Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 13:03

Журналист писта сотиб, кўпроқ пул топяпти.


Кузатувчиларнинг айтишича, ойлик иш ҳақининг камлиги ёки берилмаслиги сабабли хоразмлик ишчи-хизматчилар орасида ишдан бўшаб, ўзини тижоратга ураётганлар кўпаймоқда.

Шифокор Комил Абдуллаевнинг таъкидлашича, маошларнинг камлиги таъмагирликнинг кучайишига олиб келяпти. Врач 20 минг сўм ойлик олади. Бу маблағ оиласини бир ой давомида боқишга етмайди. Бу эса ҳаммани қўшимча даромад йўлини излашга мажбур қилади.

Лекин ҳамма ҳам чой-чақа ишлаш имкониятига эга эмас. Масалан, ўқитувчилар шундай тоифага киради.

Гурлан туманидаги Беруний номидаги ўрта мактаб ўқитувчиси Зевара Ҳайитбоеванинг айтишича, моддий томондан қийналган муаллимнинг иш сифати пасайиб кетяпти. Камбағаллашиб қолган ўқитувчилар дарсга кирганда устидаги пўрим бўлмаган кийими туфайли ҳам ўқувчилари олдида хижолат бўлиши мумкин. Бунинг устига, маошлар ўз вақтида берилмайди. Уч-тўрт ойлаб кечикиб тарқатилаётган ойликларнинг бир қисми эса чек билан берилмоқда.

Ҳазорасп касб-ҳунар коллежи ўқитувчиси Ойбек Раҳимовнинг айтишича, муаллимлар маошнинг бир қисми озиқ-овқат дўконларига расмийлаштирилганига кўникиб қолган.

“Лекин бу ердан олинадиган маҳсулотларнинг нархи қиммат бўлиш билан бирга, сифати ҳам паст. Бизга ойликнинг эллик фоизи эвазига тарқатилган ароқнинг қўлбола ва ўта сифатсиз экани шундоқ маълум эди. Сертификатини сўраганимизда ҳам кўрсатишмади”, дейди у.

Кузатувчиларнинг сўзларига қараганда, вилоятдаги бундай аҳвол ишчи-хизматчиларни қўшни давлатларга иш излаб кетишга, имкони борларини эса тижорат билан шуғулланишга мажбур этмоқда.

“Мен бир журналистни биламан. Яхши ташкилотларда ҳам, газетада ҳам ишлаган. Ҳозир у Урганч шаҳрида писта сотиб ўтирибди. Нега дипломли бўла туриб бундай иш билан шуғулланяпсан, деб сўрасангиз, писта ва сақич сотишдан топган пули илгари олган маошидан кўпроқ эканини айтади. Бу инсон ҳам моддий томондан қийналгани туфайли шу иш билан шуғуллана бошлаган, деб ўйлайман”, деди кузатувчилардан бири.
XS
SM
MD
LG