Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 20:06

Россия нима учун Қирғизистонга беғараз ҳарбий ёрдам кўрсатяпти?


Эшиттиришимиз Қирғизистонга оид лавҳа билан давом этади. Кузатувчиларнинг айтишларича, Марказий Осиё давлатларида ўз салоҳиятини сақлаб қолиш учун АҚШ ҳам, Россия ҳам анча ҳаракат қилмоқда. Афғонистондаги терроризмга қарши уруш сабаби билан АҚШ нинг ҳарбий базалари Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистонда ташкил этилди. Лекин Тожикистон билан Қирғизистонда Россиянинг ҳам ҳарбий базалари бор. Куни кеча Россия ҳукумати Қирғизистонга катта маблағдаги қурол-аслаҳани беғараз ёрдам сифатида берди. Бу нима дегани? Қирғизистон, узоқдаги қуйруқдан яқиндаги ўпка яхши деганларидек, Россияга интиляптими? Ёки яхши бузоқ иккита сигирни эмади, деган мақолнинг ҳаётий исботими бу? Ҳамкасбим Садриддин тайёрлаган лавҳа ана шу ҳақда.

Қирғизистондаги Манас аэропорти яқинида ҳозир АҚШ нинг ҳарбий авиабазаси, Кант шаҳарчасида эса Россиянинг ҳарбий базаси жойлашган. Уларнинг биринчиси , Афғонистондаги аксилтеррор ҳаракатларига қарши курашиш мақсадида ташкил қилинган эди. Иккинчиси эса, МДҲ нинг коллектив хавфсизлик шартномаси яратилган бўлиб, у ерда асосан россиялик ҳарбий аскарлар хизмат қилишади. Кузатувчилар, бошқа Марказий Осиё давлатлари сингари Қирғизистонда ҳам ҳарбий салоҳиятини сақлаб қолиш учун Россия ва АҚШ ўртасида пинҳона рақобат бораётгани ҳақида гапиришмоқда. Бу ҳақда сал кейинроқ. Ҳозир эса, куни-кеча Россиянинг Қирғизистонга кўрсатган беғараз ҳарбий ёрдами ҳақида тўхталмоқчимиз.

Россия, Қирғизистон Мудофаа вазирлиги учун қурол-аслаҳа ва ҳарбий анжомлардан таркиб топган беғараз ёрдам жўнатиш иккинчи босқичини амалга оширди. Бу ёрдам махсус ўқ отар қуроллар, ҳарбий кийим-кечак ва радиоалоқа асбобларидан иборат. Уч миллион доллар миқдорида баҳоланаётган бу ёрдам, Россия Президенти Владимир Путин қарори билан “Росмудофааэкспорт” ташкилоти ҳисобидан берилди.

Хўш, Қирғизистон армияси бу ёрдамга қанчалик эҳтиёж сезарди? Мутахассисларнинг айтишларича, Боткент воқеаларидан сўнг қирғиз армиясининг куч-қудрати ўз-ўзидан намоён бўлди. Чунки, аскарлар ихтиёрида бўлган ўқ отар қуроллар замонавий эмаслиги аниқ-равшан кўриниб қолди. Қирғизистон Мудофаа вазирлиги матбуот котиби Мирбек Қўйлибоев Озодлик радиоси қирғиз хизматига берган интервюсида шундай деди:

“Россиядан 1200 метр масофадаги нишонни ура оладиган мерганлик милтиқлари олинди. Бизнинг қуролли кучларимизда бундай милтиқ йўқ эди. Масалан , Боткент воқеаларида душман олис масофадан туриб, бизнинг аскарларимизни шунақа қуролдан нишонга олган эди. Ниҳоят, бизнинг аскарларимиз ҳам шундай замонавий қуролга эга бўлишди.”

Қирғизистон ҳукуматининг мудофаа сиёсатига кузатувчилар ҳар хил баҳо беришмоқда. Қирғизистон Жўғорғи Кенгаши депутати Адахон Мадумаровнинг айтишича, қирғиз ҳукумати ўз ҳарбий қудратини яхшилаш учун, аввало ким билан бирлашиш мумкинлиги ҳақида ўйлаб кўриши керак. Журналист Султон Жумағулов эса Озодлик радиосининг қирғиз хизматига берган интервюсида бу ҳақда мулоҳаза билдирди:

“Қирғизистон НАТО билан ҳамкорлик қилаёган Марказий Осиё давлатларидан бири. НАТОнинг кўлами кенгайиб боряпти. Масалан, Болтиқбўйи давлатлари бу ташкилотнинг а’зоси бўлди. Ҳозир Украина ҳаракат қиляпти. Ўзи шунақа бўлади. Қайси ташкилот кучли бўлса, ҳамма ўшанга қараб интилади.”

Қирғизистон НАТО билан 1992 йилдан бери алоқа қилиб келмоқда ва бу ташкилотдан бир қанча ёрдамлар олди. Масалан, қирғизистонлик аскарларни ўқитишда НАТО ҳарбий мутахассислари кўмагидан фойдалилаяпти. Айни пайтда, НАТО билан эмас, балки Россия билан ҳамкорликни қўллаётган депутатлар ҳам бор. Улардан бири, парламент депутати Абдусамад Масалиев фикрича, Кантга Россия ҳарбий базасининг жойлашгани жуда тўғри бўлган:

“Россия билан ҳам, Америка билан ҳам яқинмиз. Биргаликда кўп масаларни ҳал қиламиз. Бу ҳақда бирор бир қарама-қаршилик бўлиши мумкин эмас. Бироқ келажакда биз Россия билан бўлишимиз керак,” - дейди Абдусамад Масалиев.

Мутахассислар фикрича, ҳозир қирғиз армияси оғир кунларни бошдан кечирмоқда. Лекин шунга қарамай, у ўзининг ҳарбий қудратини ошириш учун ҳаракат қиляпти. Қирғизистон Президенти ма’мурияти вакили Пўлатжон Узоқовнинг айтишича, ким билан алоқа қилинишидан қат’ий назар, энг асосий мақсад армиянинг қудратини ошириш ва мамлакатда барқарорликни сақлаб қолишдир.

Қирғизистон собиқ Ташқи Ишлар Вазири Муродбек Имоналиев фикрича, ҳозир энг муҳими армияни ривожлантиришдир. Қайси мамлакат билан ҳамкорлик қилиш иккинчи масала:

“Зобитлар таркиби кучли бўлган армияга зарурат бор. Чунки зобитлар таркибини шакллантирмасдан туриб, армия тузиб бўлмайди. Ахир русларнинг: “Ўз армиясини боқолмаган халқ, чет эл армиясини боқади”,-деган мақоли бор-ку”

Олинган кейинги ма’лумотга кўра, Қирғизистонда Россия “Росмудофааэкспорт” ташкилотининг ваколатхонаси очилди. У Россия ва Қирғизистон ҳарбий идоралари ўртасидаги шартномаларнинг бажарилишини назорат қилиб туради.
XS
SM
MD
LG