Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 23:12

Ироқ бўйича резолюция лойиҳаси овозга қўйилади


БМТ Хавфсизлик Кенгаши Ироқда ҳокимиятни мамлакатнинг Ўтиш даври ҳукуматига шу йилнинг 30 июнида ўтказиб бериш тўғрисидаги резолюцияни яна бир неча соатдан кейин (Ню-Йорк вақти билан 8 июн, тушдан кейин, Тошкент вақти билан 9 июнга ўтар кечаси) қабул қилиши кутилмоқда.

Ҳасанжон: Хавфсизлик Кенгашига аъзо давлатлар вакилларининг билдиришича, резолюция лойиҳасининг энг сўнгги вариантида Ироқ Ўтиш даври ҳукуматига мамлакат хавфсизлигини назорат қилиш бўйича кенг ваколатлар берилиши назарда тутилган.

Сарвар Усмон: Ироқда ҳокимиятни мамлакатнинг Ўтиш даври ҳукуматига ўтказиб бериш юзасидан қабул қилинажак резолюция лойиҳасининг аввалги вариантлари бўйича БМТ Хавфсизлик Кенгаши аъзолари ўз эътирозларини билдиргандилар. Овозга қўйилиши кутилаётган лойиҳа унинг тўртинчи вариантидир.

- Сўнгги лойиҳанинг аввалгиларидан фарқи нимада?

- Овозга қўйилиши кутилаётган лойиҳада, масалан, Ироқда жойлаштирилган АҚШ етакчилигидаги ҳарбий контингентга ким раҳбарлик қилади, деган масала бўйича муҳим ўзгартиш киритилган. Яъни, ҳарбий контингентни унинг қўмондонлиги Ўтиш даври ҳукумати билан келишган ҳолда бошқаради, дейилган.
Резолюциянинг аввалги лойиҳаларида бу ҳуқуқ қўмондонликнинг ўзигагина берилиши назарда тутилган эди.

- Тингловчиларимиз Ироқ Ўтиш даври ҳукумати лидери ҳам тайинлаб бўлинганлигини билишади. Ироқликларнинг бу масаладаги, умуман, халқаро кучларнинг мамлакатда қолиши бўйича позицияси қандай?

- Ҳокимиятни 30 июн куни қабул қилиб олажак ҳукумат лидерлари халқаро кучлар Ироқда қолиб туриши керак, деб таъкидламоқдалар. Уларнинг фикрича, бу омил келаси йилнинг январида ўтказилиши режалаштирилган умумхалқ сайловлари олдидан мамлакатда барқарорликни таъминлаш учун зарурдир.

Резолюциянинг овозга қўйилиши кутилаётган сўнгги лойиҳасида халқаро кучларнинг Ироқда бўлишига 2006 йилнинг январигача, яъни умумхалқ сайловлари орқали доимий ҳукумат тузилгунича рухсат берилиши назарда тутилган.
- Сиз билан резолюция лойиҳасининг овозга қўйилиши арафасида гаплашаяпмиз. Натижа қандай бўлиши мумкин? Резолюция қабул қилинадими?

- Масаланинг бундай қўйилишига етарли асослар бор, чунки, резолюциянинг бояроқ айтганимиздай, аввалги 3 та лойиҳаси Хавфсизлик Кенгаши аъзоларининг танқидларига учраган эди ва шунинг учун ҳам, сўнгги, тўртинчи лойиҳа ишлаб чиқилди.

Қабул қилинадими, деган масалага келсак, афтидан, қабул қилинади. Ҳар қалай, Кенгашга аъзо давлатлар вакиллари лойиҳа тўғрисида ижобий фикрлар билдирганлар. Масалан, Германиянинг БМТдаги вакили Гюнтер Плейжер янги лойиҳани 7 июн куни кечқурун "жуда яхши матн", деб баҳолади.

Франция Ташқи Ишлар вазири Мишел Барнье ҳам резолюция лойиҳаси учун овоз беришга тайёр эканлигини билдирди.

Хавфсизлик Кенгашининг яна бир аъзоси – Россия ҳам Президент Путин тимсолида резолюция лойиҳасини олқишлади. Демак, бу мамлакат вакилининг ҳам резолюция қабул қилиниши учун овоз бериши кутилаяпти.

Хуллас, БМТ Хавфсизлик Кенгаши аъзолари ироқликлар учун муҳим бўлган резолюция лойиҳаси учун овоз бериш арафасида турибди.

БМТнинг Ироқдаги махсус вакили Лаҳдар Браҳимий ироқликлар ўз келажакларини ўзлари белгилашлари, ҳаётларини ўнглаб олишлари учун учун имконият пайдо бўлаётганлигини таъкидлаб шундай деди:
"Ироқликлар ўзларини синаш учун бир имкониятни қўлга киритаётганга ўхшайди. Бу имконият сароб эмас, реал имкониятдир. Олдинда турган кунлар, ҳафталар янги ҳукумат учун синов даври бўлади. Бироқ, ироқликлар олдида турган муаммолар ечими учун ойлар эмас, балки йиллар керак бўлиши мумкин".
XS
SM
MD
LG