Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 17:18

Сессияда партияларга пул бериш масаласи кўрилади.


Маҳаллий матбуот хабарига кўра, иккинчи чақириқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг 14-сессияси 29 апрель куни Тошкент шаҳрида чақирилади.

Унда айтилишича, сессия кун тартибига 8 та масала киритилган. Булар: “Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари сайлови тўғрисида”, “Электрон ҳужжат айланиши тўғрисида”, “Электрон тижорат тўғрисида”, “Қизил ярим ой ва қизил хоч тимсолларидан фойдаланиш ҳамда уларни ҳимоя қилиш тўғрисида”, “Сиёсий партияларни давлат томонидан молиялаштириш тўғрисида” ва “Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни ошкоралаштиришга (легаллаштиришга) ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш тўғрисида”ги қонун лойиҳалари ҳамда давлат бюжетининг 2003 йилдаги ижроси ва айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги масалаларни муҳокама этиш.

“Озодлик” мухбири сессияда муҳокама этилиши кўзланган “Электрон ҳужжат айланиши тўғрисида” ва “Электрон тижорат тўғрисида”ги қонун лойиҳалари моҳият-мақсади хусусида Алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги ҳузуридаги Фан-техника ва маркетинг тадқиқотлари маркази директори Рихси Исаев билан суҳбатлашди. Бу мутахассис Олий Мажлиснинг Саноат, транспорт, алоқа қўмитаси билан ҳамкорликда айни қонун лойиҳалари устида иш олиб бормоқда.

Р.Исаевнинг айтишича, мазкур қонун лойиҳалари қабул қилинса, фуқаролар, ташкилотлар ва корхоналар зарур ҳужжатларни тегишли идораларга электрон алоқа воситалари орқали юбориши ёки олиши мумкин бўлади. Шунингдек, улар тўғридан-тўғри электрон ахборот ресурслари тармоғига кириб, зарур ҳужжатлар билан танишиши ва олиши мумкин.

Ҳозирда Буюк Британия, Канада, Австралия, АҚШ, Италия каби мамлакатларда электрон ҳукумат, яъни давлат бошқарувининг Интернет орқали амалга оширилиши ва бундан фуқароларнинг бевосита хабардорлиги таъминланган. Бироқ, Р.Исаевнинг билдиришича, Ўзбекистонда ҳукумат идоралариаро ҳужжатлар айланиш тармоғи, асосан, Интернетдан ташқарида бўлади.

29 апрелда бошланадиган сессияда ҳозирданоқ айрим баҳсларга сабаб бўлаётган “Сиёсий партияларни давлат томонидан молиялаштириш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ҳам муҳокама этилади. Кузатувчилар сиёсий партияларнинг давлат томонидан молиялаштирилиши демократик тамойилларга зидлигини таъкидламоқда.

Мустақил кузатувчи Комрон Алиевнинг фикрича, мазкур қонуннинг кун тартибига қўйилишига мамлакатда рўйхатга олинган бешта сиёсий партиянинг бугунги кундаги молиявий аҳволи сабаб бўлиши мумкин. Чунки бу партиялар аҳволи анча ночор. Агар улар ҳукумат томонидан маблағ билан таъминланмаса, тамомила фаолият кўрсата олмай қолиши эҳтимоли йўқ эмас.
XS
SM
MD
LG