҳ эмас. Бу - Қирғизистон Республикаси Омбудсменининг расмий номи. Ҳақиқатчи Турсунбой Бакир ўғлининг яқинда бир қатор қамоқхоналардаги аҳвол билан танишиб чиққани тўғрисида ҳикоя қилган эдик.

Ҳақиқатчи идорасидан олинган маълумотларга қараганда, бир йилда бу идорага 14 мингдан зиёд фуқаро ариза билан мурожаат қилган.

Мана шу аризалар ҳамда жазони ўташ муассасаларида ўтказган текширувларига асосланиб, Ҳақиқатчи куни кеча Президент Ақаевга мурожаат қилган. Мурожаатномада суд тизимини, ҳуқуқ-тартибот органларини ислоҳ қилиш бўйича бир қатор таклифлар киритилган.

Озодлик радиоси Бишкекдаги мухбирининг хабар қилишича, ҳужжатда халқнинг судларга ишончи йўқолиб бораётгани таъкидланган. Аҳволни яхшилаш учун эса, судьяларни тайинлашда маҳаллий ҳокимият, Ҳақиқатчи, Бош прокурорнинг фикрини инобатга олиш, маслаҳатчилар судини жорий этиш, биринчи марта судланаётганлар ҳамда оғир жиноят содир этмаганларга озодликдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлмаган жазо белгилаш таклиф этилган.

Ҳақиқатчи мурожаатномасида ўлим жазосига маҳкум этилган маҳбуслар аҳволи оғирлигича қолаётганлиги билдирилган. Шу кунда Иссиқота туманида қурилаётган қамоқхонани тезроқ битириб, маҳкумларнинг ҳаммасини ўша ерга йиғиш, унгача эса, ўлим жазоси белгилашни тўхтатиб туриш, бунинг ўрнига умрбод қамоқ жазоси белгилаш таклиф этилган.

Қирғизистон Республикаси Омбудсмени Турсунбой Бакир ўғли Президент Ақаевга йўллаган мурожаатномасида Ҳокимият-Мухолифат масаласида ҳам ўз таклифларини билдирган. Ахси фожеасида қурбон бўлганлар хотирасига ҳар йили 9 мартдан 15 мартгача ҳокимият ва мухолифат ўртасида Ахсида спорт мусобақалари ўтказиб туришни таклиф қилган Ҳақиқатчи.

Ҳужжатнинг каттагина қисми республика Ички ишлар вазирлигида ислоҳотлар ўтказиш масалаларига бағишланган. Ҳақиқатчи милиция ходимларини жамоатчилик вакиллари иштирокида аттестациядан ўтказишни, ҳибсдагиларни қийнаган ходимларга нисбатан жиноят иши очишни таклиф қилади.

Қирғизистон Республикасининг Инсон ҳуқуқлари бўйича махсус вакили Турсунбой Бакир ўғлининг таклифлари, жумладан ички ишлар тизимида ислоҳотлар ўтказиш таклифи қатор таҳлилчилар фикрича, минтақа мамлакатларида ўз ечимини кутиб ётган муаммолардан биридир.

"Сулаймон нури" нодавлат ташкилоти лидери Содиқжон Маҳмудов ҳам республика ҳуқуқ-тартибот тизимида ислоҳот ўтказиш шу куннинг талаби, биринчи навбатда ходимлар масаласини ҳал қилиш лозим, деб ҳисоблайди.

Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик ташкилотининг Ички Ишлар вазирлигида ислоҳот ўтказиш бўйича Миллий ходими Шамшибек Мамировнинг фикрича, Ҳақиқатчи илгари сураётган таклифлар милиция органларини соғломлаштириш учун етарли эмас.

- Менимча, аттестация ўтказиш билан иш битмайди. Ички Ишлар вазирлиги низомига ходимларни ишга танлов асосида олиш тўғрисидага меъёрни киритиб қўйиш керак, - дейди Шамшибек Мамиров.
XS
SM
MD
LG