Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 21:41

Ироқда ҳарбийларни ким бошқаради?


Ироқда ҳокимиятни ироқликларнинг ўзига, аниқроғи, мамлакатнинг Ўтиш даври ҳукуматига топшириш муддати яқинлашгани сайин, янги ҳукуматнинг ваколатлари доираси тўғрисидаги баҳс-мунозаралар тобора авж олмоқда. Бу соҳада шу кунларда тилга олинаётган масалалардан бири мамлакатдаги коалиция қўшинларига 30 июндан сўнг ким қўмондонлик қилади, деган масаладир.

Бу масала бўйича Лондон ва Вашингтоннинг позициялари орасида фарқ борлиги Британия Бош вазири Тони Блэр ва АҚШ Давлат Котиби Колин Пауэлларнинг 25 май куни, Ироқни Ўтиш даври ҳукуматига топшириш бўйича БМТ резолюциясининг АҚШ еткчилигида тайёрланган лойиҳаси муносабати билан ўтказилган матбуот анжуманида қилинган баёнотларидан билиниб қолди.

Британия Бош Вазири Тони Блэрнинг билдиришича, у халқаро хавфсизлик кучларини назорат қилиш ҳуқуқи Ироқнинг Ўтиш даври ҳукуматига берилиши керак, деб ҳисоблайди. Унинг фикрича, хавфсизлик кучлари ҳаракатлари Ўтиш даври ҳукумати билан мувофиқлаштирилиши лозим. Фаллужа шаҳри атрофидаги тўқнашувларга тўхталар экан, Блэр, бундан буён бундай операциялар фақат Ўтиш даври ҳукумати билан келишилган ҳолда, унинг розилиги билан амалга оширилиши керак, деди.

Вашингтон позициясини Колин Пауэлл билдирди. АҚШ Давлат Котибининг баёнотига қараганда, Вашингтон Ироқдаги коалиция кучлари устидан қўмондонлик ҳуқуқини ўзида сақлаб қолмоқчи. У жумладан шундай деди:"Агар Америка қўшинларининг бевосита ўзини ўзи ҳимоя қилишига ёки уларнинг ҳарбий вазифаларига дахлдор масалалар бўлса, Ироқ Ўтиш даври ҳукумати рози бўлмаган тақдирда ҳам, қўшинлар Америка қўмондонлиги остида бўлади ва барча зарурий чоралар кўрилади".

Лондон ва Вашингтон позициялари орасидаги бундай фарқ нимадан далолат? Бу - Ироқ масаласи бўйича энг яқин ҳамкор бўлган икки давлат ўртасида келишмовчилик пайдо бўлди, дегани эмасми?

25 май кунги баёнотлардан сўнг пайдо бўлиши табиий бўлган бу саволларга Британия Бош Вазири Тони Блэрнинг ўзи 26 май куни Британия парламентида қилган чиқиши чоғида жавоб бергандай бўлди. Парламент аъзолари ҳузурида чиқиш қилар экан, Блэр ўзи билан АҚШ Президенти Жорж Буш ўртасида Ироқдаги халқаро ҳарбий контингентнинг 30 июндан кейин, яъни ҳокимият янги ҳукумат қўлига ўтганидан кейин кимга бўйсуниши лозимлиги масаласида келишмовчилик йўқ эканлигини таъкидлаб ўтди ва жумладан шундай деди:"Биз Ироқда ҳокимият тўлалигича Ироқ халқига ўтказиб берилиши ҳамда мамлакатдаги халқаро кучлар АҚШ қўмондонлиги остида қолиши лозим, деган фикрда якдилмиз. Бу табиийдир, чунки унинг таркибида америкалик ҳарбийлар кўпчиликни ташкил қилади".

Бироқ, шу билан бирга, хорижий қўшинлар ҳаракати устидан СИЁСИЙ назоратни Ироқ Ўтиш даври ҳокимияти амалга оширади, деб қўшиб қўйди Тони Блэр.
XS
SM
MD
LG