Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 06:34

Постсовет республикаларида импичмент фасли


Литва парламенти - Сейм мамлакат Президенти Роландас Паксасга ишончсизлик билдиргани ва натижада Президент ишдан кетганидан Сиз тингловчини ўз вақтида хабардор қилган эдик. 8 апрел куни эса, Қирғизистон парламенти -Жўғўрқу Кенеш депутатлари мамлакат Бош Вазири Николай Танаевга ишончсизлик билдириш масаласи бўйича овоз бердилар.

Литванинг эндиликда собиқ Президенти Паксасдан фарқли ўлароқ, Қирғизистон Бош Вазири Танаев ўз амалида қолди. Республика парламенти Халқ вакиллари палатасида ҳукумат раисига ишончсизлик билдириш масаласи юзасидан ўтказилган овоз бериш натижалари Бош Вазир фойдасига ҳал бўлди: 27 депутат Танаевга ишонмаслигини, 14 депутат эса, унга ишонишини билдирди. Шундай қилиб, ҳукумат раисини ишдан бўшатиш тўғрисидаги таклиф ўтмади. Танаев вазифасида қолди.

Хўш, нима учун Бош Вазирни ишдан бўшатмоқчи бўлдилар?

Озодликнинг Бишкекдаги мухбири хабар қилишича, Қирғизистон ҳукумати Бишкекнинг қадри баланд қисмида "Маданий-маъмурий-тадбиркорлик маркази" биносини қуриш учун 162 гектар ер бўлиб бериш тўғрисида қарор қабул қилган. Депутатлар чоршанба куни ана ўша қарорнинг тафтишини бошлаган ва тафтиш давомида бир қатор қонунбузарликларга йўл қўйилганини аниқлаганлар.

"Масалани ўрганаётганимизда 13,5 гектар ернинг бир хусусий ширкатга бериб юборилгани аниқланди. Бу Қирғизистон фуқароларининг ҳуқуқларини бузиш, демакдир. Минглаб кишилар уй-жой солиш учун ер ололмай турган бир пайтда баъзилар ер сотиб пул ишлаяпти. Биз мана шунга қаршилик кўрсатдик", - дейди депутат Исҳоқ Масалиев.

Унинг айтишича, Николай Танаев 700 миллион сўмлик қарзи бор бир корхонадан шахсий мақсадлари учун 104 минг доллар қарз кўтарган. Мана шу ҳолат ҳам унга нисбатан ишончсизлик билдириш масаласининг кун тартибига чиқишига сабаб бўлган.

Николай Танаевга ишончсизлик билдириш масаласи кўрилаётган пайтда, деб хабар беради Озодлик мухбири, Президент Асқар Ақаев, Президент маъмурияти бошлиғи Тўйчибек Қосимов ҳамда Хавфсизлик Кенгаши котиби Мисир Аширқуловлардан бошқа барча юқори лавозимли амалдорлар парламент залида бўлди.

Ишончсизлик билдириш масаласи овозга қўйилиши олдидан Бош Вазир можарога сабаб бўлган масала юзасидан депутатларга ҳисобот берди. Афтидан, Бош Вазир ўз чиқиши чоғида қонунга хилоф иш қилмаганига депутатларни тўла ишонтиролмаганга ўхшайди. Унга ишончсизлик билдириш масаласи овозга қўйилди. Депутатлар ўз позицияларини бюллетенлар воситасида яширин билдирдилар.

Овоз бериш натижалари тўғрисида депутат Валерий Диль Озодлик мухбирига мана бундай деди:
"Ишончсизлик билдирилди, деган қарор қабул қилиш учун депутатлар учдан икки қисмининг овози керак эди. Бироқ, Бош Вазирга қарши овоз берган депутатлар сони 30 нафарга етгани йўқ."

Жўғўрқу Кенешнинг Халқ вакиллари палатасида 45 депутат бор. Овоз беришга 41 депутат қатнашди. Улардан 14 нафари Бош Вазирни ёқлаб овоз берди ва Николай Танаев ўз амалида қолди.

Бироқ, овоз бериш олдидан депутатлар ўз фаолиятида йўл қўйган камчиликлари туфайли Бош Вазир Николай Танаевга ишончсизлик билдириш тўғрисида қарор ҳам қабул қилган, бу ҳужжатни 32 депутат имзолаган эди. "Шунинг учун ҳам, - дейди депутат Жаниш Рустанбеков, - Бош Вазирнинг ўз амалида қолишга маънавий ҳақи йўқ."

Депутатларнинг бу қарори Президент Ақаевга юборилган. Ҳал қилувчи қарорни қабул қилиш ваколати, конституцияга кўра, Президентнинг ҳақидир.
XS
SM
MD
LG