Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 15:54

Бекободликлар раисдан норози


Хоразм вилоятининг Урганч туманидаги Бекобод қишлоғи аҳли ўзларининг турмуши тобора ночорлашиб бораётганида “Истиқбол” ширкат хўжалиги бошқаруви раиси Мадиёр Авезовни айбламоқда.

Бу қишлоқда 9 мингга яқин киши истиқомат қилади. Қишлоқ фуқаролар йиғини раиси Нормат Худойбергановнинг билдиришича, 10 та маҳаллада 2253 оила яшайди.

Бекобод аҳолисининг асосий қисми ишсиз бўлиб, ночор кун кечиряпти. Фарҳод Эржонов ўз оиласининг иқтисодий аҳволи оғирлигидан нолийди.

“Боламнинг ўн икки бармоқли ичагида яра пайдо бўлган. Хотинимда ҳам уч-тўрт хилдаги касал бор. Даволашга қурбим етмайди”, дейди Ф.Эржонов.

Бу оила аъзолари ширкат хўжалигида 10 йилдан буён пудрат асосида меҳнат қиларди. Ф.Эржоновнинг айтишича, ўтган йили ширкат бошқаруви раиси Мадиёр Авезов пудратчилардан ерни тортиб олган.

М.Авезов 2003 йил 10 январь куни ширкат раислигига тайинланган. Хўжалик аҳли ҳар сафар раис алмашганда энди аҳволимиз ўнгланади, деб умид билдиради. Бироқ фуқаролар бу раис ҳам ўз умидларини оқламаганидан шикоят қиляпти.

Бекободликларнинг аксарияти томорқасидан олинадиган даромад ҳисобига кун кечиради. М.Авезов ўтган йили ўнлаб оилаларнинг томорқасини тортиб олиб, шўр ердан бошқа ер ажратиб берган. Томорқасига буғдой экиб, кун кўрган бу оилалар эндиликда шўр ерда нима экишни билмай боши қотган.

Қишлоқ фуқаролар йиғинидан олинган маълумотга кўра, ҳозир бекободликларнинг 500 дан ортиғи пул ишлаш мақсадида Россияга кетган. Қишлоқ аҳлининг айтишича, ширкатда ишлайдиганларга йиллар давомида ойлик маошлар тарқатилмайди. Яқинда вафот этган Оллоёр исмли кишининг дафн маросимини қишлоқ аҳли пул тўплаб ўтказган. Ваҳоланки, ширкатда марҳумнинг олинмаган 200 минг сўмча иш ҳақи қолган.

Раиснинг фермерларга ҳам тазйиқ ўтказаётгани ҳақида маълумотлар бор. Айнан шу ҳаракатлар туфайли “Аҳмаджон-Арслонбек” фермер хўжалиги ўз фаолиятини тўхтатишга мажбур бўлган. Собиқ фермер Шерзод Қурбоновнинг айтишича, у ўтган йилнинг май ойида фермер хўжалиги ташкил этгандан бошлаб, раис гоҳида сув насосини тортиб олган, гоҳ экин суғоришга сув бермаган.

Қишлоқ аҳлининг сўзларига қараганда, улар раис томонидан содир этилган кўплаб қонунбузарликлар ҳақида турли ташкилотларга шикоят қилган. Бироқ текширувчилар раисни эмас, шикоятчиларни текшириб кетган.

“Қишлоқ хўжалигида ишлатиладиган кимёвий моддаларни, буғдойни сотаётган вақтда раисни неча марталаб коррупцияга қарши кураш ходимлари, прокуратура ва милиция органлари вакиллари тутиб олган. Лекин бирор марта чора кўрилгани йўқ. Ҳеч ким унинг пишагини пишт демайди. Биз бундай раисдан норозимиз”, дейди бекободликлар.

М.Авезов эса “Озодлик” мухбири билан суҳбатда бир неча туҳматчиларнинг шикояти юзасидан ўзини жуда кўп марта текширишгани, лекин ҳеч бир даъво тасдиқланмаганини маълум қилди.
XS
SM
MD
LG