Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 18:29

“Голден телеком” Ўзбекистон бозорида


Маълумотларга қараганда, Россиянинг “Голден телеком” компанияси Ўзбекистондаги “Buzton” телефон компанияси акцияларининг назорат пакетини сотиб олган.

Куни-кеча “Голден телеком” компанияси “Buzton”нинг 54 фоиз акциясини 2 миллион 800 минг долларга сотиб олди.

“Голден телеком” компанияси вице президенти Олег Маливнинг таъкидлашича, компания “Buzton” билан акцияларни сотиб олиш бўйича анча вақт музокара олиб борган. Айни пайтда Ўзбекистон “Голден телеком”да телекоммуникация соҳасидаги стратегик инвестор сифатида қизиқиш уйғотади. Бу борада Қозоғистон билан қилинган ҳамкорлик Осиёга инвестиция киритиш фойдали эканини кўрсатган.

О.Маливнинг сўзларига қараганда, “Голден телеком” “Buzton”ни ривожлантириш учун сармоя киритиш мажбуриятини олган. У эса, энг аввало, мижозларга янада яхшироқ хизмат кўрсатиш имкониятини яратади. Шунингдек, алоқа ва юқори суръатли Интернетни ривожлантириш бўйича ҳам иш олиб борилади.

О.Малив ўз компанияси Ўзбекистон бозорига кириб келгач, бу ерда ишлашга халақит берувчи жиддий хатарни кўрмаётганини билдирди.

Ўзбекистон ҳукуматига қарашли бўлган “Ўзбектелеком” компанияси рақамли телефон хизмати кўрсатиш бўйича “Голден телеком”га ҳақиқий рақобатчи бўла оладиган компания ҳисобланади. Чунки сўнгги йилларда “Ўзбектелеком”нинг ҳам фаолият доираси кенгайди, техникавий имкониятлари ошди. Компания раҳбари ўринбосари Эргаш Аллаевнинг билдиришича, “Ўзбектелеком” асбоб-ускуналарининг 40 фоизи замонавийларига алмаштирилган. Вилоятларда ҳам босқичма-босқич янги станциялар ўрнатилмоқда.

Э.Аллаевнинг фикрича, “Голден телеком”нинг Ўзбекистон бозорига кириб келиши рақобатни ривожлантиришга, алоқа хизмати сифати яхшиланиши ва нархлар тушишига олиб келади.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, “Голден телеком” МДҲ телекоммуникация бозорининг катта қисмини эгаллашга ҳаракат қилмоқда. 1996 йилда компания Украинада ҳам иш бошлаганди. 1999 йилда эса Қозоғистонга кириб келди. Энди Ўзбекистонда ҳам фаолият кўрсатади. Гарчи бу компания кўрсатадиган хизматлар баҳоси бошқа компанияларникидан қимматроқ бўлса-да, унинг алоқа хизмати сифати анча яхши.

Маълумотларга қараганда, “Buzton” компанияси Ўзбекистонда 1995 йилда иш бошлаган. Ўша вақтгача мамлакатда фақат давлат тасарруфидаги “Ўзбектелеком” алоқа хизмати кўрсатиш корхонаси мавжуд эди. “Buzton” Ўзбекистон-АҚШ қўшма корхонаси бўлиб, компаниянинг 43,5 фоиз акцияси “Ўзбектелеком”га қарашлидир.
XS
SM
MD
LG