Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 14:04

“Ҳьюман райтс уотч” ўзбек терговчиларини айблайди


13 апрель куни “Ҳьюман райтс уотч” ташкилоти Ўзбекистонда яқинда содир этилган террорчилик ҳаракати юзасидан айни пайтда олиб борилаётган тергов жараёнларига оид баёнотини эълон қилди.

Баёнотда таъкидланишича, ташкилотга сўнгги икки ҳафта давомида портлашларга алоқадорликда гумон қилиниб, 40 киши ҳибсга олингани, уларнинг 13 таси аёл, бештаси вояга етмаган ўсмир экани ҳақидаги маълумот келиб тушган. Аммо маҳаллий инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ҳибсга олинган сони Тошкентнинг ўзида юздан ортиши мумкинлиги ҳақида маълумот бермоқда.

Баёнотда ҳибсга олишлар айбловларсиз амалга оширилаётгани, қўлга олинганлар айб қўйилмасдан тергов қилинаётгани айтилади.

“Ҳьюман райт уотч”нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Алисон Гилл хонимнинг сўзларига қараганда, ҳибсга олинганлар билан уларнинг яқинлари ва адвокатлари учрашувига рухсат берилмаётир.

“Айрим ҳибсдагиларнинг қаерда сақланаётгани ҳам номаълум. Аниқлаш йўлидаги деярли барча мурожаатларимиз жавобсиз қолдирилмоқда. Бизда тергов чоғида ушланганларга тазйиқлар ўтказилаётгани ҳақида маълумотлар бор”, деди А.Гилл.

Ўзбекистон Бош прокурори Рашид Қодиров тергов жараёнларига бағишланиб 9 апрель куни ўтказилган махсус брифингда содир бўлган воқелар юзасидан мингдан ортиқ тергов-суриштирув тадбири ўтказилгани, 700 га яқин шахс сўроқ қилингани, буларнинг натижасида 54 киши ҳибсга олиниб, улардан 15 нафари аёл экани ҳақида маълум қилганди. Шунингдек, у ҳибсдагиларга қийноқлар қўлланилаётгани ҳақидаги маълумотларни ҳам инкор этганди.

Шунга қарамай, инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Суръат Икромов билдиришича, айбловларсиз ҳибсга олишлар, қаерга олиб кетилганини сир тутишлар ҳақидаги аниқ далиллар мавжуд.

“Мен бу масалада Ички ишлар вазирлиги тергов бошқармаси бошлиғи Алишер Шарафутдинов билан гаплашдим. Унга ўзимда мавжуд маълумотларни тақдим қилдим. У ушбу ҳолатларни ўрганиб чиқишга ваъда қилди”, деди С.Икромов.

С.Икромовнинг айтишича, унинг ташкилотига тергов жараёнида рўй бераётган тазйиқлар ҳақида ҳам мурожаатлар келмоқда. Ҳибсга олинганларнинг кўпчилиги аввалроқ диний экстремизмда айбланиб қамалганларнинг яқинлари экани маълум бўлаётир.

Баёнотда бу каби фикрларга “Ҳьюман райтс уотч” ташкилотининг Европа ва Осиё минтақаси бўйича раҳбари Рейчел Денбер ҳам алоҳида урғу бериб ўтган. Унинг таъкидлашича, Ўзбекистон ҳукумати бўлиб ўтган портлашларда аёллар иштирок этганидан мамлакатда муслималар фаолиятини чеклаш мақсадида фойдаланмоқда.

Ташкилот баёнотида келтирилишича, ҳибсга олишлар чоғида фуқаролар уйига тегишли ҳужжатларсиз бостириб кириш ва давлат нашриётларида чоп этилган диний-маърифий нашрлар, масалан, “Қуръон”ни мусодара қилиш ҳолатлари кузатилган.

Р.Денбернинг фикрича, ҳозирги вазиятда ҳуқуқ-тартибот ходимларига тўлиқ эркинлик берилган бўлиб, улар ўз вазифаларини суиистеъмол қилмоқда.
XS
SM
MD
LG