Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 10:23

Риштонлик ўқувчилар ғўзага қўл билан заҳарли дори сепмоқда


Фарғона вилоятининг Риштон туманида мактаб ўқувчилари мажбуран дала ишларига жалб этилиб, улар ғўза ниҳолларига заҳарли кимёвий моддалар сепишда иштирок этмоқда.

Тумандаги Салоҳиддин Ражабов номидаги ширкат хўжалигида истиқомат қилувчи 8-синф ўқувчиси Нигоранинг сўзларига қараганда, ўқувчилар ғўза экилган далаларда плёнка термоқда. Шу билан бирга, бир бочкага беш пақир сув, қандайдир сариқ модда ва селитра қўшиб тайёрланган суюқликни пластмасса идишларга қуйиб, ғўза ниҳолларига сепиб чиқяпти. Ушбу суюқлик жуда сассиқ ҳидга эга бўлиб, уни сепишда иштирок этган ўқувчиларнинг қўллари оқариб кетган. Пластмасса идишларга бевосита суюқлик қуйиб берганларнинг қўллари куйганга ўхшаб, тери ташлаб қолган.

Ўқитувчиларнинг айтишича, болаларни далага олиб чиқишга мактаб директорлари кўрсатма беради. Мактаб директорларига эса, ўз навбатида, туман ҳокимлари ва хўжалик раҳбарлари буйруқ беради.

Ширкат хўжалиги агрономи Неъматжон Қўчқоровнинг билдиришича, ўқувчилар ғўза ниҳолларига сепаётган препарат олтингугуртнинг кучи камайтирилган аралашмасидир.

Мутахассисларнинг фикрича, олтингугуртли дориларни умуман яланғоч қўл билан ушлаш мумкин эмас. Бундай дорилар билан фақат катта ёшли кишилар ҳимоя воситаларидан фойдаланган ҳолда ишлашига рухсат этилади.

Риштон тумани Оқ йўл қишлоғилик Қаюмжон Мамадалиевнинг сўзларига қараганда, мактаб ўқувчиларининг асосий вақти далада ўтмоқда. Шунинг учун уларни колхозчи, деб атаса ҳам бўлади. Ҳозирги кунда тракторларга ёнилғи етишмаётгани сабабли далага заҳарли препаратлар сепиш ҳам ўқувчиларнинг зиммасига юкланган.

Риштон тумани ҳокимининг биринчи ўринбосари Муҳиддин Дадабоевнинг айтишича, ўқувчилар заҳарли дорилар сепишда иштирок этаётганидан унинг хабари йўқ. Ҳокимлик бундай ишларга ўқувчиларни жалб этишга кўрсатма бермаган бўлиши мумкин.
XS
SM
MD
LG