Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 15:46

Ироқ: Фаллужани ким назорат қилади?


Кейинги кунларда АҚШ ва Британия ҳарбийлари томонидан ироқлик маҳбусларнинг хўрлангани тўғрисидаги маълумотлар Ғарбда ҳам, Яқин Шарқда ҳам бирдай ғазаб қўзғагани тўғрисида кўп гапирилди. Сўнгги маълумотларга қараганда, АҚШ Президенти Жорж Буш Пентагон расмийларига мазкур инцидент юзасидан текширув ўтказиш тўғрисида топшириқ берган.

Президент Буш маҳбусларни хўрлаганлар жазоланишини назорат қилишни шахсан Мудофаа вазири Доналд Рамсфелднинг ўзига топширди. Пентагондан олинган хабарларга қараганда,
6 нафар аскарга нисбатан жиноий иш қўзғатилган, 6 зобитга эса қўмондонлик томонидан жазо чораси белгиланган.

Гап Ироқдаги вазият тўғрисида борар экан, Фаллужа шаҳридаги аҳволга ҳам тўхташга тўғри келади. Бу шаҳарда бир неча ҳафта давом этган қонли тўқнашувлардан кейин америкалик ҳарбийлар ўтган ҳафтанинг ўртасида шаҳар атрофини тарк этганидан кейин, жума куни кечқурун шаҳарга генерал Ясим Муҳаммад Солиҳ қўмондонлиги остидаги жангчилар кирган эди. Бироқ, Фаллужа шаҳри хавфсизлигини таъминлаш Саддам Ҳусайн режимининг олий лавозимли ҳарбий амалдорларидан бирига топширилгани бу ердаги вазиятни изга тушириши мумкинлигига АҚШ ҳарбий раҳбарияти якшанба куни шубҳа билдирган эди.

Бугун етиб келган хабарга қараганда, Фаллужа шаҳри хавфсизлигини таъминловчи маҳаллий кучларга бундан буён генерал Муҳаммад Латиф етакчилик қилиши мумкин. Америка ҳарбийларидан олинган маълумотларга кўра, генерал Солиҳни генерал Латифга алмаштириш эҳтимоли, унинг, яъни Латифнинг Саддам Ҳусайнга мухолиф бўлганлиги билан изоҳланади. Генерал Латифнинг ўзи бугун Фаллужада журналистлар билан учрашуви чоғида шундай деган:

"Фаллужаликлар ўз уламоларининг тўрт америкалик аскарнинг жасади хўрланганини қоралаганларидан фахрланишлари керак, чунки жасадни хўрлаш Исломда ҳаром қилинган. Фаллужаликлар ўша машъум амалга қўл урганларни ўзларидан эмас, деб билади".

Шу кунда Ироқдаги вазиятни диққат билан кузатиб турган таҳлилчилар Фаллужа шаҳри хавфсизлигини таъминловчи кучлар қўмондонлигидаги бу ўзгаришни кенг муҳокама қилаяптилар.

Олинган маълумотларга қараганда, сунний мусулмонлар истиқомат қиладиган Фаллужада сўнгги кеча-кундузда вазият барқарорлиги сақланиб турибди. Бироқ, шиаларнинг Нажаф ва Карбало шаҳарларида коалиция кучлари билан Муктадо ас-Садр отрядлари ўртасидаги отишмалар 4 май куни ҳам давом этди.
XS
SM
MD
LG